Бу ҳозирги даврнинг муҳим воқеаси. Футболчи 30 ёшдан кейин чинакам юлдузга айланди ва миллий жамоа либосида бизга унутилмас лавҳаларни ҳадя этди.
ПЕНАЛЬТИЛАР ДАҲОСИ
Зоммер ЖЧ-2014дан кейин терма жамоанинг асосий дарвозабони мақомини олди. Унгача дарвозани «Вольфсбург»даги ўйинлари билан танилган Диего Бенальо қўриқлаганди. Ўша турнирда Швейцария 2-ўрин билан гуруҳдан чиққан ва 1|8 финалда Аргентинага имкониятни бой берганди.
2014 йилнинг 20 августида 30 ёшли Бенальо терма жамоадаги фаолиятига нуқта қўйгач, Янн унинг ўрнини эгаллади ва 10 йил давомида ишончли ўйин кўрсатди. Ваҳоланки, терма жамоа захирасида Роман Бюрки ва Грегор Кобель каби моҳир посбонлар йўқ эмасди. Нима учун айнан Зоммерга ишонч билдирилди?
Жавоб оддий - Янн улардан кўра ишончлироқ эди. Терма жамоанинг 94та учрашувидан 35тасида у ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олганди. Грандликка даъво қилмайдиган Швейцария учун мақташга арзийдиган кўрсаткич.
Нисбатан паст бўйли (183 см.) дарвозабон оёқлари билан яхши ўйнаши, сакраш қобилияти ва тўғри позицияни танлай олиши эвазига ажойиб сэйвларни намойиш этарди. Янн ҳатто «тўққизлик»ка йўлланган тўпларни ҳам қайтара оларди.
2 марта Рамосни доғда қолдирган. 2020 йилда Серхио Рамос қитъанинг энг зўр пенальтилар устаси мақомига кўтарилган, 32 уринишдан атиги 3тасида «нуқта»дан йўллаган тўпи голга айланмай қолганди. Бироқ ноябрь ойида у чинакам посбонга дуч келди. ЕМЛ турнирининг Швейцария - Испания учрашувида мерган ҳимоячи 2 марта 11 метрли жарима зарбасини голга айлантира олмади. Натижада Зоммер «дуэль»да ғолиб чиқиб, ўз жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Эътиборлиси, бунгача Серхио қаторасига 25та пенальтини бехато амалга оширганди.
Италияни ЖЧ-2022дан маҳрум этди. Жоржиньо ҳам таниқли пенальти устаси. Бироқ ЖЧ-2022нинг саралаш босқичида у ҳам Зоммер дарвозасини ишғол эта олмади ва учрашув 0:0 ҳисоби билан ниҳоясига етди. Қизиғи, 2 ойдан кейин Швейцария Италияга қарши яна майдонга тушди ва Янн иккинчи марта Жоржиньодан устун келди. Шу тариқа Зоммернинг жамоаси «С» гуруҳидан жой олди, Италия эса тўқнаш учрашувида Шимолий Македонияни енга олмади.
Пенальтилар сериясидаги сэйв ва Франциянинг нимчорак финалдан ўта олмагани.
Зоммер Евро-2020 турнирида ҳам мўъжиза муаллифи бўлди. Ўшанда у французларнинг етакчи юлдузи бўлмиш Мбаппенинг зарбасини қайтариб, Швейцарияни чорак финалга олиб чиққанди.
ЗОММЕР ҲАМОН МОҲИР ДАРВОЗАБОН
Айни паллада кўпчиликнинг фикрича, Янн терма жамоадаги фаолиятини анча барвақт якунлади. 35 ёшли посбоннинг ишончли ўйинлари «Интер»нинг чемпионликка сазовор бўлишига сабабчи бўлди. Топ-лигалар бешлигида у Доннаруммадан кейинги ўринни банд этган. Бундан ташқари, Зоммер учрашувларнинг 56 фоизини «қуруқ» ўтказган. Бу кўрсаткич бўйича Янн - яққол пешқадам.
Албатта, мазкур муваффақиятнинг асосий ижодкори «Интер». Андре Онанани «МЮ» қиммат баҳода пуллаган клуб, унинг ўрнини арзимас 7 млн. евро эвазига «Бавария»дан харид қилинган 34 ёшли посбон билан тўлдирди.
ЗОММЕРНИНГ РАҚОБАТЧИЛАРИ ҚАЕРДА? ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР ЮЗ БЕРИШИ МУМКИН?
Янндан икки ёшга кичикроқ бўлган Бюрки 2022 йилдан бери МЛСда тўп сурмоқда. Кобель эса «Боруссия Дортмунд» сафида мунтазам танқидлар остида фаолиятини давом эттирмоқда. ЕЧЛдаги ишончли ўйинларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, айнан у терма жамоада Зоммернинг ўрнини эгаллаши мумкин.
Швейцарияликларнинг бахтига, мамлакатда савияли дарвозабонлар мактаби мавжуд. Терма жамоалар шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган посбонлар айнан шу масканда сабоқ оладилар. Юқорида зикр этилган Грегор Кобель терма жамоа либосида 5та ўйинда майдонга тушган бўлсада, қитъанинг энг қиммат дарвозабонлари сафида бормоқда.
30 ёшли Иван Мвого ҳозир «Лорьян» клубининг посбони. Сўнгги йилларда захира ўйинчиси мақомига кўникиб қолган, 2-дарвозабон мақомига кўтарилиши ҳам мумкин.
Филипп Кен - 26 ёшли посбон ҳозир «Монако» дарвозасини қўриқламоқда. Лейпциг ва Зальцбургда «Ред Булл» мактабида таҳсил олган. Кен ҳозирнинг ўзида 3-дарвозабонга айланишга шай.
Паскаль Лоретц - навқирон посбон ўтган йили «Люцерн»нинг асосий таркибида тўп суриб, кўпгина клублар эътиборини тортди. Ҳатто терма жамоанинг йиғинларида ҳам бўлди. Лекин дебютини нишонлашга улгурмади. Қисқаси, у каби ёш иқтидорлар учун ҳаммаси ҳали олдинда.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади