Топқир Штимац башоратига қаранг...

Топқир Штимац башоратига қаранг...

Айни пайт Ҳиндистон миллий жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаётган таниқли собиқ футболчи Игор Штимац яна кенг доирада ном қозонди.

Йўқ, у ҳиндларни қандайдир эътиборли натижа сари бошлагани йўқ, шунчаки, ЖЧ-2022га доир башорати билан барчани ҳайратга солди. Тўғриси, бунга ишониш ҳам қийин. Ахир Хорватия миллий жамоа­си собиқ ҳимоячиси Қатарда ярим финалга чиққан 4та жамоани олдиндан тўғри айтган экан...

Биласиз, Қатар-2022 мундиали катта сенсациялари билан ажралиб турди. Дейлик, Марокаш миллий жамоасининг ярим финалчилар гуруҳига қўшилишини ҳеч ким кутмаганди. Йўқ, айримлар кутишган экан бундай натижани. Нафақат Марокашда, балки бошқа жойларда ҳам! Жумладан, ҳозирда Ҳиндистон миллий жамоасини шуғуллантираётган Игор Штимац мусобақа гуруҳ босқичи давом этаётган пайт маҳаллий телеканаллардан бирининг шоу-кўрсатувида меҳмон бўлган ва Аргентина, Франция, Марокаш ҳамда албатта, Хорватия миллий жамоалари ярим финалга чиқишини башорат қилган экан. Қаранг, нуқтасигача тўғри чиққан башорат!

Дарвоқе, ўша шоу кўрсатувида Штимацнинг бир ўзи эмас, жаҳон футболида ном қозонган собиқ футболчилар - Сол Кэмпбелл (Англия), Робер Пирес (Франция), Луиш Фигу (Португалия) ва Уэйн Руни (Англия) ҳам меҳмон бўлишган. Бироқ улар башорат бобида Штимац «қўзғатган чанг» остида қолиб кетишди. Яъни ҳаттоки, 2та ярим финалчини ҳам топа олишмади. Мана, натижалар билан ўзингиз танишиб, хулоса чиқаришингиз мумкин: 

Игор Штимац (Хорватия) - 100 фоиз аниқ (4тадан 4та)

Уэйн Руни (Англия) - 25 фоиз аниқ (4тадан 1та)

Луиш Фигу (Португалия) - 25 фоиз аниқ (4тадан 1та)

Робер Пирес (Франция) - 25 фоиз аниқ (4тадан 1та)

Сол Кэмпбелл (Англия) - 25 фоиз аниқ (4тадан 1та)