Жойни бўшат, «Норвич»!

Жойни бўшат, «Норвич»!

Ўтган ҳафта «Престон»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган «Фулхэм» муддатидан аввал Премьер-лига йўлланмасини қўлга киритди.

Мазкур баҳсда «дубль» қайд этиш орқали мавсумдаги 40-голини уриб, Чемпионшип рекордига эришган Александар Митрович кейинги учрашувда «Борнмут» дарвозасини ҳам ишғол қилди. Лекин қуйидаги мақола мавзуси тўпурарлар ҳақида эмас, балки элита ва қуйи дивизионда мунтазам равишда ўрин алмашаётган жамоалар тўғрисида.

«Фулхэм» сўнгги беш мавсумдан буён учинчи марта АПЛ йўлланмасига эга чиқмоқда. Жамоа 2018 ва 2020 йилларда Чемпионшип «плей-офф»идаги ғалабалар эвазига элитага чиққан бўлса, ҳар икки сафар Премьер-лигани битта кампаниянинг ўзида тарк этган.

Эътиборлиси, «Фулхэм» ҳар сафар АПЛга чиққанида, «Норвич» билан жой алмашган, кейинги мавсумда эса бунинг акси кузатилган. Жумладан, 2020/2021 йиллар мавсумида ҳам «Норвич» айнан «Фулхэм»нинг ўрнига элита қатнашчилари сафига қўшилган. 

Тақдир ҳазилини қарангки, «Фулхэм» ўтган ҳафта АПЛ йўлланмасига эга бўлди, «Норвич» эса бу йил Чемпионшипга тушиб кетиш учун асосий даъвогар ҳисобланмоқда. Жамоа 21 очко билан 20-поғонани эгаллаб турибди, нажот воситаси ҳисобланган 17-ўриндаги рақобатчи билан орадаги фарқ 10 очкога тенг. Демак, лондонликлар «канарейкалар» манзилига «Жойни бўшат, «Норвич»!», дея мурожаат йўллашса бўлаверади, шекилли.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади