Эслатма, «Боруссия» Д. клубидан 103 миллион еврога сотиб олинган англиялик 19 ёшли ярим ҳимоячи ва «Мадрид» ўртасидаги шартнома 2029 йилнинг ёзигача мўлжалланган. «Қироллик клуби» 15 июнь куни Жуд трансферини тасдиқлагач, у «Реал Мадрид Сити» матбуот марказида журналистлар қаршисига чиқди. «Реал» тарихдаги энг буюк клубдир. Ҳаммага ҳам бундай ажойиб, тарихий жамоа либосини кийиш насиб этмайди. Демак, мени бу ерга олиб келганлардан чексиз миннатдорман. Қарор қабул қилишда пул ҳақида умуман ўйлаганим йўқ. Зеро, бундай қадам ташлашда пул муҳим эмас. Ўзим яхши кўрадиган спорт турига муносабат, ҳис-туйғулар ва клубга нисбатан ишончни биринчи ўринга қўяман. Мадридликлар худди мен каби барча расмиятчиликлар тезда ҳал этилишини хоҳлашди. Тўғри, бу гапларим билан бошқа клубларни камситиш ниятим йўқ», - деди мавсум-2022/2023да барча мусобақалар ҳисобидан 42та ўйинда майдонга тушиб, 14та гол ва 7та ассист муаллифига айланган истиқболли ярим ҳимоячи савол-жавобларга киришишдан олдин.
- Аввало, одатий савол: нега айнан «Реал»ни танладингиз?
- Англияда «Реал»га нисбатан ғайриоддий ҳурмат мавжуд, жамоанинг Европада тутган ўрни ҳам маълум. «Мадрид»нинг аввалги мавсумлардаги ўйинлари ва қайд этган ғалабаларини ҳам кўрганман, албатта. Гап дунё бўйича энг буюк тарихга эга клуб ҳақида кетмоқда. Биламизки, жаҳон футболида ёрқин из қолдирган кўплаб юлдузлар «Реал» шарафини ҳимоя қилишган. Оддий айтганда, жамоа ўз ўтмиши билан жуда жозибали. Такрорлайман, шахсан ўзим ҳамиша «Реал» иштирокидаги ўйинларни катта қизиқиш билан томоша қилганман. Йўқ, бу ерга жамоанинг катталиги учунгина келмадим. Ҳа, «Реал» жуда улкан, шунинг баробарида ўйини ва умумий қарашлари ҳам ғайриоддий. Бундай мафтункор жамоа ҳар қандай футболчини оҳанрабодек ўзига тортади. Қисқаси, «Мадрид»нинг ўйин услуби ва ғояси ҳам ғайриоддий, ҳам эҳтиросли. Бу - мен учун ажойиб имконият.
- Хўш, «Мадрид»да ўйнаш масаласида қачон бир тўхтамга келдингиз?
- Тўғриси, клуб вакиллари биринчи марта айнан қачон алоқага чиқишганини эслолмайман, лекин ўша куни бурилиш нуқтаси бўлди. Табиийки, «Реал» таклифини қабул қилишимда кўплаб омиллар таъсири бор. Асосийси эса, 8 ёки 10 ойча олдин юрагим бошқача ура бошлади, чунки чорловни сира кутмагандим. Ўша вақт қандай ғайриоддий туйғу ичида қолганимни тавсифлаб беролмайман.
- 5-рақамни танлаганингизда қандайдир маъно борми ёки...?
- Аввало «5»ни муаммосиз бергани учун Вальехога раҳмат айтишим керак. У билан илк суҳбатдаёқ ажойиб йигит эканлигига амин бўлдим. 5-рақам мени ўзгача илҳомлантиради, ҳаммаси Зидан ва унинг клубда шу рақамли футболка билан қолдирган меросига боғлиқ. Бунга қадар узоқ вақт «22» остида ўйнадим ва қалбан шу рақамни кўз-кўз қилишда давом этаман. Лекин 5-рақамли футболка бошқача, барибир. Айниқса, «Мадрид»да. Шунинг ўзиёқ катта масъулият ҳисобланади. Зидан феноменига ҳар доим кучли ҳавас билан қараганман. Зизу мен учун майдонда энг зўри эди. Умид қиламанки, энди Зидан каби «5» обрўсини кўтариш асносида унинг рақамига муносиб эканлигимни исботлайман.
- Қизиқ, 5-рақамни олиш борасида Зиданнинг ўзидан рухсат сўрадингизми?
- Йўқ, рақам масаласида уни безовта қилишни истамадим. Умуман, Зизу билан охирги марта ЧЛ финалидан кейин гаплашгандим. Қайтараман, «Реал»да Зидан рақамида ўйнаб, изидан боришга уриниш - шараф. Зеро, унга нисбатан ҳурматим чексиз.
- Карло Анчелотти билан суҳбатда нималарни муҳокама қилдинглар?
- Биринчи мулоқотдаёқ унинг чиндан ҳам, ақл бовар қилмас мураббий эканлигига амин бўлдим. Анчелотти қўлга киритган совринлар ҳаммасини айтиб турибди. Энди машғулотлар жараёнида учрашишни интиқлик билан кутаман. У мени ўз жамоасида кўришни хоҳлади - бу катта гап. Зеро, дон Карло дунёдаги энг яхши мураббийлардан биридир, шубҳасиз.
- Энди майдон марказида Кроос ва Модрич каби аслар билан бирга ҳаракатланасиз...
- Буниси фаолиятим учун ўта залворли тажриба бўлишига аминман. Ҳар иккиси ақлга сиғмайдиган даражада кучли ижрочидир. Ишонаманки, Кроос ва Модрич қарашлари, тажрибаси янада юксалишимга қўл келади. Улардан имкон қадар кўпроқ ўрганишга интиламан. Тажриба ва ёшлик комбинацияси ғайриоддий кўринади. Биламан, Тони ҳам, Лука ҳам нафақат футболчи, балки шахс сифатида юксакда. Шундай экан, жамоавий машғулотларни сабрсизлик билан кутаман.
- Якуний қарорингизни яқинларингиз қандай қарши олишди?
- Отам йиғлаб юборди. Ваҳоланки, у унча-мунчага кўз ёши тўкмайди. Демак, мени «Реал»да кўриш отам учун ўзига хос лаҳза бўлади. Ўзи ота-онамга ғурур бағишлашни яхши кўраман. Умуман, битим оилам розилиги билан тузилди. Клуб бунда яқинларимга чексиз ҳурмат кўрсатди ва улар жуда бахтиёрлар. Чунки мени бу ерда кўриш яқинларим учун кўп нарсани англатади.
- Маълумки, «Реал»да босим даражаси жуда баланд. Бунга тайёрмисиз?
- Ҳа, катта клубга келганимни биламан, шундай экан, ҳақиқий профессионал эканлигимни кўрсатишим керак. Агар сен 15-16 ёшда бўлсанг ва катталар даврасида ўйнашингга тўғри келса, барчасини тезда ўрганишинг талаб этилади. Бу қандайлигини яхши биламан ва «Мадрид»да ҳам барчасини тўғри давом эттиришдан умидворман. Келажакдан умидим жуда катта ва йилдан йилга ўйинимни яхшилаб боришим керак. Қайси даражада ўйнашим зарурлиги, мендан нималар кутишаётганини яхши биламан. ЖЧ тезкор ўрганиш мактаби вазифасини ўтади, бу ерга эса ғалаба қозониш, ўйин услубимни ривожлантириш учун келдим. Босим эса ҳамма жойда бор, уни юксак ишонч ва умидлар билан енгиб ўтиш мумкин. Ўрганишдан тўхтамайман ва бу муаммоларни четлаб ўтишимга ёрдам беришига ишонаман. Трансфер баҳоси мени асло безовта қилмайди, ишонинг, ҳаттоки, суммани аниқ билмайман. Шунчаки, «Реал»га энг юқори чўққида туришда ёрдам бермоқчиман. Бунинг учун фақат майдонда гапиришим керак, чунки ҳисобчи ёки адвокат эмас, футболчиман.
- Хўш, ўзингизни майдоннинг қайси нуқтасида кўряпсиз?
