ЖАРАЁН: Пулни тежашнинг янгича қоидаси

ЖАРАЁН: Пулни тежашнинг янгича қоидаси

Аввал режалаштирилганидек, УЕФА келгуси мавсумдан янги молиявий тартиб ўрнатади

Баҳорда ўзгаришлар нималардан иборат бўлиши ҳақида гаплашгандик, ҳозир эса кўп нарсага аниқлик киритилди. Футбол иқтисодиётидаги энг яхши медиалардан бири ҳисобланган SwissRamble янгиликларни тушунарли тарзда келтириб ўтди. Қуйида шу мавзуга тўхталамиз.

** Молиявий фэйр-плей энди йўқ. Унинг янги номи - «Молиявий барқарорлик қоидалари». Бу тасодиф эмас, УЕФА аввалги меъёрлар ўйиннинг адолатли кечишига тўлиқ таъсир ўтказолмаганини тан олди, янгилари ҳам шундай бўлади. «Рақобат мувозанатини фақатгина молиявий қоидалар билангина таъминлаш имконсиз. Мазкур муаммони бошқа чоралар эвазига ечиш мумкин. Шу сабабли ҳам номни ўзгартирдик. «Тоза ўйин» атамаси тенг шароит яратишни англатади», - дея тушунча берди УЕФА директори Андреа Траверсо.

** Энди уч йиллик даврдаги максимал зиён миқдори аввалгидек 30 млн. евро эмас, 90 млн.ни ташкил этади. Умуман, лимит фақат икки мартага - 60 млн. еврога ошган. Бунда ортиқча 5 млн. евро клуб эгасининг акционерлик маблағлари эвазига қопланади («ПСЖ» ва «Манчестер Сити» буни мароқ билан бажаришмоқда). Аммо клубнинг молиявий ҳолати яхши бўлса, унга уч йиллик давр учун яна 30 млн. минусга киришига рухсат берилади. Бироқ! Эндиликда зиёнларни ҳисоблаш пайти инфраструктура, ёшлар ва аёллар футболига қилинаётган харажатлар ҳам қўшилади. Авваллари бундай эмасди.

** УЕФА қарзлар учун жазоламайди, фақат муддати узайтирилган кредиторлик қарзлари бўлмаслиги лозим (2021 йилда «Барса», «Челси» ва «Тоттенхэм» шу тариқа миллиардлаб қарзга ботишганди). Ўз навбатида, янги қоидалар хўжайинларнинг клубга бераётган қарзларини эмас, акционерлик жамғармасига йўналтираётган инвестицияларини рағбатлантиради.

** Янги қоидаларнинг янги критерияси: энди клубларга маошлар, трансферлар ва агентларни мукофотлаш учун (жумладан, футболчилар сотувидан тушадиган) даромадларнинг фақат 70 фоизини сарфлашга рухсат берилади. Бу қоида маош ведомости 30 млн.дан ошадиган еврокубоклар иштирокчиларига тааллуқли. УЕФА топ-клублар ушбу лимитга мослашишда қийналишларини яхши тушунади, шу боис, энг йирик миқдор бос-қичма-босқич ўзгартирилади:  мавсум-2023|2024да 90 фоиз, мавсум-2024|2025да 80 фоиз ва мавсум-2025|2026дан бошлаб 70 фоиз. Маошлар деганда фақат эркаклар таркиби, мураббийлар, шунингдек, бонуслар ва истеъфодан кейинги турли компенсациялар назарда тутилади. Одатда, бу клубдаги умумий маош фондининг қарийб 90 фоизини ташкил этади.

Дарвоқе, 70 фоизлик кўрсаткич аввалги қоидаларда ҳам бўлган, бироқ меъёрдан ошиш дарҳол жазо қўллаш эмас, қўшимча текширув ўтказиш учун асос вазифасини ўтаган.

Эслатма, трансфер харажатлари бир вақтнинг ўзида эмас, амортизация ҳисобига баҳоланади. Яъни, футболчи шартномасининг тўлиқ муддатига қараб иш кўрилади. Мисол учун, ўйинчини 100 млн.га сотиб олиб, 5 йиллик келишув имзоланган бўлса, унинг клубдаги ҳар бир йили учун 20 млн.дан белгиланади - ҳисобот шундай кўриниш олади. Агар уни бир йилдан сўнг 90 млн.га сотиб юборишса, демак, клуб 10 млн. фойда кўради. Содда ҳисоб-китоб-ларда клубга минус ёзиларди. Чунки сотув пайти футболчининг нархи 80 млн. еврога тенг бўлган. Формула шундай: 90 (сотув нархи) - (100-20).

