«Специя» қандай клуб?

«Специя» қандай клуб?

Элдор Шомуродов «Рома»дан «Специя»­га ўтгач, мухлисларимизда ушбу камтарин клубга эътибор ва қизиқиш кескин ошгани - айни ҳақиқат.

Шуни инобатга олсак, Ўзбекистон миллий жамоаси сардорининг янги қўнимгоҳи ҳақидаги батафсилроқ маълумот кўпчиликни бефарқ қолдирмаслиги тайин.

Специя шаҳри

Специя - Лигурия денгизи қирғоғидаги шаҳар. Италиянинг энг йирик портларидан бири - Генуя ёнгинасидаги шаҳар географик жиҳатдан қулай жойлашуви ҳисобига иқтисодий томондан анча ривожланган. Оддий айтганда, Специя Италиянинг энг йирик савдо ва ҳарбий объектларидан биридир. Дейлик, бу шаҳар Лигурия денгизидаги ҳарбий саноат ва денгиз флоти маркази ҳисобланади. Тўғри, Специя ҳудуди ва аҳолиси сони бўйича қўшни шаҳарлардан яққол орқада. Таққослаш учун айтсак, бугунги кунда Специя аҳолиси 100 мингга ҳам етмайди, Генуяда эса чамаси 600 минг киши истиқомат қилади. 

«Специя» клуби 

Шомуродовни ўз сафига олган «Специя» тарихи анча узун бўлиб, клубга узоқ 1906 йили асос солинган. Специя - порт-шаҳар, бу ерга (шунингдек, Генуяга ҳам)  футболни XIX аср охирларида инглиз денгизчилари олиб киришган. Хуллас, Специяда миллионлар ўйини денгиз билан боғлиқ томони йўқ шаҳарлардагига нисбатан тезроқ оммалашган, ривожланган. Эътиборли томони, «Специя» 1943/1944 йиллар мавсумида Италия ярим расмий чемпионатида ғолиб чиққанди. 2002 йилга келиб, Италия футбол федерацияси «Специя»нинг ўша мусобақадаги ғалабасини расман тан олди, шу тариқа жамоа либосига чемпионлик белгиси туширилди. Тўғри, у «А» серия ғолиби формасига босиладиган тамғадан бироз фарқ­ланади. Специя клубининг «А» сериядаги тарихига келсак, у жуда қисқа. Яъни жамоа фақат 2019/2020 йиллар мавсумидан кейингина элитага кўтарилди. Бунгача узоқ йиллар давомида мамлакат чемпионати қуйи дивизионларида «изғиди», бир неча марта молиявий инқирозга юз тутди. Кескин ўсиш эса 2008 йилдан бошланди. Диққат қилинг, «Специя» атиги 4 йил ичида ҳаваскорлар лигасидан «В» серияга сакраганди. Хуллас, «Специя» узоқ танаффусдан кейин мавсум-2012/2013да Италия футбол тизимидаги иккинчи рақамли лигада ўйнади. Жамоанинг «А» серия йўлланмасини қўлга киритишида эса, айни пайт «Фиорентина»ни бошқараётган Винченцо Итальяно катта роль бажарди.

Аввалги мавсум

«Специя»ни «А» серияга тортган Винченцо Итальяно мавсум бошида «Фиорентина» таклифини қабул қилди. Унинг дебютант клубдаги ўрнини эса Тьяго Мотта эгаллади. Ёш мутахассис мавсум ўрталарига келиб, жамоадаги умумий ҳолатга анча мослашди ва специяликлар ёпиқ ўйинга таяна бошлашди. Дебютант якунда 16-ўринни банд этди, аммо Тьяго Мотта кетишга қарор қилди. Йўқ, унинг ишига салбий баҳо бериш ярамайди, зеро, ёш мураббий турли вазиятларга тезда мослаша олишини исботлади. Қисқаси, Моттага ўз ғояларини амалга ошириши учун бошқачароқ таркиб зарурлиги кўринди.

