«Тоттенхэм» мухлисларига тўрт ҳаракат билан жавоб

«Тоттенхэм» мухлисларига тўрт ҳаракат билан жавоб

«Лестер»нинг толмас тўпурари Жейми Варди АПЛга қайтишини гол билан нишонлади ва шунинг баробарида тўрт ҳаракат билан «Тоттенхэм» фанатларига кескин «салом» йўллади.

 Ўйин эса 1:1 ҳисобида якунланди. Лестер шаҳрида бўлган баҳсда ҳисобни «шпорлар» очишди, 37 ёшли ҳужумчи эса 57-дақиқада ҳисобни тенглаштириб, «тулкилар»га дастлабки очкони тақдим этган дуранг натижани таъминлади.

Ўйин якунига етиб бораётган паллада фахрий ҳужумчи трибуналардан луқма ташлаган «Тоттенхэм» мухлислари устидан кулиш имкониятини қўлдан чиқаришни хоҳламади. Жейми Варди аввалига кўрсаткич бармоғи билан АПЛ логотипини кўрсатди, кейин турнирда чемпионликка эришганини билдириш учун «1» рақамига ишора қилди. Якунда «Тоттенхэм» мухлисларига қўлини узатганча икки бармоғи ёрдамида «0» рақамини кўрсатди. Бунда ҳаммасси тушунарли: Варди АПЛда бир марта ғолиб чиққан, «Тоттенхэм» эса ҳали АПЛ тахтига кўтарилмаган. Тўғри, «шпорлар» Англия чемпионатида 2 марта ғолиб чиқишган, аммо АПЛ йўлга қўйилганидан олдин. 

Маълумот учун, Жейми Варди 2012 йилдан буён «Лестер» шарафини ҳимоя қилмоқда. «Тулкилар» 2016 йили сенсацион тарзда Англия чемпионига айланганларида, ҳужумчи бош қаҳрамонлардан бири бўлганди. Варди шунингдек, 2021 йили «Лестер» билан Англия кубок ва суперкубогини қўлга киритган. У голли серия бўйича АПЛ рекодчисидир - қаторасига 11та ўйинда рақиблар дарвозасига йўл топган. Қолаверса, Варди АПЛда 10 мавсум иштирок этган бўлса, уларнинг ҳар бирида гол урган.