Найлайким, иложим йўқ - ҳар гўшада йиғларман, Тор ўлди Хазинийга Фарғона тонг отгунча.
Тасаввуф шеъриятининг ардоқли вакили Хўжаназар Ҳувайдо томонидан ёзилган ва таниқли ҳофиз Таваккал Қодиров юксак маҳорат билан куйлаган «Фарғона тонг отгунча» номли ғазал моҳиятида чорасизлик оловида куйиб кулга айланган, ҳасрат алангасида жизғанак бўлган қалб, халқ дард-у фиғони мужассам. То ҳануз ул ўлмас байт бағрида яширин миқёссиз нолани таърифлашга тил ожиз. Ўзбекистон кубогининг Фарғонада бўлиб ўтган финалидан сўнг «Навбаҳор» раҳбарияти ва мухлисларига нигоҳ ташлаб, Хазиний домланинг муборак хотирасини ёдга олдик. Севимли жамоаси ғалабасига ишонган, мағлубиятни қабул қилишга қийналиб, юраги ўртанган мухлис ҳам Таваккал Қодировнинг нолавор ва ҳазин қўшиғини бемисл изтироб билан беихтиёр куйлаб юборган бўлса, не ажаб?!
Сергей Лушан шу қадар устамон мураббий эканки, «Навбаҳор» мезбон сифатида «Насаф» ва «Сўғдиёна»га ютқазгач, мағлубиятни «лочинлар» бор эътиборни кубок финалига қаратишгани билан изоҳлади. Қизиқ, агар «Насаф» ва «Сўғдиёна»га қарши жон фидо қилиб ўйнаганида, Фарғона финалида «Навбаҳор»нинг ҳоли не кечарди?! Яхшики, жамоа Суперлига ўйинларида ютқазиб бўлса ҳам, кубок финалига жиддийроқ тайёрланиб олгани. Акс ҳолда, йирик ҳисобда енгилиб, мухлислар ва мутасаддиларни янада ёмонроқ шарманда қилар экан-да?! Кимлардир аксинча бўлиши мумкинлигини айтишмоқда, яъни жамоа Суперлига баҳсларида зафар қучганида, ўйин тонусини ушлаб, Фарғонада «Андижон»га ҳеч бир имкон қолдирмасди. Эҳтимол, шундайдир. Изтироб онлари мухлисларни бу каби ўй-хаёллар қийнайверади, безовта қилаверади. Зеро, улар кубок финалидаги ғалаба учун қурбон қилинган Суперлига ўйинларини бир амаллаб унутишган, 5 октябрь оқшоми «Истиқлол»да борки ғуборлардан қутулишни ўйлашганди.
Таъкидлаш жоиз, Фарғона финали «лочинлар» раҳбарияти томонидан 3 йилдан буён алоҳида эътибор қаратилаётган улкан лойиҳанинг мантиқий якуни ҳисобланарди. Кубокнинг қўлга киритилишигина ушбу лойиҳани бир қадар оқларди. Оддий айтганда, ғалаба «Навбаҳор» мутасаддиларини ҳам, мухлисларини ҳам бироз тинчлантирарди, улар кубок билан овуниб, жиндек енгил тортишарди. Аммо улуғвор мақсадларни кўзлаган лойиҳа аламли мағлубият билан якунланди. Ўзи Суперлига турнир жадвалида пешқадамликни бой бериб, аста-секин ўрта поғонага шўнғиган «лочинлар»нинг мағлубиятлари мухлислар юрак-бағрини ўртаб юбораётган ва кубок финалидаги ғалаба хаёлигина уларни тинчлантириб турганди. Шу хаёл ҳам пуч бўлиб чиқди, бўшлиққа учди. «Навбаҳор» мухлислари қалбига қоронғулик чўкди...
Хўш, йирик миқдордаги сармоя сарфланган, минг-минглаб мухлисларни чемпионлик орзуси билан тўйинтирган ва амалга ошмаган лойиҳа инқирози учун кимдан масъулият сўралади? Ёш мухлиснинг кўзларидан оққан шашқатор ёшлар, 2:0 ҳисобидаги ғалабага ишониб, пенсиясидан «Навбаҳор» учун суюнчи ажратган қариянинг поймол бўлган қатъияти учун бош эгиб узр сўраш, жўяли жавоб қайтариш кимнинг зиммасида? Бу саволларга очиқ-ойдин жавоб қайтарадиган одам топиладими? Қўпол оҳангда айтганда, мухлислар юксак ишончига беписандларча қараш, туфлаш қанақасига «Навбаҳор» иқлимига ўрнашиб олди? Очиғи, Сергей Лушан жамоа мухлисларини сурбетларча алдади ва финалдан кейинги матбуот анжуманида ҳам ҳеч бир хижолат тортмай, жамоа ўйинидан 99 фоиз қониққанини таъкидлади. Мухлислар наздида «Навбаҳор» ўз майдонидаги мағлубиятлардан кейин Фарғонадаги «Истиқлол» стадионини ёндириб ташлаши керак эди ҳужумлар билан. Ҳолбуки, жамоа ўйиннинг биринчи бўлимида ғоят эҳтиёткор футболга таянди ва кубок финалига шайланиш йўлида икки ўйинни қурбон қилганини ҳам унутиб қўйди.
