Шайх Салмон ОФКни яна 4 йил бошқаради, Осиё кубоги-2027 Саудияда ўтказилади

Шайх Салмон ОФКни яна 4 йил бошқаради, Осиё кубоги-2027 Саудияда ўтказилади

Сизга яхши маълумки, бугун Баҳрайн пойтахти Манамада ОФКнинг 33-конгресси бўлиб ўтди.

Хусусан, ушбу тадбирда Осиё футбол конфедерациясининг кейинги 4 йилликдаги раҳбарияти сайланди. 
Ташкилотга аъзо мамлакатлар делегатлари овозига кўра, Осиё футболининг амалдаги раҳбари Шайх Салмон ибн Иброҳим Ал-Халифа учинчи муддатга Осиё футбол конфедерацияси президенти этиб сайланди. Шу тариқа, баҳрайнлик футбол арбоби 2027 йилга қадар ташкилотга раҳбарлик қиладиган бўлди.

Конгресс давомида ОФКнинг ижроия қўмитаси вакиллари ҳам тасдиқланди. Овоз бериш якунларига кўра, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ташкилот ижроқўмлигига Марказий Осиё ҳудудий ассоциацияси томонидан сайланди. У ОФКнинг Марказий Осиё бўйича вакили бўлди.

ОФК Ижроия Қўмитаси янги таркибининг ваколат муддати 2023 йилдан 2027 йилгача этиб белгиланган. Шунингдек, мазкур конгрессда Осиё футбол конфедерацияси Осиё кубоги-2027 мезбонини эълон қилди. ОФК расмий сайти хабарига кўра, 2027 йилга Осиё кубоги мезбонлиги Саудия Арабистонига топширилган.
afc-2027.jpg

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги-2027 учун даставвал 5 мамлакат даъвогарлик қилиб, улар орасида Ўзбекистон, Эрон, Ҳиндистон, Қатар ва Саудия Арабистони номзоди кўрсатилганди. Аммо Ўзбекистон ва Эрон аризасини қайтарди, Қатар 2023 йилга Осиё кубоги мезбонига айлангач, бу мамлакат ҳам аризасини қайтариб олган бўлса, кўп ўтмай Ҳиндистон рўйхатдан чиққанди. Якунда Саудия Арабистони ягона даъвогар бўлиб қолганди.