Мазкур ҳолатда футболчининг сотуви ведомостга дарҳол киритилади. Яъни, биргина қимматбаҳо келишув эвазига клуб ишларини маромига келтириш мумкин.

** Турли мамлакатлар солиқ ставкаларидаги номутаносиблик муаммоси ҳал этилмади. Демак, солиқларнинг катталигидан (топ-5нинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда) Франция клублари кўпроқ азият чекишади.

** 70 фоизлик харажатларга амал қилмаслик учун қўлланадиган санкциялар қоидабузарлик даражаси ҳамда 4 йиллик даврда меъёрдан ошиш сонига боғлиқ бўлади. Лимитдан 10 фоизга чиқилгани учун умумий сумманинг 10дан 25 фоизигача бўлган миқдорда жарима белгиланади. Агар кўрсаткич 30 фоиздан ошса, жарима 75-100 фоизни ташкил этади.

Қоидалар ҳозирдан ишга тушса, қандай бўлади? Бу ерда бизга яна SwissRamble ҳисоботи ёрдам беради. Ҳозирча фақат пандемия даврида ўтказилган мавсум-2020|2021 бўйича маълумотлар бор. Ўшанда клубларнинг тижорий даромадлари сезиларли пасайгани, лекин маошлар ва трансфер харажатлари ўз ҳолича қолганини инобатга олиш даркор.

** Фақат икки топ-клуб 70 фоизлик кўрсаткичга мос равишда фаолият юритди - «Бавария» (63 фоиз) ва «Реал» (65 фоиз).

** Учта клуб 100 фоизлик кўрсаткичдан ошиб кетди - «Барселона» (109 фоиз), «Интер» (104 фоиз), «ПСЖ» (102 фоиз).

** «Арсенал» ва «Челси»дан меъёрни ошириш кўрсаткичи 90 фоизни ташкил этди.

** «МЮ», «Милан» ва «Ювентус»да - 80 фоиздан кўпроқ.

** «Атлетико», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Боруссия» Дортмунд ва «Тоттенхэм»­да - 70 фоиздан кўпроқ.

** Пандемия таъсир этмаган мавсум-2018|2019ни олсак, фақат тўрт клуб 70 фоизлик кўрсаткичдан ўтди - «Милан» (99 фоиз), «Челси» (85 фоиз), «Ювентус» (72 фоиз) ва «Манчестер Сити» (71 фоиз).

Умуман, ушбу кўрсаткичга ички ТВ-шартномалар суммасининг таъсири катта. Мисол учун, АПЛ клублари мавсум-2020|2021да маошлар ва трансферларга даромаднинг ўртача 80 фоизини сарфлашган, Испанияда бу кўрсаткич 84 фоиз, Италияда 92 фоиз, Францияда эса 102 фоизни (пандемия туфайли вужудга келган ТВ-қийинчиликларни яхши эслаймиз) ташкил этди. Энг яхши ўртача кўрсаткич Германияга тегишли - 68 фоиз. Бундеслига ҳозирнинг ўзида янги қоидаларга тайёр.

Лекин «бойлар» ва «қашшоқлар» ўртасидаги фарқ янада ортиши мумкин. Кўрсаткичларга эътибор қаратсангиз, топ-6 ва бошқалар ўртасидаги тафовут жуда катта эканлигига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Яна бир жиҳатни унутмаслик керак, ҳомийлик келишувларининг «бозор ҳолати» бўйича баҳоланиши билан боғлиқ муаммо ҳозирча ҳал этилмаган. Авваллари «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» бундан мароқ-ла фойдаланишган - яқин ҳамкор компаниялар билан оширилган нархларда шартномалар имзолашган. Энди қоидалар кўлами кенгайди - УЕФА келгусида ҳар бир ўтказмани (фақат келишув иштирокчилари жалб этилган ҳолатлар билан чекланмаган ҳолда) текширади, лекин ҳозирча бундай баёнотлар ишонарсиз кўринмоқда.

УЕФА вакилларининг таъкидлашларича, янги қоидалар «бадавлатлар» ва «қашшоқлар» ўртасидаги фарқни қисқартирмайди, шунчаки, топ-клубларни катта қарзлар ва бемаъни трансфер харажатларидан сақлайди. Бир жиҳатдан, буни очиқчасига тан олишаётгани яхши.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади