Самвел Бабаян: “Натижа адолатли бўлмади ва...”

Самвел Бабаян: “Натижа адолатли бўлмади ва...”

“Навбаҳор” – “Насаф” (0:1) ўйинидан кейинги пресс-конференциянининг 2-қисмида мезбонлар устози Самвел Бабаян ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

- Бугун мамлакатимизнинг икки энг кучли жамоаси тўқнаш келди. Ўйин яхши, қизиқарли, курашларга бой тарзда ўтди. Афсуски, мағлубиятга учрадик. Натижа адолатли бўлмади. Жамоамиз мағлубиятга лойиқ эмасди. Афсуски, вазиятлардан фойдалана олмадик. Аслида ёмон ўйин кўрсатмадик. 
Ўз майдонимизда, мухлисларимиз қаршисида мағлубиятга учраш икки баравар оғир, албатта. Натижа учун ҳаммадан узр сўрайман. Йигитларга эътирозим йўқ, улар керакли натижани қайд этиш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Аммо бахтга қарши бугун омад биздан юз ўгирди. 
- “Навбаҳор”нинг жароҳат олган ва ва таркибда кўринмаган футболчилари  гапириб берсангиз.  Айтгангча, бугун Музаффар Мўминов ҳам майдонга тушди. Жамоа таркибида шундай ёш футболчиларга қанчалик эътибор берилмоқда?

- Табатадзе жароҳатидан фориғ бўлиб, сафимизга қайтишга яқин, Жокич эса бугун майдонга тушди. Муддатидан аввал уларни ўйната олмаймиз. Айни пайтда улар тикланиш жараёнини олиб боришмоқда. Афсуски, Табатадзени кубок ярим финалида майдонга тушириб, жароҳатини оғирлаштириб олдик. У айни пайтда тикланиш жараёнида. Кейинги машғулотларда Табатадзе умумий гуруҳ билан иштирок этади ва тез кунлар ичида майдонга қайтади.    Яхшибоевга келадиган бўлсак, у ҳам даволаняпти. Лекин бу жароҳат билан боғлиқ эмас. Ҳошимов ҳақида эса олдин ҳам тўхталиб ўтганман, унинг  операцияси муваффақиятли ўтди, аммо Даврон бу йил бизга ёрдам бера олмайди.
Мўминовга келадиган бўлсак, у “Навбаҳор”нинг энг иқтидорли йигитларидан бири. Жамоа келажаги. Бугун шундай оғир баҳсда Мўминовни майдонга туширишга мажбур бўлдик. У вазиятларда ёмон кўринмади, бир вазиятда голга ассистентлик қилиши ҳам мумкин эди. Лекин ўша вазиятда, Голбаннинг зарбасидан сўнг, афсуски, гол уролмадик. Иқтидорли йигитларимиз етарлича.Тўрт нафар футболчимиз ЖЧда “Навбаҳор” номидан иштирок этишади.
- Остон Ўрунов жароҳат билан ўйнашга мажбур бўляпти. Унинг айни пайтдаги жисмоний ҳолати қандай? 
- Остон асосий таркиб ва терма жамоа футболчиси. Остон оғриқ билан майдонга тушяпти. У жамоага ёрдам беришни хоҳлаяпти. Барча муҳим ўйинларда жамоамиз мағлубиятга муносиб эмасди. Омадимиз келмаяпти. Қаердадир омадимиз келиши керак-ку. Айбни ўзимиздан қидиришимиз керак. Бугун захирамиздан тўлиқ фойдаландик, тан олиш керак, бор кучимиз шу. Йигитлар ўйин давомида яхши ҳаракат қилишди. Афсуски, тўп рақиб дарвозасига кирмаяпти. Бу футбол. Балки кейинги баҳсларда омад кулар.
- “Навбаҳор”да энг яхши футболчилар йиғилган. Суперлигада мавсум якунланяпти, нега жамоада барқарор кутилган ўйин йўқ?
- Биз учта фронтда курашишга ҳаракат қилдик. Афсуски, биздаги таркиб барча турнирларда бир хил ўйнашга имкон бермади. Уч фронтда курашиш қийин. Руҳан ва жисмонан тикланиш ҳамда тайёрланиш қийин бўлди.
Бу вазиятда нима қилиш керак? Муҳим баҳсларда ўйинни кучайтира оладиган ёшларни тайёрлаш керак.