Шаҳбоз Беғамов: “Навбаҳор”да футболни чин юракдан яхши кўрадиган раҳбар ишламоқда”

Шаҳбоз Беғамов: “Навбаҳор”да футболни чин юракдан яхши кўрадиган раҳбар ишламоқда”

“Навбаҳор” клубида селекция соҳасида фаолият юритаётган Шаҳбоз Беғамов ўзининг Shaba GOAL телеграм каналида Намангандаги фаолияти, жамоада ёзда юзага келган ҳолатлар, вилоят ҳокими ва клуб раҳбарияти, шунингдек, “Навбаҳор” мухлислари борасида ўз фикрларини билдирди.

Қуйида унинг сўзлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда. 

– “Навбаҳор”да фаолият юритаётганимга 4 ойдан ошди. Биласиз, биринчи даврадан кейин ёзда Самвел Бабаян жамоадан кетгач, клуб раҳбари Отабек ака Саматовнинг таклифи билан “Навбаҳор”да иш бошлагандим. Жамоа ўшанда “Навбаҳор” учун катта кўламдаги ишларни амалга оширган Бабаян билан хайрлашган, чемпионатда экваторнинг ўртасида жадвал марказида 7-8-ўринни бўлишиб турганди. Ёзги трансфер “ойнаси” вақтида эса жамоа сардори Ўткир Юсупов, таркибдаги саноқли вингерлардан бири бўлган Собиржонов ҳам жамоадан кетишга қарор қилишди. Орада эса трансфер “бозори” пайтида жамоага легионерларни рўйхатдан ўтказиш тақиқи қўйилди. Чемпионат ўртаси, лигадаги барча маҳаллий футболчиларнинг амалда клуби билан шартномаси мавжуд. Ҳеч ким ҳам ўз асосий футболчиларини қўйиш юборишни истамайди.

“Навбаҳор” ёзда нафақат бош мураббийсиз, балки таркибида катта кемтик хосил бўлган жамоага айланиб қолди. Кемтикни тўлдириш йўлларини қоплаш имконияти эса трансфер тақиқи туфайли чекланди. Шундай катта муаммоларни қисқа вақт ичида тўғрилаш эмас, балки, буткул бартараф этиш талаб этиларди. Наманганда талаб доим юқори. Мухлисларни фақат титуллар ва юқори ўринлар қизиқтиради. Муаммолар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу масала раҳбариятники. Ўшанда кечагидек эсимда, Тошкентга “қўчиб” келган "Навбаҳор" раҳбарияти билан кун-у тун мазкур масалалар ечимини топишга уринди ва менимча, бу муаммоли даврни муваффақиятли босиб ўтди.

Тўғри, ҳозир кўпчиликнинг фикрича, бу йилги мавсум “провал” ўтгандек таассурот уйғотган, ҳеч кимни муаммолар қизиқтирмайди. Лекин ўрта йўлда тўхтаб қолган машинани тез фурсатда тузатиб, машина рулига янги “ҳайдовчи”ни топиб, манзилга бироз вақтдан ютқазган ҳолатда бўлсада, аммо машинани имкон даражасида яхши таъмирлаган ҳолда келишини таъминлаган вилоят ҳокими ва клуб раҳбариятининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш керак. Менимча, мавсум ўртасида деярли бош мураббийи ва асосий футболчилари кетган ҳамда трансфер бозорида тақиқлар туфайли имкониятлари чекланган жамоа 8-ўриндан иккинчи даврада медаллар учун курашга қўшилиши ҳамда кубок финалига қадар етиб борганини ҳеч ким эслолмаса керак. 

Кўпчилик иккинчи даврада ишлари орқага кетишини кутган ва ҳозирда “Навбаҳор” иккинчи даврада муваффақиятсизликка учрагандек таассурот қолдираётган бўлиши мумкин. Аммо факт шуки, Наманган жамоаси мавсумнинг иккинчи қисмида фақатгина амалдаги чемпион “Насаф”дан 6 очко кам жамғарди, холос. Қолган барча кўрсаткичлар бўйича бошқа жамоалардан яхшироқ натижа қайд этмоқда. Биргина финалдаги мағлубият бутун мавсум учун якуний баҳо бўлмаслиги керак. Чунки “Навбаҳор” ўрта йўлда форс-мажор туфайли бош мураббийсиз қолиб кетгани учун жавобгар эмасда. Чунки билишимча, клуб раҳбарияти ўз ташаббуси билан Бабаянни ишдан олгани йўқ. Кейинги ҳолатларда эса юзага келган муаммолар бу табиий равишда хосил бўлди ва осон бўлмаган қийин даврдан жамоа кутилганиданда яхшироқ чиқиб кетди, аслида. Айниқса эмоционал жуда драматик тарзда ўтган финалдан кейинги ҳолатда “Навбаҳор” яна қайта ўрнидан турганини алоҳида эътироф этиш керак. 