«Навбаҳор»нинг «Андижон»га нисбатан яхшироқ ўйнагани ҳақидаги фикрлар бизни ҳаддан зиёд ажаблантирди, тўғриси. Шундай хулосани айтишга уялмаётган мутасаддилар, мухлислар учрашувнинг асосий вақти якунида рўй берган воқеаларни кўришдими, кузатишдими? Ҳисоб 1:1 бўлиб турган паллада «Навбаҳор» гўё «Андижон» қачон гол уришини сабр билан кутди. Рақиб бемалол ҳужум уюштириши учун ҳудудларни очиб берди. Фақат «бургутлар» гол уришни уддалашолмади. Аслида шундай! Жамоа мухлислари биздан ранжишмасин, зеро, «Андижон» бежиз Суперлига турнир жадвали қуйи қисмида жойлашмаган. Александр Бубанья, Бектемир Абдумманнонов, Фарҳод Соҳибжонов, Муҳаммадкарим Тоиров, Ислом Маматказин каби футболчиларнинг кубок финалидаги ҳаракатларини кўриб эса, киши беихтиёр ҳайратини яширолмади: «Шедевр». Ваҳоланки, айни шу футболчилар Суперлига баҳсларида ўзларини кўрсатишолмаяпти, рақиблар ҳимоясини ёриб ўтишолмаяпти. «Навбаҳор»га қарши кечган кубок финалида эса улар бирданига юксак маҳорат соҳиблари сифатида кўзга ташланишди. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Бу чинакам воқеликми? Йўқ, барчасига «Навбаҳор» сабаб!
«Лочинлар»нинг ташқаридан қараганда, сезилмайдиган, кўз илғамас марҳаматлари туфайли «бургутлар» майдонда эмин-эркин жавлон уришди. Александр Бубаньянинг сўнгги лаҳзада урган голини эсланг! «Навбаҳор» футболчилари ўша вазиятда гўё «Биз четга чиқиб турамиз!, Унутма, бу сўнгги дақиқа!, Ғалаба голини ур!, Уролмасанг, пенальтилар сериясида аяб ўтирмаймиз!» - дегандек бўлишди унга. Бурчак зарбаси «Андижон»нинг асосий қуроли эканини била туриб, шунга шароит яратган, Бубаньяга халақит бермаган ва томошабин ролини бажарган футболчилар хаёлини яна қандай ифодалаш мумкин?! Тушуниб турибмиз, мазкур мулоҳазалар «лочинлар» учун адолатсизлик, ноҳақликдек туюлади. Уларнинг айримлари финалдан кейинги кўз ёшларни, 2та гол уриш жараёнидаги саъй-ҳаракатларни эслатишлари турган гап. Аммо билиб қўйишсинки, «Навбаҳор» мухлисларини энди бундай изоҳ-таваллолар қониқтирмайди. Зукко мухлис «Андижон» нима сабабдан Суперлигада вазиятлардан унумли фойдаланолмаётгани ва «Навбаҳор»га қарши ўйинда бу борада бирданига қиролга айланганини фарқлай билади.
Мўмай маош билан сийланган футболчилар ўзларидаги мавжуд маҳорат ва энергияни охиригача сарфлашмагани ва айнан шунинг учун жамоа мағлубиятга учраганини қандай изоҳлашади, мухлислар кўзларига қандай қарашади? «Навбаҳор»нинг чемпионлик лойиҳаси таназзулга учраганини тушуниб турган, бу борада ярим айбни ўз зиммаларига олишлари лозим бўлган аксарият футболчилар мавсум якунлангач, жамоадан кетишади катта эҳтимол. Айримлар етакчи футболчиларда мотивация йўқлигини шу жиҳат билан боғлашмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам, шундай бўлса, улар профессионал сифатида тилга олишга арзимайдилар. Чинакам профессионал кетар олдидан жамоа манглайига зафар туғини қадаб қўяди!
Мулоҳазаларимиз якунида «Андижон»ни кубок финалидаги, бразилиялик футзалчиларни эса юртимизда катта тантана ўлароқ ўтказилган мундиалнинг якуний баҳсидаги ғалаба билан самимий қутлаймиз. Андижон вилояти ҳокими кийган қизил рангли кўйлак энергияси ўша оқшом трибуналардаги барча қизил либосларга кўчди. Шунинг учун ҳам «Андижон»нинг ғалабаси бирдамлик тантанаси сифатида таърифланишга муносиб! Катта футболда 5 карра чемпион сифатида довруғ таратган Бразилия футзалда 6-чемпионликни нишонлади. Ўйлаймизки, аргентиналик футзалчиларнинг охирги лаҳзаларга қадар қандай курашишганини «лочинлар» ҳам томоша қилишган ва икки финал, унга муносабатни таққослаб кўришган. Унутмайликки, қиёс ва таққос чоғи мухлис қалб кўзини очадиган, футболни уйғотадиган ҳақиқат туғилади! «Навбаҳор»нинг қўллаб-қувватлаш бобида тенгсиз мухлисларга сабр тилаймиз. Уларнинг ўринли талаблари клуб мутасаддиларини адолатли қарорлар сари чорлашига ишончимиз комил!
Муҳаммад ВАЛИ