Унинг ўта талабчан феъл-атвори ўғлининг жаҳон миқёсидаги юлдуз даражасига кўтарилишига сабабчи бўлди. Яқингача катта Сон ўзининг усулларини барчага қўллаш мумкин, деб ҳисобларди. Наҳотки янглишган бўлса? Шунақага ўхшайди. Жанубий Кореяда жанжал - академия тарбияланувчиларидан бирининг ота-онаси Соннинг отаси ва икки нафар мураббийни фарзандига нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонликда айбламоқда.
Баҳорда бошланган можаро ҳамон давом этмоқда. Япониянинг Окинава шаҳридаги йиғиндан кейин футболчининг ота-онаси ўғлининг оёқларидаги кўкарган жойларни кўриб қолишган ва полицияга хабар беришган: футболчи уни ва 3 нафар ўйинчини мураббий бурчак байроқчаси билан урганлигини айтган. Бунинг сабаби, йигитчалар дарвозадан марказий чизиққача бўлган масофага югуришда 20 сонияда етиб кела олишмаган. Академия раҳбарини ота-оналар машғулотлар жараёнида йўл қўйилган хатоликлар учун ҳақорат қилганликда айбладилар.
Апрель ойида полиция ишни прокуратурага йўллади, июнда Сон Вун Чжун Yonhap агентлиги орқали баёнот берди. У футболчилар ва уларнинг оила аъзоларидан узр сўради, таълим-тарбия замонавий услубда эмаслигини тан олди, лекин зўравонлик хусусидаги айбловни инкор этди: «Онт ичиб айтаманки, академиямдаги мураббийлардан бирортаси ёш ўйинчиларимизга нисбатан муҳаббатга асосланмаган бирон-бир ҳаракатга алоқадор эмаслар. Даъвогар айтган айбловлар ҳақиқатга зид, тергов чоғида биз ҳокимият билан фактларни бузмаган ва яширмаган ҳолда ҳамкорлик қиламиз. Тан оламан, вақти-вақти билан ўзгариб турадиган стандартларга риоя қилмай, ўз методларимдан фойдаландим. Энди ёш спортчиларга эътиборни фақат майдонга қаратиш ва машғулотларга қизиқишни оширишларида ёрдам берадиган янги услубларни топишга уриниб кўраман».
Соннинг отаси ўғилларини 4 соатлаб тўп тепишга мажбур этган ва фаолиятини якунламай туриб уйланмасликни маслаҳат берган. 2022 йилда Сон 23та гол уриб, АПЛда «Олтин бутса»ни қўлга киритган дастлабки осиёлик футболчи бўлганди. Бироқ «Тоттенхэм» тўпурари отасидан мақтовлар эмас, келажак учун оқ фотиҳа олди: «У янада кучлироқ тиришқоқлик билан ишлаши ва улкан тараққиётга эришиши лозим. Агар у ҳозирги соврини билан қаноатланадиган бўлса, инқирозга юз тутади. У доимо бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ ўйнашга интилиши, доимо юксак спорт формасида бўлиши шарт».
Соннинг отаси 28 ёшгача ўйнаган, у ёғига жароҳат халал берган. Охиригача рўёбга чиқмай қолган орзу фарзандларининг келажагини белгилаб берди: Сон Хён Мин ва унинг акасида танлаш имконияти йўқ эди. Сон Вун Чжуннинг қаттиққўллигини эслатиб ўтдик. Энди буни тасдиқлайдиган мисолларга ўтамиз:
• Тинкани қуритадиган машғулотлар.
«У бизга тўпни 4 соат ерга туширмасдан ўйнашни буюрди. 3 соатдан кейин кўзларим қонга тўлиб, пол қизил кўрина бошлади. Мен шу қадар чарчаган эдим. Отам эса бунга эътибор бермади. Менимча, бу болаликдаги ажойиб воқеа эди. Тўпни 4 соат ҳавода олиб туриш ва ерга туширмаслик... Бу ўта мураккаб, шундай эмасми?»
