Алишер Никимбаевдан яна дангал жавоблар...

Алишер Никимбаевдан яна дангал жавоблар...

ИНТЕРВЬЮЛАРИМДАН КЕЙИН АЙРИМЛАР ЎЗЛАРИНИ ЁМОН ҲИС ҚИЛИШЯПТИ

Вақтида Ўзбекистон футболи раҳбарияти тизимида ишлаган, ҳозир эса Қатар ФАда фаолият юритаётган мутахассис Алишер Никимбаев tribuna.uz сайтига берган интервьюсида ҳам саволларга очиқ-ошкора жавоб берди. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси аъзоси саналган ҳамюртимиз жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси, ЎФА ва ПФЛ фаолиятига ҳам тўхталди. Қуйида суҳбат ичидан энг қизиқарли ва янги мавзулар ажратиб берилмоқда.

- Алишер ака, аввало, ҳозирги ишингиз юзасидан савол: ЖЧ-2022 тарихдаги энг яхши турнир бўлиши мумкинми?

- Албатта. Бунга асослар кўп. Фақат илк мундиал 1та шаҳарда ўтказилган - 1930 йили Уругвай пойтахти Монтевидеода. Ундан кейингилари камида 2та шаҳарда ташкиллаштирилган. Ҳа, бу сафар географик жиҳатдан 5та шаҳар кўрсатилган, аммо энг шимолий ва жанубий мезбон ўртасидаги масофа атиги 55 км., яъни 1 соатлик йўл. Масалан, Россия мундиалида Англия миллий жамоаси Калининградда туриб, ўйинлар учун бошқа шаҳарларга қатнаганди. Ҳаттоки, 1 кун олдин йўлга чиқиш талаб этилган. Қатарда эса жамоалар стадион яқинидаги меҳмонхоналарга жойлашади. Фақат икки жамоа шаҳардан четроқда, аммо шулар ҳам автобусда стадионга 1 соат ичида етиб олади. Қолаверса, мундиал мавсум ўртасида, демак, футболчилар жисмоний жиҳатдан энг яхши спорт формасида бўлишади. Мухлислар эса кунига 2та ўйинни бемалол бевосита стадионларда кузатишлари мумкин. Аслида 4та учрашувга улгуриш имкони бор, фақат ФИФА қоидасига кўра, мухлислар бир кунга қўйилган ўйинларнинг 2тасидан ортиғига чипта ололмайдилар.

Технологиялар борасида ҳам янгиликлар бор: кийиниш хоналарига мониторлар ўрнатилади. ФИФА ҳар бир жамоа­га 2тадан планшет беради — мураббийлар ўйин пайтиёқ такрорий лавҳаларни турли ракурслардан кўришлари, футболчиларнинг қанча масофа югуришгани ва бош­қа жисмоний кўрсаткичлари ҳақида маълумот олишлари мумкин. Шу ўринда Ўзбекистон билан таққослаймиз. Айтишларича, Суперлига ўйини вақти планшет ишлатгани учун «Сурхон» мураббийини четлатишибди. ФИФА ХХI асрда яшаяпти, биз эса ҳамон ХХ асрдамиз...

- Қатардаги стадионлар қурилишида Бангладеш ва ҳиндистонлик қурувчиларнинг ҳалок бўлишгани ҳақида хабарлар тарқалди...

- Стадионда ишчилар ўлаётганини кўрганим йўқ. Бу ҳақда расмий манбаларда ёзилмади. Ҳеч кимда аниқ маълумот бўлмаса керак. Яна бир томони, Қатарда 2,8 млн. аҳоли бўлса, шундан 80 фоизга яқини хорижлик. Демакки, ўлим сони хорижликларда кўпроқ эканлиги табиий ҳол.

- ФИФА жаҳон чемпионатини ҳар 2 йилда ўтказиш масаласини тез-тез кўтармоқда. Бунга муносабатингиз...

- Менимча, бу нотўғри. ФИФА­га молиявий жиҳатдан фойдалидир, лекин Олимпиада ўйинлари ва Европа чемпио­нати борлигини унутмаслик керак. Мавзу март ойидаги Конгрессда кўтарилиши керак эди, лекин индашмади. Демак, ғоя етарли овоз тўпламаган.

- Купернинг миллий жамоага олиб келинишини хато дегансиз. Савол бошқачароқ: айримлар Фаластин термасидан учралган мағлубият (0:2)да футболчилар саботаж қилишганини айтишади. Бунга қўшиласизми?

- Йўқ, ишонмайман. Лекин бундай бўлмаганини ҳам 100 фоиз ишонч билан айтмайман, чунки у ерда эмасдим. Кўпчилик футболчиларни ёшлигидан танийман. Улар учун ЖЧ — орзу. Мураббийни истеъфога чиқариш учун орзудан кечиб, ютқазиб беришларига ишониш қийин.

- Максим Шацких Украина уруши туфайли мажбурликдан қайтгани ҳақида гап-сўзлар янграмоқда. Максни яхши биласиз, у шундай инсонми?

- Бундай гапларга қўшилмайман. Шацких - профессионал. Кимгадир шундай туюлаётгандир, лекин 2-3 йилдан буён унинг олдида Ўзбекистонда ишлаш варианти бор эди. Макс билан қўнғироқлашиб турамиз ва унда ватанга қайтиш хоҳиши йўқ эди, деб айтолмайман. Қачондир қайтарди, барибир, бунга уруш сабаб эмас.

- Умумий тушунчага кўра, миллий жамоа учун ички чемпионат кучли бўлиши керак. Айримлар эса бунга боғлиқ эмаслигини таъкидлашади. Сизнинг фикрингиз қандай?

- Албатта, кучли миллий чемпионат керак. Ҳар ҳолда, Максим Шацких, Виталий Денисов, Илёс Зейтуллаев ва Санжар Турсунов каби истисноларни инобатга олмасак, футболчилар миллий чемпионатдан чиқишади. Клублар кучайса, миллий жамоа ҳам ўсади.

- Аср бошида «Пахтакор» миллий жамоа базаси сифатида шакллантирилди. Ҳозир «Олимпик» лойиҳаси бор. Бундай ҳаракатга қандай қарайсиз?

- Фарқи бор. «Пахтакор»га тайёр футболчиларни олишган — Жепаров, Кападзе, Николаев, Нестеров, Кошелев... «Олимпик» эса танилмаган, асосан ўринбосарлар жамоаларида ўйнаганлардан тузилди. Мени қизиқтираётгани шуки, «Олимпик» лойиҳаси 2024 йилгачами ёки давом этади? Келажаги қизиқ. «Пахтакор» марказлаштирилишигача ҳам клуб сифатида бор эди. Кападзе жамоаси эса фақат лойиҳа учун тузилди. Бу профессионал клубми? Эртага МОҚ молиялаштиришни тўхтатса, нима бўлади? Дейлик, натижага эришиб, Парижга бордик, Лос-Анжелес Олимпиадаси учун ҳам шу лойиҳа ишлатиладими? Кападзе 2028 йилгача қоладими? Агар миллий жамоага ўтиб кетса, янгидан ёш йигитлар йиғиладими?

- Ҳозир Қатар ФАда ишлаяпсиз. Мамлакат миллий жамоаси ўсди: испанларни олиб келишди, Aspire академияси... Тизимли ишлар самара бердими ёки олтин авлод чиқиб қолди?

- Иккиси ҳам. Аввало, тизим самараси. Академия ташкил этилганига 20 йил бўлмоқда. Иккинчидан, Қатарнинг туб аҳолиси атиги 300 минг кишидан иборат — Тошкентнинг битта туманиникидан ҳам кам. Ҳар доим яхши футболчилар чиқиши имконсиз. Мана, U-23 жамоаси Тошкентдаги Осиё чемпионатида қандай натижа қайд этди? «Гуруҳдан чиқса ҳам, катта гап», деб тургандик, чиқолмади.

- Ўзбекистонда ҳам шундай тизим яратиш мумкинми?

- Қатарда барча клубларнинг энг яхши ёш футболчилари ҳафтасига 5 кун Aspire академиясида шуғулланишади ва фақат 6-кун ўйин учун ортга қайтишади. Ўзбекистонда бундай тизимни қўллаш қийин. Дейлик, Қорақалпоғистон ёки водийдан яхши футболчиларни Тошкентга чақириб, 5 кун шуғуллантириш осон эмас. Тўғридан-тўғри «Copy}Paste» қилолмайсиз. Лекин яхши томонларини ўйлаб кўриш керак. Дейлик, барча ёш тоифасидаги жамоалар бир хил услубда ўйнамоқда. Бизда ҳам шундай бўлиши керак, аммо жамоаларни турли услубга таянадиган мураббийлар бошқаришади. Шунинг учун ёш футболчи кейинги жамоага ўтишда йўқолиб қолади.

- Ўзбекистон миллий жамоаси учун мундиалга чиқиш асосий марра бўлишига қандай қарайсиз?

- Доим айтаман: ЖЧга чиқишнинг икки йўли бор — Жанубий Корея ва КХДР вариант­лари. Жанубликлар мунтазам қатнашишади. Ҳаттоки, ЖЧ-2018 саралашида жамоанинг энг кучсиз авлоди ҳам бизни орт­да қолдириб, Россияга борди ва у ерда Германия термасини енгди. КХДР термаси эса 2010 йили мундиалга борди, аммо ҳозир нима қилаётганини билмайди. Қисқаси, йўлни тўғри танлаш лозим. Бир марта чиқиб, «бўлди энди» қабилида чекиниш ярамайди. ЖЧга мунтазам олиб борадиган тизим керак.

- ЎФА ва ПФЛ ҳақидаги саволларга ўтамиз. Суперлига клубларидан бадал пули олиниши қанчалик тўғри?

- Нотўғри. Аммо барчаси иқтисодий имкониятларга боғлиқ. Бизнинг футболда бизнес тизими йўқ. Биринчидан, трансляция сотилмайди. Бу бир кунлик масала эмас. Лекин ўзгаришларни кўряпман. Масалан, Sport ва UzReport топ-лигалар трансляциялари учун рақобатлашмоқда. Шу рақобат ўз футболимизда ҳам акс этса, яхши бўлади. Бугунги кунда хусусий клубларимиз фақат хўжайин чўнтагидан яшаяпти. Масалан, «Пахтакор». Катта тадбиркорлар келишди, анча маблағ сарфлашди ва 3 йилдан сўнг қўл кўтаришди: «Бас, бизга керак эмас». Чунки пул тикиб, фойда олишмади. АПЛдан «Ньюкасл»ни олайлик. Саудияликлар нега бир неча йил давомида клубни сотиб олишга уринишди? Чунки ундан йилига камида 200 млн. фунт стерлинг миқдорида фойда кўриш мумкин. Бизда исталган жамоани олинг, минимал базаси йўқ, фақат харажат...

- Суперлигада 5-6та жамоа чемпионлик учун курашмоқда. Бу табиий туюл­яптими?

- Биринчи навбатда, «Пахтакор»нинг пасайиши таъсири бор. Қолаверса, бошқа клублар, жумладан, «Сўғдиёна» босқичма-босқич кучайди. Дейлик, «Қизилқум»дан кутмагандим, аммо хурсанд қилмоқда.

- 10 йилча аввал ОФК комиссияси таркибида клублар инфратузилмасини ўрганиш ва талаблар белгилаш масаласида келиб турардингиз. Солиштирсак, ҳозир клублар ўша талабларни қанчалик бажарган?

- Инфратузилма бўйича катта ўзгариш йўқ. 10 йил аввал жуда кўп стадион қурилган ёки реконструкциядан чиқарилган. Менимча, фақат «Турон» янги стадионга эга бўлди. Яна бир бор айтаман, ҳукумат ёрдам бермаса, клубларнинг ўзи инфратузилмасини яхшилай олмайди. Барча мамлакатларда шундай. Жумладан, Қатарда ҳам клубнинг ўзи стадион қуролмайди.

- 10тадан ортиқ клубимиз ОФК лицензиясини олди. Бу шунчалик осонми?

- Лицензия олиш қийин эмас. Талаблар умумлаштирилган. Энг қийин масала — клубнинг молиявий ҳолати, қарзи бор-йўқлиги. Бизда бир томондан клублар лицензия оляпти, аммо эртасига ФИФАдан трансферлар бўйича тақиқ келяпти. Шунга ҳайронман. Масалан, Эроннинг кучли клублари футболчилардан қарздорлик туфайли лицензия ололмади. Эрон ФА беряпти, аммо ОФК бекор қиляпти. Балки бизда ҳам бугун-эрта шундай бўлар....

- Яқинда Ўзбекистонда келишилган ўйинлар камайгани ҳақида гапирдингиз. Бу ЎФА ва ПФЛнинг самарали курашими ё клубларда бошқарув яхшиланди?

