Тафсилот: Бир пост, 230 минг лайк ва кучли таҳдид

Тафсилот: Бир пост, 230 минг лайк ва кучли таҳдид

«Интер» ЧЛда «Барселона»ни ягона гол эвазига енгди ва буни зўр нишонлади.

«Нерадзурралар» майдон четидаги хурсандчилик билан чекланиб қолмай, мавзуни ижтимоий тармоқларга ҳам олиб чиқишди. Айнан шуниси кучли эффектни юзага келтирди.

«Интер»нинг ёш ҳимоячиси Алессандро Бастони ўйиндан сўнг «Инстаграм»даги саҳифасини ўйиндан олинган фотосурат билан безаб, чиройли изоҳ қолдирди: «Юрак ва характер ғалабаси». Бир қарашда, оддий, бировни ортиқча ранжитмайдиган изоҳ, тўғрими? Бироқ Бастони танлаган суратга қарасангиз, фикрингиз ўзгаради: унда ҳимоячининг «Барса» умиди Гавини майдон узра судрагани акс этган. Факт шуки, футболчининг ушбу пости қисқа вақтда 230 минг лайк тўплади. Бастони «Инстаграм» майдонида ҳеч қачон бир пост ортидан шунча лайк олган эмасди. 

Пост остига қолдирилган изоҳларга қарасак, якдил хулоса чиқади: италиялик ҳимоячи «Барселона»нинг ёш юлдузини атайин калака остига олган:

- - 

- Бастони «Барселона» ва Гавини ЕЛга судрамоқда.

- Бастони шунчаки, Гави ўрнини кўрсатиб қўйди, қандай сурат!

Тўғри, «Барселона» мухлислари ҳам жавоб беришни пайсалга солмадилар:

- Гави Испания миллий жамоаси сафида ЖЧга борган вақт сизлар Италия термаси билан қаерда бўласизлар? 

«Барса» Миланда ҳакамлик туфайли қийналганини инобатга олганда, Бастонининг сурати икки ҳисса оғриқли. Ҳар ҳолда, Ансу Фатининг голи қўл билан ўйин ташхиси туфайли бекор қилинди. Қўшимча вақтда эса тўп Дензел Дюмфрис қўлига тегди, аммо рефери «Интер» дарвозаси томон пенальти белгилашга жазм этолмади.


Кучли таҳдид

Алессандро Бастони шу пости ортидан кучли таҳдидларга ҳам учради. Буни футболчининг рафиқаси маълум қилди ва ўз почтасига тушган бир неча хатни «Инстаграм»га жойлади. Улардан бири чиндан ҳам, қўрқув уйғотади: «Турмуш ўртоғинг оёғини синдираман. Ҳозир уйларинг атрофидаман. Уни отиб ташлайман ва ортиқ ўйнай олмайди»


Хавига эътироз 

Ўйиннинг 68-дақиқасида словениялик рефери VAR аралашуви билан Ансу Фати урган голни инобатга олмади ва қўшимчасига «Барселона» бош мураббийи Хавини сариқ карточка билан «сийлади». Рефери майдонга қайтгач ҳам, испаниялик мутахассис захира ҳаками билан нималарнидир муҳокама қилди ва якунда ўнг қўли билан қилиқ кўрсатдики, бу италиялик мухлислар ва журналистларга оғир ботди. Жумладан, мамлакатнинг етакчи футбол репортёри Танкреди Палмери «Твиттер» орқали УЕФАга мурожаат йўллади: «Жуда шармандали ҳолат. Хави ўта хунук ишораси билан ҳакамлар «коррупциялашгани»ни кўрсатмоқчи бўлди. УЕФАдан тегишли жазо чораси тайинлашини кутаман».