Ака-ука ўзаро жанжаллашиб қолишганида, отаси уларни шундай жазолаганди. Отаси Соннинг мактаб жамоасига устозлик қилган даврида ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берган. Ўшанда Сон Вун Чжун болалардан тўпни ҳавода 40 дақиқа ўйнашни талаб қилган, уддалай олмаганларга танбеҳ бермаганди. Бироқ Сон тўпни тушириб юборганида, ҳаммани қайтадан машқ қилишга мажбур этган.
• Катта Сон ўғли учун махсус дастур яратганди. Аввалига у ўз малакаси ва тажрибасига асосланган ҳолда, енгилроқ машқларни ўргатди. Сон ўрта мактабга чиққанида эса тўп билан мунтазам машқ қилиш дарвозага чап оёқда зарба йўллашдан сабоқ бера бошлади. 18га чиққан пайтида Сон битта машқ жараёнида иккала оёғи билан 500 мартадан зарба йўлларди. Ҳозирда у икки оёқли идеал футболчи мақомини олган.
• Сон футбол оламидаги ҳар қандай ҳолатда инсонийлик фазилатини йўқотмайдиган жентльмен сифатида шуҳрат қозонган. Атрофдагиларни ҳурмат қилиш одобини унга болалик чоғидан сингдиришган.
• Ўтмишда Сон кореялик поп-юлдузлар Бан Мин А ва Ю Со-Юн билан учрашиб турарди. Ҳозир у ёлғиз, отасининг ўгитига биноан, бутсаларини михга илишдан аввал уйланмасликка қарор қилган: «Отамнинг фикрига қўшиламан: «Уйлансанг, оила 1-ўринга чиқади, рафиқанг, болаларинг... Футбол улардан кейин». Ҳамонки, топ-даражада тўп сурар эканман, футбол асосий мақсадим бўлиб қолаверади. Фаолиятим якунида мени оилавий ҳаёт кутмоқда. У футболдаги иштирокимдан бир неча баравар узоқроқ давом этишидан умидворман».
• Сон корейсларда ота-онанинг сўзи қонун эканлигини тушунтирди: «Осиёдаги ота-она билан фарзанд ўртасида бўладиган муносабат Европадан фарқ қилади. Айрим кишилар ҳайрон бўлишади: нима учун у оиласи билан яшайди? Қани, ўшалардан сўраб кўрингчи, ким менинг футболчи бўлишим учун ёрдам берди, ҳеч нарсасини аямади? Ота-онам. Улар бунинг учун қимматли вақтларини сарфладилар. Энди мен бу яхшиликлари учун уларни рози қилишим керак. Менга шундай мартабага эришиш имкониятини беришди, улардан бир умрга қарздорман».
Жанубий Кореяда болаларни жисмоний жазолашни яқинда бекор қилинди. Непомняший эса мураббийлар катта футболчиларни ҳам уришларини айтганди. Япония ва Жанубий Кореянинг мезбонлигида ўтган ЖЧ-2002да ярим финалга етиб борган кореяликлар юлдузи Ли Ен Пхе турнирдан кейин ички чемпионатда «Чеджу Юнайтед»нинг фахрий ўйинчиси Ли Им Сэннинг тажовузкор турткиси остида қолганди. Хўш, кейин нима бўлди? Ли Ен Пхе ўзидан 6 ёш каттароқ бўлган рақибига қўполлиги учун... чуқур таъзим ҳадя қилди.
Сон билан отаси ўртасидаги муносабат вазиятнинг босқичма-босқич ўзгариб бораётганидан далолат беради. Ҳозир Кореяда болаларга ўқитувчилар, мураббийлар ва бошқа катта ёшдаги шахсларнинг зўравонликларига қарши чиқаётган ота-оналар тобора кўпайиб бормоқда. Қонундаги ўзгаришлар ёрдам бермоқда. 2010 йилда Сеулдаги мактабларда болаларга жисмоний жазони қўллаш тақиқланганди. Бу ўзгариш аста,секин бутун мамлакатга тарқалди. 2021 йилда Жанубий Кореяда болаларга жисмоний жазо қўллаш бутунлай ман этилди. Ҳатто ота-оналарга ҳам. Бунгача амалда бўлган 1958 йилдаги қонунга кўра, «болаларни тарбиялаш мақсадида тегишли интизомий чоралар қўллашга» рухсат берилганди.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади