Яна Суперлига ва VAR ҳақида....

Яна Суперлига ва VAR ҳақида....

Ўзбекистон чемпионатининг амалдаги регламентига кўра, клублар 20 нафардан ортиқ катта ёшли футболчини рўйхатдан ўтказолмайди.

Ёзда эса 5 нафардан ортиқ катта ёшли футболчи трансферини амалга ошириш мумкин эмас. Бу:

**ОЧЛда ўйнаётган клубларга зарар (уларнинг захира ўриндиғи бошқа мамлакатлардаги рақибларникидан анча қисқа бўлади)

**Терма жамоага зарар (Машарипов каби потенциал номзодлар ўйин амалиётисиз қолиб кетишади)

**Футболчиларга зарар (баҳорда жароҳатланган футболчи жамоасиз қолиб кетган ҳолат бор. Чунончи, 5та трансфер лимитида ҳеч ким дарҳол ўйнашга тайёр бўлмаган футболчи билан шартнома имзоламайди).

Ушбу регламент олимпия терма жамоасига янги номзодлар кашф этишга ёрдам бердими? Яхши савол.

***
- Фарғонадаги ўйинда натижага таъсир кўрсатган яна бир ҳакамлик хатоси кузатилди. Бу хатонинг натижага таъсир кўрсатгани сабабларидан бири ўйинда VAR тизимининг ишламаганидир. Умуман, VAR тизимисиз ўйинларни тасаввур қилолмайдиган ҳолатга келиб бўлдик. Бу гап фақат Ўзбекистон чемпионатига тааллуқли эмас. Дейлик, ОФК ҳам кутилмаганда, ОЧЛ гуруҳ босқичининг барча ўйинларида VAR тизимини жорий этиш юзасидан қарор чиқарди. Бошқа томондан, нафақат мухлислар, балки ҳакамлар ҳам VARга ўрганиб қолишди. Бу эса эътиборнинг заифлашишига олиб келади ва оқибатда янги хатоларга йўл очади. Йўқ, Фар­ғонада ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашда адашган ассистент хатосини эътиборни йўқотиш билан боғлашни истамайман. Аммо бу ўйлаб кўришга арзийдиган ҳолат. Энди Фарғонада нега VAR тизими ишламагани ҳақида. Маълум бўлишича, ускуна том маънода ёниб кетган. Бир неча йиллик фаол фойдаланиш, Ўзбекистон йўллари (сифати ҳақида гапириш ортиқча)да ўн минглаб (агар юз минглаб бўлмаса) километрни босиб ўтгандан сўнг техника босимга чидолмаганида ажабланадиган томони йўқ. Ҳамкасблар билан бежиз VAR тизими учун нафақат «Сурхон», балки барча вилоят клублари уй учрашувларини Тошкентда ўтказиши идеал ҳолат бўлиши ҳақида ҳазиллашмаймиз. Техник ускуналарни тиклаш мумкинми? Бу ҳолатда таъмирлаш қанча давом этиши аниқ эмас. Агар таъмирлаш имконсиз бўлса, унда бошқа савол туғилади: янги жиҳозлар тўпламини сотиб олиш учун қанча вақт керак? Кейинги савол - VAR тизимини ривожлантиришнинг умумий режалари қандай? Билишимча, ЎФА VAR ҳакамларига Тошкентда  туриб ишлаш имконини берувчи марказ ташкил этишни ўйламоқда (масалан, тизим ЖЧ ва АПЛда шундай ишлайди). Лекин бунинг учун ҳар бир стадионда юқори сифатли ва барқарор интернет тизими бўлиши керак. Бироқ буниси энди ЎФА ваколатларидан ташқарида.

*** 
- Яна VAR мавзуси. Маълум бўлишича, ОФК Ўзбекис­тондаги ОЧЛ ўйинларида ЎФАга тегишли VAR ускунадан фойдаланишни ўйламоқда. Шундай экан, ускунани таъмирлаш қитъа миқёсида аҳамиятга эга.

«Футболиум», Алишер НИКИМБАЕВ