2024 йилда спортга қарийб 2 триллион сўм ажратилмоқда...

2024 йилда спортга қарийб 2 триллион сўм ажратилмоқда...

Париж-2024 Олимпиадасидаги натижалар тарихимизда энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида, 2024 йил спортга қанча маблағ ажратилгани маълум қилинди.
«Жорий йилда спортга қарийб 2 триллион сўм ажратилмоқда. Шу боис спортни оммалаштириш бўйича тизим тўлиқ ва юқори самара билан ишлаши зарур. 
Ҳокимлар ўзи мусобақалар ташкил қилиб, янги иқтидорларни кашф қилишга етарли эътибор қаратмаяпти. Оқибатда, ҳудудларда яхши спортчилар четда қолиб кетаяпти», - деди президент.
Маҳаллаларни футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси каби спортнинг 12 та оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳар ойда маҳаллаларда оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Спорт вазирлигига ва ҳокимликларга йил давомида «сектор – туман – вилоят – республика» даражаларида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш топширилди.
«Спорт мактаблари – спорт коллежлари – спорт федерациялари – олий маҳорат мактаблари» занжири асосида доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш вазифаси қўйилди.
Июль-сентябрь ойларида Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу йилги ютуқларни Токио олимпиадасида каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри экани таъкидланди.
Бу йилги Олимпия ўйинларидаги натижалар тарихимизда энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш топширилди.
Спорт вазирлигига Париж-2024га тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз учун 15 та Олимпия ва Паралимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базаларида барча шароитларни яратиш топширилди.
Олимпия ва Паралимпия қўмиталари билан биргаликда уларни чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология жиҳатидан сифатли таъминлаш вазифаси қўйилди.
«Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди», - дея ёзилади Президент матбуот котибининг хабарида.