Виталий Левченко: «Аброр Исмоилов терма жамоага тортадиган футболчи»

Виталий Левченко: «Аброр Исмоилов терма жамоага тортадиган футболчи»

Бугунги суҳбатдошимиз - айни кунларда «Нефтчи»ни яна равон йўлга солиш ҳаракатидаги мутахассис Виталий Левченко.

Фарғона клуби бош мураббийи УЕФАнинг Pro лицензиясига эга. У тожик футболи тарбияланувчиси саналсада, фаолияти давомида асосан Украина клубларида тўп сурган, шунингдек, Тожикистон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган. 2005 йили мураббийлик фаолиятини бошлаган Левченко ҳозирга қадар Украинанинг бир қатор клублари ва ёшлар терма жамоасида ишлади. Кейинчалик Тожикистонга қайтган мутахассис маълум муддат мамлакат ёшлар термасини бошқарди ва «Истиқлол»ни ОЧЛ 1|8 финалига олиб чиққани билан назарга тушди.

- Виталий Григорьевич, «Нефтчи»га сизни айнан ким таклиф қилганини айта оласизми?

- Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мени «Нефт­чи» бош мураббийи ролида кўришни истаётганини маълум қилишгач, клубга келиб, раҳбарият билан ҳамкорлик юзасидан бафуржа гаплашдик. Якунда ҳаммаси бир-бирига мувофиқ келди ва жамоада иш бошладим.

- Бошқарувни қўлган олганингизда, «Нефтчи» турнир жадвали қуйи поғоналаридан бирида эди. Қисқа вақтда жамоани қийин вазиятдан қандай олиб чиқдингиз?

- Мураккаб ҳолатдан чиқиш учун мураббийлар штаби билан ҳамжиҳатликда астойдил ишга киришдик. Натижани яхшилаш учун ҳимоя ва ҳужумни уйғунлаштириш талаб этиларди. Шунингдек, ишончни қайтариш учун футболчилар билан руҳий томондан қаттиқ ишладик. Натижаларга қарасак, буларни маълум даражада уддалаганимиз кўринади. Фурсатдан фойдаланиб, барча шароитларни яратиб бераётган вилоят раҳбариятига миннатдорчилик билдиришим жоиз.

- Айни пайт мамлакат миллий жамоасида «Нефтчи» вакиллари йўқ. Бунга муносабатингиз...

- Тушунарлики, терма жамоа либосини кийиш - ҳар бир футболчи учун шараф. Лекин ҳаммаси аввало, ўйинчиларнинг ўзларига боғлиқ. Терма жамоа мураббийлари назарига тушиш учун майдонда бор куч билан ўйнаш, истеъдодни намоён этиш керак. Тўғри, агар мендан сўрашса, Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийларига Аброр Исмоиловни синаб кўришни тавсия қилардим. Ўйлайманки, Аброр - терма жамоа даражасидаги футболчи.

- «Нефтчи»нинг ҳозирги таркиби билан совринли ўринлар учун курашиш мумкинми?

- Албатта. Таркибда маҳоратли йигитлар йиғилишган. Келаси мавсум ҳам уларни олиб қолишимиз керак. 

- «Нефтчи»нинг афсонавий мураббийи Юрий Саркисян ўз ортидан кўплаб совринлар қолдириб кетди. Бу борада режаларингиз қандай? 

- Юрий Вазгеновичга ҳурматим баланд. Ахир у Алекс Фергюсон каби бир клубда 20 йилдан кўп ишлаган камдан-кам мураббийлардан бири ҳисобланади. Ўз режаларимга келсак, «Нефтчи» билан ҳам ички, ҳам халқаро мусобақаларда кўплаб совринлар ютмоқчиман, албатта. 

- Фарғона шаҳридан олган дастлабки таассуротларингиз...

- Бу ерга биринчи марта келганим йўқ. Ўтган асрнинг 80-йиллари футболчи сифатида келганман. Ўша даврлардан чинорли кўчалар ёдимда қолган. Ҳозир эса шаҳар янада кўркамлашиб, замонавий қиёфага кирибди.

Мўйдинжон СОБИТОВ суҳбатлашди («Янги Фарғона» газетаси)