- Моҳиятан универсал ярим ҳимоячиман. Қобилиятларим чегараси катта ва буни «Реал»да ҳам кўрсата олишдан умидворман. Қайси позицияда ўйнамай, жамоага ёрдам бериб, ғалабаларга муносиб ҳисса қўшсам, бас.
- «Реал» инфратузилмасида сизни нима кўпроқ ҳайратда қолдирди?
- Совринлар хонаси кучли таассурот қолдирди. У ерда ЧЛнинг нақ 14та кубоги порлаб турибди ахир.
- Олдингизда АПЛга қайтиш вариантлари ҳам йўқ эмасди...
- Термадаги жамоадошларим Англияга қайтишимни хоҳлашди, буни қадрлайман, албатта. Лекин ўзим қулай зонадан чиқишни хоҳладим. Чунки АПЛга қайтсам, осон йўлдан юргандек бўлардим. Қолаверса, «Реал» ўлчамидаги клубга ўтиш - ўзгача имконият. Менимча, тўғри йўлни танладим, бинобарин, ўзимни айнан «Реал» либосида кўришни хоҳладим.
- Энди Англия миллий жамоасидаги ролингиз ўзгармайдими?
- Испанияда ўйнаш орқали қимматли тажриба оламан, чунки Ла Лига ва АПЛ ўртасида фарқ бор, барибир. Ҳа, Премьер-лига бошқача, бу ҳақда жамоадошларим билан кўп гаплашганман. Лекин терма жамоамизга испанча футбол кўникмаси ҳам зарар қилмайди, менимча.
- Гарри Кейннинг ҳам «Мадрид»га келиши кутилаётганди...
- Гарри - жаҳон даражасидаги ҳужумчи ва терма жамоамиз сардори. Уни ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида қадрлайман. Келиш-келмаслик эса ўзига боғлиқ. Бу ҳақда маслаҳат беришга ожизман.
- Шунингдек, Мбаппе ҳам «Реал»га тобора яқинлашаётгандек...
- Шубҳасиз, ўз ўрнида дунёдаги энг яхши футболчилардан бири. Келинг, яхшиси якунни кутайлик. Ўз фикримни билдирсам, Килиан тенгсиз ижрочи ва у билан бирга ўйнашни хоҳлардим. Буни ким ҳам хоҳламайди?
Беллингем - 4-Қимматбаҳо ёш футболчи
Жуд Беллингем футбол тарихида 21 ёш тоифасидаги энг қимматбаҳо футболчилар рейтингида 4-ўринда қайд этилди. Барча футболчилар орасида эса 5-ўрин энди англияликка тегишли. Чунончи, бонуслар ҳисобига унинг трансфер суммаси 134 млн. еврога етиши мумкин. Айтиш керак, «Реал» ўз тарихида ҳали бирор футболчига бу қадар кўп тўламаган. Умуман, Беллингем трансфери ортидан футбол тарихидаги энг қимматбаҳо 10та келишув рўйхатида ўзгариш кузатилди. Аниқроғи, Поль Погба (2016 йили «Ювентус»дан «МЮ»га) топ-10дан четга чиқди.
ФУТБОЛ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ҚИММАТБАҲО10та ТРАНСФЕР (БОНУС ТЎЛОВИ БИЛАН)
1. Неймар («Барселона» «ПСЖ», 2017 йил) - 222 млн. евро
2. Килиан Мбаппе («Монако» «ПСЖ», 2018 йил) - 180 млн. евро
3. Филиппе Коутиньо («Ливерпуль» «Барселона», 2018 йил) - 160 млн. евро
4. Усмон Дембеле («Боруссия» Д. «Барселона», 2017 йил) - 147 млн. евро
5. Жуд Беллингем («Боруссия» Д. «Реал», 2023 йил) - 134 млн. евро
6. Жоау Фелиш («Бенфика» «Атлетико», 2019 йил) - 126 млн. евро
7. Энцо Фернандес («Бенфика» «Челси», 2023 йил) - 121 млн. евро
8. Антуан Гризманн («Атлетико» «Барселона», 2019 йил) - 120 млн. евро
9. Жек Грилиш («Астон Вилла» «Манчестер Сити», 2021 йил) - 117 млн. евро
10. Ромелу Лукаку («Интер» «Челси», 2021 йил) - 115 млн. евро
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади