Шомуродовга энди "Болонья", "Лечче" ва "Галатасарой" ҳам даъвогар...?!

Шомуродовга энди "Болонья", "Лечче" ва "Галатасарой" ҳам даъвогар...?!

Маълум бўлишича, «Рома» ҳамда миллий термамиз ҳужумчиси Элдор Шомуродовга Туркиянинг «Галатасарой» клуби ҳам кўз тикмоқда.

Туркиянинг "Ҳуррият" нашрида ёзилишича Истанбул клуби Рим жамоасидан термамиз сардорини ижара асосида таклиф этмоқчи. 

Эслатиб ўтамиз, «Галатасарой» Туркия чемпионати якунланган мавсумини 13-ўринда якунлади. Жамоа ҳужум чизиғида Бафетимби Гомис, Мбайе Диань, Мустафо Муҳаммад сингари ҳужумчилар тўп сурмоқда. 

Айтганча, аввалроқ, Элдор Шомуродов янги мавсумни «Рома»да ўтказиши ҳақида гапирган бўлса, Италия нашрлари футболчига А Серия дебютанти «Лечче» қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берган эди.

Шунингдек, Шомуродовга Италиянинг ўзидан яна бир даъвогар чиқди. Fantamaster.it хабарига қараганда, «Болонья» раҳбарияти аллақачон ҳам-юртимиз трансфери бўйича Рим клубига мурожаат қилган. Аниқроғи, болоньяликлар Элдорни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара келишуви асосида ўйнатмоқчилар. Эслатма,  «Рома» Шомуродовни ўтган ёз «Женоа»дан 18 миллион еврога сотиб олган ва у билан 2026 йилгача мўлжалланган шартномани расмийлаштирганди. 

Айтганча, «Рома» янги мавсумга тайёргарликнинг катта қисмини Португалияда олиб боради. Рим жамоаси матбуот хизматининг хабар беришича, Жозе Моуриньо шогирдлари унинг юртида 4та назорат ўйини ўтказади. Ҳозирча 2та спарринг-рақиб маълум - «Спортинг» ва «Ницца». Қолган 2та ўйин Португалия ва Испания клубларига қарши бўлади. Эслатма, олдинроқ «Рома»нинг «Тоттенхэм» (30 июль) ва «Барселона» (6 август) билан куч синашиб кўриши маълум қилинган эди. Италия «А» сериясининг янги мавсуми эса 12 август куни бошланади.