Амалдаги бош мураббий

Ҳозирги бош мураббий Лука Готти бу соҳадаги фаолиятини «Милан» академиясида бошлаган. Кейин «Тревизо» бош мураббийи лавозимига тайинланишига қадар кўплаб ҳаваскор жамоаларда узоқ йўлни босиб ўтди. Готти бу орада «Кальяри»да Роберто Донадони, «Челси»да эса Маурицио Саррига ассис­тентлик ҳам қилди. Аммо Сарри билан «Ювентус»га йўл олмади, аксинча, «Удинезе»да Игор Тудор штабига қўшилди. Хорватиялик мутахассис истеъфога чиқарилгач, «Удинезе»ни айнан Готти бошқарди - аввалига вақтинча, кейин тўлақонли бош мураббий мақомида. Бироқ 2021 йилнинг декабрь ойига келиб, Удине жамоаси раҳбарияти қониқарсиз натижалар туфайли Лука Готтини ҳам ишдан бўшатди. Айни пайт «Специя» ўйинида барқарорлик кўзга ташланмаяпти ва агар натижалар ижобий томонга ўзгармаса, Готти мавсум охиригача клубда қолмаса керак. У фалсафа бўйича вертикал футболга мойил, аммо жамоалари баъзан бундай ўйинга берилиб кетиб, мувозанатни йўқотиб қўяди.

«Специя» ҳужуми

Камтарин жамоа ҳужумчилари ҳақида сўз очилса, аввало, Мбала Нзола тилга олинади. Зеро, 18та ўйинда 9та гол урган футболчи «А» серия тўпурарлари пойгасида қатнашмоқда. Нзола ҳозир жароҳат туфайли четда, «Специя» олдинги чизиғида эса асли қанот ёки ҳужум ортида ўзларини яхшироқ сезадиган Гьясси, Верде, Агуделло ва Мальдини каби йигитлар ҳам тўп суришмоқда. Дарвоқе, «Специя» қишда Шомуродовдан ташқари, Раймондс Кроллисни ҳам сотиб олди (трансфери 1,5 миллион еврога баҳоланди). Латвиялик футболчи ўтган йили «Валмиер» клубининг 34та ўйинида 25та гол урганди. Шунга қарамай, Кроллисга дарҳол натижа берадиган ҳужумчи сифатида қарашмаяпти. Чунки у аввалига «А» серия муҳити ва Италияга кўникиши зарур. Шу жиҳатдан Шомуродовда устунлик бор - у Апеннин ярим оролида ўзини деярли уйидагидек ҳис қилади.

Умид катта, албатта 

Ҳа, мавсумнинг ортда қолган қисми Шомуродов учун самарасиз ўтди. Ахир «Рома»нинг «А» сериядаги атиги 6та ўйинида майдонга тушди ва гол уролмади. ЕЛда ҳам гол урганига қарамай, худди мамлакат кубогида бўлгани каби етарли амалиётга эга бўлмади. Қисқаси, «Рома»даги қайта қуриш ва Пауло Дибала трансфери натижасида Жозе Моуриньо режаларидан тушиб қолган футболчи аслида ёздаёқ бошқа клубга юзланса бўларди. Бунга Шомуродовнинг ўзи ҳам қарши эмасди, лекин «Рома» уни ижара сафарига юборишни эмас, фақат тўлиқ сотишни ўйлади. Энди мавсум ўртасида Шома янги йўлни бошлади, боз устига, буткул нотаниш клубда. Шомуродов олдидаги миссия - «Специя»га қуйи дивизионга тушиб кетмаслик йўлида ёрдамлашиш. Жамоа айнан Элдор тоифасидаги ҳужумчига муҳтож эди, шунинг учун Кроллис трансферидан кейин ҳам клуб уни ижарага олиш бўйича ҳаракатни тўхтатмади.

Энди Лука Готти «Специя»си ҳужуми битта вариант эмас, турли деталларга эга. Нзола тахминан шу ой охирида сафга қайтиши керак. Шомуродовга фақат гол ура оладиган футболчи эмас, яна майдонда катта кўламда иш бажарадиган ижрочи сифатида умид боғлашмоқда. Нзола айнан шу томондан мақтанолмайди - тўп билан камроқ муомалада бўладиган футболчи асосан ҳужумларни якунлашга мослашган. Нзола сафга қайтгач, ҳужумда турли вариантлар юзага келади. Готти икки ҳужумчи билан ўйнаш усулига таяниши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда, «Специя» баъзан 3-5-2 тактик чизмасидан фойдаланмоқда ва бу Шомуродов учун қулай схемадир. Таъкидланишича, Готти айнан Элдор тоифасидаги ҳужумчи билан ишлашни яхши кўради - Нзола ҳимоячилар эътиборини ўзига қаратади, Шомуродов эса бўш зоналардан фойдаланади. Яна бир вариант бор - ягона ҳужумчи ролида тушадиган Элдорга Верде ва Гьясси ёрдамлашадилар.