- Тўғриси, қандайдир курашни кўрганим йўқ. Келишилган ўйинларда қатнашадиганларнинг кўпчилиги кетгани сабабдир балки. Бундай баҳслар асосан қуйи лигаларда кузатиляпти. Футболчиларга вақтида маош берилмаса, бундай ўйинлар ўз-ўзидан кўпаяди. Ҳақ олмаган ўйинчи тотализаторга ўрганади. Кутилмаганда, биринчи бўлимдаёқ футболчини алмаштиришади, чунки шунга пул тиккан бўлишади...

- Равшан Эрматов ва ЎФА фаолиятига қандай баҳо берасиз?

- Жуда қийин. Сабаб — профессионал кадрлар етишмаслиги. 100 фоиз қониққаним йўқ, буни ўзига ҳам айтдим. Мана, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпио­нати ўтказилди. Хатосиз эмас. Келаси йил март ойида Тошкент­да U-20 тоифасида қитъа чемпионати бўлиб ўтади. Кўрамиз. Хатолар қайтарилмаса, ўсиш кўринади.

- Тошкентда ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати финалидан олдин чипталар сотуви масаласида муаммо юзага келди. Адолатли тизим яратиш мумкин эмасми?

- ЖЧни олайлик: фақат электрон чипталар. Онлайн-сотув ва турникет масаласига эътибор қаратиш керак. Электрон чипталар сотилишини назорат қилиш мумкин. Масалан, ФИФА сайтига кириб, 1та ўйинга 6тадан ортиқ чипта сотиб ололмайсиз.

- Бизда Равшан Эрматов финалга 400та, Одил Аҳмедов 100та чипта сотиб олишгани муҳокама қилинди...

- Улардан чипталарни кимларга беришганини сўрадингизми? Шундай вазиятлар бўладики, раҳбарлар қайсидир ташкилотларга беришга мажбурлар. Ўзимдан мисол келтираман: 2010 йил, Ўзбекистон — БАА ўйини. Менга қўнғироқ қилишди: «Шайхонтоҳур ҳокимиятиданмиз. Бизга чипта керак». Жавоб бердим: «Акалар, узр. Чипталар кассада». Кейин бирдан сўкб кетишди: «Маҳаллий ҳокимиятданмиз. Ҳурмат қилмайсанлар». Ҳурмат қилганимиз учун аслида шаҳар ҳокимиятига берганмиз, лекин етиб бормаган...

- Диёр Имомхўжаев билан тез-тез ғойибона мунозарага киришасиз. Юзма-юз гаплашиб олсанглар бўлмайдими?

- 1,5 йилдан бери баҳслашмаяпман. ПФЛ ҳам, ўзи ҳам қизиқ эмас. Юзма-юз келиш? Анчадан буён гаплашмаганмиз.

- Диёр туфайли Ахбор ва Аброр Имомхўжаев билан ҳам муносабатларингиз бузилдими? Бундай саволга сабаб шуки, қозоқ шарҳловчиси оламдан ўтганида, каналингизда ёздингиз: «Қозоқларнинг Ахбор акаси вафот этди». Ахбор Имомхўжаев вафотида эса ҳеч нарса ёзмадингиз...

- Каналда ҳам кимдир сўради. Жавобим оддий: биринчидан, бу янгиликлар канали эмас. Иккинчидан, ўша куннинг ўзида яна бир қанча танишларим вафот этишганди. Шулар билан банд бўлганман. Қайтараман, расмий канал эмас, қачон вақт топсам, ёзаман.

- Молиявий томондан яхши таклифларга эга бўлсангиз ҳам, Ўзбекистонга қайтиш истагингиз сезилиб туради. Бу ватанда ишлаш хоҳишими ёки ўзбек футболини ривожлантириш учун имкониятингиз борлигини ҳис қиласиз...?

- Иккаси ҳам. Аввало, ватан. Шу ерда туғилганман. Қолаверса, 20 йил давомида ўзбек футболида фаолияти юритдим. Ундан кейин ҳам ёрдам берганман, ҳалигача шундай. Одамлар билишади. Қаерда ишласам ҳам, Ўзбекистондан қўнғироқ қилиб ёрдам сўрашса, доим тайёрман. Қайтаманми ёки йўқ - бу бошқа масала.

Аъзамжон ИЗЗАТИЛЛАЕВ  суҳбатлашди