Сречко Катанец: " Натижага фақат мен жавоб бераман..."

Сречко Катанец: " Натижага фақат мен жавоб бераман..."

Осиё кубоги 2-тур доирасидаги Ҳиндистон (3:0) терма жамоасига қарши кечган учрашувдан сўнг

терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Аббосбек Файзуллаевлар матбуот анжуманида иштирок этишди 

Сречко Катанец:- Қисқа жавоб бераман: йигитларнинг ўйинидан қониқдим. Жуда яхши ўйин кўрсатдик. 

Биз бугун 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнадик, десак тўғрироқ бўлади. Терма жамоамизнинг ўтган йилги ўйинларига эътибор берсак, учта марказий ҳимоячи билан ўйнаганимизда, жамоа ишончлироқ кўринганди. "Интер" клуби ҳам учта марказий ҳимоячи билан ўйнайди. Иккита қанот ҳимоячилари ҳужумда жуда актив. Сиз бешта ҳимоячи билан ўйнасангиз ҳам, улар ҳужум қилишни хоҳлашмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Мен ҳеч қачон ўз ҳимоячиларимга фақат ҳимояда туринглар демайман. Австралия бугун тўртта ҳимоячи билан ўйнади. Мен биринчи таймни томоша қилдим. Лекин биринчи бўлимда Австралия деярли вазият ярата олмади. Демак, гап нечта ҳимоячи билан ўйнашда эмас. Сурияга қарши ўйинда ҳам бугунгидек ҳаракат қилганимизда, биз бошқача ўйин кўрсатган бўлардик.

 Аббос ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳар доим табассум қилади. Доим яхши ўйин кўрсатади. Нафақат бизда, балки ЦСКА клубида ҳам. Терма жамоа мураббийи сифатида Аббосбек каби ўйинчим борлигидан мамнунман. 20 ёшли футболчи катта ўйинларда ўйнай олиши керак. Ҳозирги футболда 23 ёшли футболчини ҳам иқтидорли дейишади. Аслида, ҳақиқий иқтидор 20 ёшида ҳам катта ўйинларда ўзини кўрсата олади.

Ҳурмат билан айтаман, мен ўзбекистонлик журналистлари нима ёзаётганини умуман ўқимайман. Таржимоним Даврондан ҳам менга ўзбек матбуоти нима деб ёзаётганини ҳеч қачон айтмаслигини сўраганман. Мен бор эътиборимни ўз ишимга қаратганман. Журналистларни ҳурмат қиламан, аммо табиатим шундай. Бугунги тактикамиз бўйича хоҳлаганингизча ёзишингиз мумкин.

Журналистлар натижага жавоб беришмайди. Сиз истаган нарсангизни ёза оласиз, аммо натижага мен жавоб бераман. Фарқимиз шунда. Журналистлар терма жамоамиз ичидаги 10% маълумотни билиши мумкин. Қайсидир ўйинчида жароҳат борлиги ва ҳоказо. Олдимизда Австралияга қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Биз бор эътиборимизни шу ўйинга қаратганмиз.

Аббосбек Файзуллаев: - Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Суриядан кейин ғалаба қозонишимиз шарт эди. Сурияга қарши ўйин ҳақида гапиришни истамайман. Бор эътиборни Австралияга қарши учрашувга қаратамиз. Ҳозир энг муҳими, тикланиб, кейинги ўйинга тайёрланиш. 3-турдаги баҳс

қизиқ бўлиши аниқ. Улар қоғозда кучли бўлиши мумкин, аммо майдонга иккала жамоа ҳам 11 нафар футболчи билан чиқади. Биз Австралиядан кучсизмиз дея олмайман, чунки жамоадошларимга ишончим юқори…

Мазкур мақолани тайёрлашда championat.asia сайтининг маълумотларидан фойдаланилди.