Ҳозирда жуда кўпчилик мендан “Келаси йили “Навбаҳор” қандай жамоа бўлади?”, дея саволлар билан мурожаат қилмоқда. Наманганлик мухлислар жуда талабчан ва доим жамоаси ҳақида қайғуради. Шу боис деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали мухлислар сўрови ва саволлари келиб тушмоқда.

“Келаси йили ҳам “Навбаҳор”да қоласизми?”, “Жамоа трансфер бозорида нега жим?”, деган саволлар ҳам кўп. Ҳозирча менда бу борада аниқ жавоб йўқ. Келаси йилги режалар ҳали очиқлангани йўқ. Мени эса меҳнат шартномам тугаш арафасида ва катта эҳтимол келаси йили Наманганда ишламаслигим мумкин. Ҳозирча буни очиқлолмайман. Кўрамиз.

Билганим шуки, “Навбаҳор” охирги 4 йилликда планкани жуда юқори олди, жамоа имижи, бренди ҳақиқатдан қайта тикланди.

Суперлигага ўзгача завқ ва интрига олиб кирди. Мақсадли ва гранд жамоалар қаторига кирди. Намангандаги қисқа фаолиятим орқали шунга амин бўлдимки, “Навбаҳор” нафақат катта номлар, кучли футболчиларни ўз сафига жалб қилди, балки, ўринбосарлар жамоасига ёки Ўзбекистон Биринчилигида иштирок этадиган 19 ёшлилар жамоасига ҳам катта эътиборда. Иқтидорли ёшлар талайгина. Бу борада ҳам тизим шакллантирилган ва буни янада сайқаллаштириш даврида. Келажак учун пойдевор бор. Бежизга ўринбосарлар жамоасига юртимиздаги ёшлар мураббийлари ичида етакчи мутахассис бўлган Дмитрий Ан таклиф этилгани йўқ. Бу борада клуб раҳбари Отабек Саматовда аниқ йўл ҳаритаси ва тўғри йўналиш мавжуд. Фақатгина буларга сунъий эмас, соғлом рақобат орқали эришиш кераклигини ҳам раҳбарият тўғри тушунади. Яқиндагина чемпионлик учун курашган ва совриндорлар қаторида барқарор кетаётган, ОЧЛ нафасини Наманганга олиб келган жамоа бирдагина тўлиқ ёшартирилиб юборилиши яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Кечагина чемпионлик учун курашиб юрган жамоа мухлислари келаси йили лигада ўртамиёна жамоани кўришга рози бўлмасликлари аниқ. Ёшартириш сиёсати доим яхши, лекин буни аввало тизимни тўлиқ ишга тушириб олиб, соғлом рақобат билан ҳамоҳанг ҳолатда қилиш тўғри бўлади. Жамоани маълум даражага олиб чиқиш қанчалик мураккаб бўлса, уни бузиб қўйиш шунчалик осон. Лекин жамоани қайта қуриш учун жуда кўп йиллар сарф қилиниб қўйилиши мисоли жуда кўп. “Навбаҳор”да футболни чин юракдан яхши кўрадиган ва ўз ишини яхши бажарадиган раҳбар ишламоқда. Шу боисдан, “Навбаҳор” мухлислари бу борада ортиқча хавотир олишмаса бўлади. 

Яна бир жиҳат шуки, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳеч қандай завод ёки комбинат ҳомийлигисиз жамоани юқори даражага олиб чиқиб қўйдилар ва буни барқарор таъминлаш бу ҳазилакам нарса эмас. Ўйлашимча, келаси йили ҳар қандай ҳолатда ҳам Наманганда барибир рақобатбардош ва кучли жамоа шаклланади. Кўп нарса вилоят ҳокимининг қайси йўналишдан кетишига боғлиқ. Наманганда футболни жуда яхши кўришади, деган жумлани барча ўқиган ва буни ҳамма билади. Лекин жамоада ишлаб шуни тушундимки, Наманганда, умуман водийда ҳақиқатдан ҳам халқ футбол билан бирга нафас олади. Яъни, футболни севувчи мухлислар армияси жуда катта. Наманганда доим яхши ва юқори мақсадли жамоа бўлиши нафақат, наманганлик мухлислар учун, балки ўзбек футболи учун ҳам керакли ҳолат. Футбол юқори рақобат ва кучли қарама-қаршиликлар эвазига ўсади ва ривожланади. Бундан эса фақат футбол ютади,  - дейди Шаҳбоз Беғамов.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.