Муносабат. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ сардори Сервер Жепаров euro-football.ru порталига берган қисқа интервьюсида Шомуродовнинг «Специя»­га ўтганини унча ёқламади: «Специя» Элдор учун энг мақбул вариант эмасди, назаримда. Ҳар қандай ҳужумчи жамоа­дошлари кўмагига муҳтож бўлади. Зеро, ҳужумчининг самарадорлиги узатмалар сони ва сифати, қулай вазиятларга боғлиқ. «Специя»да бундай футболчилар бормикан...? Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Элдорга омад тилайман. Ҳар бир футболчи ўйнаши керак».

Факт. Элдор Шомуродов «Специя» таркибидаги энг қимматбаҳо футболчилардан бирига айланди. Ҳамюртимизнинг трансфери ҳозирда 7 млн. еврога баҳоланмоқда. «Специя»да эса атиги икки футболчининг қиймати бундан баландроқ: «Челси»дан ижара келишуви бўйича олинган Итан Ампаду (9 млн. евро) ва италиялик ҳимоячи Симоне Бастони (7,5 млн. евро). Қолаверса, «Специя» Шомуродовнинг 5 ойлик ижараси учун «Рома»га 1,5 млн. евро тўлайди. Бу ҳам клуб учун ўзига хос рекорддир. Яъни «Специя» ўзининг 116 йиллик тарихида ҳали бирор футболчининг ижараси йўлида шунча катта харажатга қўл урмаган. 

Қизиқарли далил. «Рома» Элдор Шомуродовни ижара сафарига жўнатиши билан 2023 йил ҳисобидан дастлабки мағлубиятни тан олди. Тарихга назар солсак, 27 ёшли ҳужумчи кетиши билан унинг собиқ жамоалари муваффақиятсизликка учраган:

1. «Машъал» Ўзбекистон чемпионатида кучли бешликка киролмади (ке­йинроқ Про лигага тушиб кетди). 

2. «Бунёдкор» 5 йилдан буён ОЧЛга чиқолмаяпти. 

3. «Ростов» еврокубоклар «плей-офф» босқичида ўйнагани йўқ.

4. «Женоа» «А» сериядан тушиб кетди.

5. «Рома» Италия кубогида курашдан четга чиқди.

ШОМУРОДОВ ҲАМОН ЭНГ ҚИММАТБАҲО ФУТБОЛЧИЛАРДАН БИРИ

Элдор Шомуродов ҳамон собиқ иттифоқ ҳудудидан чиққан энг қимматбаҳо футболчилардан биридир. Transfermarkt яқинда вақтида иттифоқ таркибида бўлган 15та мустақил мамлакатнинг айни пайтдаги энг қимматбаҳо футболчиларини ягона рўйхатга жамлади. Уни грузиялик Хвича Кварацхелия бошқариб турибди. «Наполи»да яйраётган ҳужумкор футболчининг трансфери 60 миллион еврога баҳоланмоқда. Яқинда «Челси» сафига қўшилган украиналик Михаил Мудрик 2-ўринда - 40 миллион евро. Кучли учликни Франция чемпионатида «Монако» шарафини ҳимоя қилаётган россиялик Александр Головин якунлаб берди - 22 миллион евро. Элдор Шомуродов эса бу рўйхатнинг 5-қаторида.

Собиқ иттифоқ мамлакатларининг энг қимматбаҳо футболчилари (transfermarkt талқини)

1. Грузия: Хвича Кварацхелия («Наполи») - 60 млн. евро

2. Украина: Михаил Мудрик («Челси») - 40 млн. евро

3. Россия: Александр Головин («Монако») - 22 млн. евро

4. Арманистон: Эдуард Сперцян («Краснодар») - 9 млн. евро

5. Ўзбекистон: Элдор Шомуродов («Специя») - 7 млн. евро

6. Қозоғистон: Бахтиёр Зайнутдинов (ЦСКА) - 5 млн. евро

7. Молдова: Олег Рябчук («Олимпиакос») - 4 млн. евро

8. Латвия: Раймондс Кроллис («Специя») - 2,5 млн. евро

9. Беларусь:  Виталий Лисакович («Рубин») - 1,5 млн. евро

   Эстония: Карл Хейн («Арсенал» U-21) - 1,5 млн. евро

11. Озарбайжон: Эмин Маҳмудов («Нефтчи») - 1,4 млн. евро

12. Литва: Эдгарас Уткус («Серкль Брюгге») - 800 минг евро

13. Қирғизистон: Валерий Кичин («Енисей») - 750 минг евро

     Тожикистон: Парвиз Умарбоев (ЦСКА-1948) - 750 минг евро

15. Туркманистон: Рахат Жапаров (эркин агент) - 250 минг евро