Самвел Бабаян: "Бугун “янги "Навбаҳор” туғилди ва у халқ жамоаси..."

Самвел Бабаян: "Бугун “янги "Навбаҳор” туғилди ва у халқ жамоаси..."

“Навбаҳор” - “Нассажи Мазандаран” (2:1)  ўйинидан кейинги пресс-конференциянинг 2- қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел  Бабаян ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

Аввало,   б арчани бугунги ғалаба билан табриклайман. Бугун “янги Навбаҳор” туғилди десак ҳам бўлаверади. Ушбу жамоа курашиш ва ғалаба қозонишни хоҳлайди. Албатта, мазкур беллашувдан олдин қийин вазиятда эдик.  Бинобарин,  Ўзбекистон кубоги ярим финалидаги “овер-таймлар”дан кейин жамоа қандай ўйин кўрсатиши борасида савол беришганди. Аввало бугунги ўйин учун йигитларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шогирдларим бугун ҳақиқий профессионал эканликлари, “Навбаҳор”да нафақат, клуб билан тузилган шартнома ёки пул ишлаш, балки, ғоя, наманганликлар учун футбол қанчалик муҳим эканлиги, ғалабага бўлган чанқоқлик, характерни намоён этишди. Бунинг эса қиймати юқори.

Чемпионлар лигасида оддий ўйинлар бўлмаслигини исботлади. Ушбу мусобақада ҳар бир жамоа очко ишлаш учун майдонга тушади. Бугунги ўйинда жорий мавсумда илк маротаба қўшимча вақтда ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлдик. Бу эса меҳнатларимиз самараси. Суперлига ва Ўзбекистон кубоги доирасидаги айрим баҳсларда ҳам гарчи ўйин, тўп назорати борасида устунлик қилган бўлсакда, ижобий натижага эриша олмагандик. Бугун эса ҳаракатларимиз ўз самарасини берди. “Навбаҳор”ни юртимиз ва Осиёда топ-жамоага айлантириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.

     - Бугун икки хил бўлим кўрдик. Биринчи 45 дақиқаликда жамоанинг ўйини қовушмади.  Биринчи бўлимдан сўнг, йигитларга нима дедингиз? Иккинчи савол: Жасурбек Яхшибоев бугун кўринмади, унга нима бўлди?

- Майдонга тушмаганларда жароҳат бор ва улар тикланиш мақларини олиб боришмоқда. Навбатдаги саволга тўхталадиган бўлсам, биринчи бўлимни яхши бошладик, бироқ ҳужумларни якунлашда муаммоларга дуч келдик. Кейин кутилмаган гол содир бўлди. Аламлиси, меҳмонларнинг ягона ҳужуми гол билан якунланди. Шошганимиздан учрашувнинг 20-дақиқасидан бошлаб, тўпни ҳам яхши назорат қила олмадик. Иккинчи бўлимда эса режа бўйича Ўрунов ва Собиржонов орқали ўйинни кучайтирдик. Бугунги кунда таркибимизда ўйинни кучайтира оладиганлар бўлгани жуда муҳим.

Улкан иштиёқ ҳамда мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари эвазига йигитлар бор имкониятларини ишга солишди. Футболда фаолият олиб бориш осон эмас. Аммо шундай ажойиб лаҳзалар, инсонларга қувонч улашиш учун ишласанг арзийди. “Навбаҳор” ҳақиқий халқ жамоаси. Биз буни тушуниб, ҳис этиб турибмиз. Ушбу сўзларни гапиришдан асосий мақсад,    “Навбаҳор”га нафақат Наманган, балки бутун Ўзбекистонда мухлислик қилишмоқда.

“Навбаҳор” кейинги  8 та баҳс да ҳам ишқибозларни хурсанд этишга интилади.      

- Биринчи бўлиб, гол қўйиб юбориб, кейин камбэк амалга ошириш режаси бормиди? Остон Ўрунов нега захирадан майдонга тушди?

- Иккинчи бўлимда ўйиини кучайтириш режаси бор эди. Лекин ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбориш режамиздан ўрин олмаганди. Остоннинг асосий таркибдан ўрин олмаганлигига эса жароҳати борлиги сабаб бўлди.  Ўзбекистон кубогидаги ярим финалдан сўнг, Ўрунов бирор марта машғулотда иштирок этмади. У жароҳати бўлишига қарамасдан борини бериб ўйнади.

- Дониёр Абдуманнопов  К убо к ярим финали пенальтилар сериясидаги хатоси туфайли тушкунликка тушиб қолганмиди? Нега у бугун ўзини кўрсата олмади?

- Дониёр  2- даврада бизга ўтганидан сўнг, жамоада кўп ёрдам берди. У бугун кўп ҳаракат қилди, балки, бироз ҳаяжон таъсир қилган бўлса керак. Абдуманнопов бугун ҳам яхши ўйин намойиш этди ва унга эътироз йўқ. Дониёр айни пайтда “Навбаҳор”нинг муҳим футболчиларидан бири саналади.

