Узатмалар сони бир тийин...

Узатмалар сони бир тийин...

Япония миллий жамоа-си иродаси ва менталитетига тасанно!

«Самурайлар» ЖЧ-2022 гуруҳ босқичида қандай мустаҳкам саботга эга эканликларини борича кўрсата олишди. Ахир Испания ва Германия терма жамоалари билан бир гуруҳда ўйнаб, «плей-офф» босқичига 1-ўрин орқали сакрашнинг ўзи бўладими? Яна японлар ҳар икки фаворитни бир хил сценарий асосида мағлубиятга учратишди. Қойил!

Асосий фактга эътибор қаратинг: ЖЧ тарихида муайян ўйин вақти 700тадан кўп узатма амалга оширган ҳолда, якунда мағлубиятни тан олган атиги 2та жамоа бор. Булар - Луис Энрике тузган «қизил фурия» ва Ханс-Дитер Флик шакллантирган бундестим. Ҳа, Хашимэ Мориясу шогирдлари Қатар мундиали гуруҳ раундида «Тўп назорати ва узатмалар - ғалаба гарови» қабилидаги тушунчага қарши чиройли зарба беришди. 

Японларга қарши ўйинда ҳар икки рақиб узатмалар сонини 700тадан оширгани ҳам майли, испанлар тўп назорати бўйича 82 фоизлик натижа қайд этган бўлсалар, немисларда бу кўрсаткич 74 фоизни ташкил қилди.  Япония термаси эса бунга мутлақо хотиржам қаради, ҳар икки ўйин танаффусига 0:1 ҳисобида чиқиб кетганидан ҳам саросимага тушмади. Бу энди ҳақиқий ирода, кучли менталитет самараси, албатта!