- Тома Табатадзе ҳамда Йован Жокич келаси баҳсларда иштирок эта олишадими? Темурхўжа Абдухолиқов бугун ўз имконияти даражасида ўйин намойиш эта олмади. Баъзи вазиятларда унинг ўрнига майдонга тушишга урингандек бўлдингиз... 

- Темурхўжа биз учун муҳим, тажрибали футболчи. У бугун яхши ўйин ўтказди. Ҳужумларни якунига етказа олмаган бўлсада, кўпроқ ҳужумларни ташкил этишда қатнашди. Абдухолиқов бугунги баҳсда камида 13 км. масофани босиб ўтган бўлса керак. Айтаганча, Даврон Ҳошимов ҳақида унутдингиз, у Туркияда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди ва жорий мавсумда бошқа майдонга тушмайди.

Тома Табатадзе ва Йован Жокичлар эса тикланиш жараёнида, улар бу мавсумда бизга ёрдам бера олишади, деб ўйлайман.

- Рақиб жамоа устози Меҳди Раҳмати матбуот анжуманида ҳакамнинг хатоси ҳақида кўп гапирди. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?

- Мен ҳакамлик ҳақида гапиришга ўрганмаганман. Ҳакам ўйинни жуда яхши бошқарди. Симуляция ва вақт чўзишларни жойида жазолади. Улар ҳар бир тўхтатилиш учун керакли вақт қўшишади. Эсингизда бўлса, “Ал-Ҳилол” билан баҳсда рефери 14 дақиқа қўшиб берган эди. Ҳамма ўз ишини қилгани яхши. Менимча, айбни ўзидан излаш керак. Тўғри, баъзида биз ҳам эътироз билдирдик.

Айтганча, захирадаги ҳакам Ўзбекистон терма жамоаси тақдирини ҳал қилган. Хитойдаги учрашувда пенальти қўйиб, бизни ЖЧдан маҳрум қилган. У олдимга келиб, тўхтатилган вақт учун керагича дақиқа қўшилишини айтди.
***
"Навбаҳор" - "Нассажи Мозандарон" 2:1

Наманган. "Марказий" стадиони. 8263 тамошабин 
Бош ҳакам: Салмон Аҳмад Фалаҳи (Қатар);

Қанот ҳакамлари: Рамзн Саид Ал Наеми (Қатр), Мажид Ҳудайрес Алшаммари (Қатар);

Захира ҳаками: Дилан Перера (Шри-Ланка);

ВАР: Абдулраҳмон Ал Жассим (Қатар);

АВАР: Муҳаммад Аҳмад (Қатар);

Назоратчи: Салоҳ Муҳаммад Алмарзуқи (БАА);

Комиссар: Минду Доржи (Бутан);

Голлар: 0:1 — 44, Муҳаммадризо Азади, 1:1 — 74, Остон Ўрунов, 2:1 — 90+7 (автогол), Саид Беиги. 

"Навбаҳор": 1.Ўткир Юсупов, 4.Азимжон Аҳмедов (7.Остон Ўрунов, 46), 5.Милош Милович, 6.Иброҳим Йўлдошев, 10.Жамшид Искандеров, 13.Филип Иванович, 14.Жамшид Болтабоев, 17.Аброр Исмоилов, 19.Дониёр Абдуманнопов (77.Асадбек Собиржонов, 62), 21.Темурхўжа Абдуҳолиқов, 22.Игорь Голбан.

Захира: 12.Игнатий Нестеров, 20.Музаффархон Мўминов, 27.Шоҳбоз Жўрабеков, 31.Лука Чермель, 56.Аброр Каримов, 96.Усмонали Абдукаримов, 98.Давронбек Олимжонов.

"Нассажи Мозандарон": 1.Рашид Мазаҳери, 3.Воҳид Муҳаммадзода, 4.Амирмаҳди Жанмалеки, 5.Саид Беиги, 8.Фаршид Исмоили (14.Али Даврон, 65), 9.Муҳаммадризо Азади, 11.Маҳмуд Ҳайдараҳмати (6.Меҳрдод Абдиҳанан, 24), 32.Сабер Ҳардани, 77.Муҳаммад Ҳуссейни, 88.Исмоил Бобои (20.Аҳмад Мусави, 65), 96.Муҳаммадризо Аббоси (22.Хосе Антонио Вильяр, 82)

Захира: 12.Ҳуссайн Ҳатир, 10.Ҳуссайн Замеҳрон, 18.Меҳди Ризои, 50.Амирхуссан Далири, 55.Мерсад Сайфи, 70.Амирҳусайн Маҳжури, 81.Ариа Барзегар, 99.Алаа Аббос.

Огоҳлантиришлар: Азимжон Аҳмедов (7), Игорь Голбан (27), Муҳаммадризо Азади (87)

Четлатиш: Сабер Ҳардани (52)