ТАФСИЛОТ: Чиро Римни тарк этмоқчи

ТАФСИЛОТ: Чиро Римни тарк этмоқчи

Жорий мавсумда Италиянинг бир қатор номдор жамоалари қилтираб турган хароба уйлардек парчаланиб кетишди. 

Биринчи навбатда «А» сериянинг амалдаги чемпиони бўлган «Наполи» таниб бўлмас даражада ўзгариб қолди. Энди бир оз кечикиб бўлсада, кумуш медаллар соҳиби бўлмиш «Лацио»да шиддатли пасайиш кузатилмоқда.

Римликлар маълум муддат аввалги мавқеларини сақлаб қолишга астойдил уриниб кўрдилар. Ҳатто ЕЧЛ нимчорак финалининг дастлабки беллашувида «Бавария»ни тор,мор этишди. Лекин шундан кейин қуйига шўнғиш даври бошланди. қаторасига қайд этилган 4та мағлубиятдан кейин (жумладан, «Бавария»га қарши жавоб учрашуви ҳам) 13, март санасида бош мураббий Маурицио Сарри истеъфо сўраб, ариза берди. Унинг ўрнини ўз ёрдамчиси Жованни Мартушьелло эгаллади. 2 кундан кейин эса, вақтинчалик Мартушьелло ўрнига Игор Тудор бош мураббий этиб тайинланди.

Четдан қараганда, бош мураббийлар алмашуви футболдаги одатий ҳолдек туюлади. Бироқ бу сафар шу одатий ҳодиса кўп жиҳатдан «Лацио» президенти Клаудио Лотито туфайли узоқроққа чўзилди. Клуб соҳиби TG1 телеканали мухбирига қуйидагича изоҳ берди: «Саррининг кетиши кутилмаганда юз берди. Унинг истеъфоси ҳақида хабар беришганида, мен молия бўлимида эдим: Сарри сотилган. Айрим кимсаларнинг феъл-атвори туфайли сотилган... Бу ерда қандайдир мудҳиш фириб бор. «Бавария»ни таслим этган жамоа «Удинезе» ва шунга ўхшаган жамоаларга имкониятни бой берса... ўзингиз бир ўйлаб кўринг».

Мана шу эҳтиётсизлик билан билдирилган фикр,мулоҳазалари туфайли Лотито ўзи учун жаҳаннамдан туйнук очиб олди. Кўпчилик мухлислар клуб соҳиби етакчи футболчиларнинг (жумладан, Чиро Иммобиле) мураббийга қарши фитна уюштирганларига шама қилди, деган фикрга келишди. Жорий мавсумни ҳужумчи ғайриодатий тарзда самарасиз (38та ўйинда 10та гол) ўтказмоқда, сўнгги пайтларда Маурицио уни асосий таркибга киритмаяпти. Шу сабабли, аччиқ танқидлар кўпроқ Чирога йўлланмоқда.

Corriere della Sera маълумотига биноан, 14 март санасида мухлислар икки нафар кичкинтой болалари билан кўчада кетаётган Чиронинг турмуш ўртоғини ҳақорат қилишган. Орадан бир неча кун ўтгач, рафиқаси ва 4 ёшли ўғли билан машинасида кетаётган ҳужумчи тирбандликда тўхтаб қолгач, ёнидаги машинада ўтирган фанат уни сотқинликда айблаб, ҳақоратларга кўмиб ташлаган. Хайриятки, Чиро жавоб қайтармаган, лекин машинада ўтирганлар қўрқиб кетишган. Мана шу ёқимсиз кўргиликлардан кейин, Иммобиле «Лацио»ни тарк этиш ҳақида ўйлай бошлади.

Клуб бу масалада футболчини тўла қўллаб-қувватлади: «Сўнгги кунларда рўй берган хавотирли ва номақбул ҳақоратларга дуч келган Чиро Иммобиле ва унинг оила аъзоларига «Лацио» ҳамдард ва ҳамфикр эканлигини маълум қилади. Спорт ва унинг маънавий қадриятлари доимо амалда бўлиши шарт: ҳар қандай оғзаки ёки жисмоний зўравонликка барҳам берилиши ва бир овоздан жазога тортилиши шарт».

Бироқ клуб президенти аксинча, футболчини ҳимоя қилишни истамади. Бу ҳам камлик қилгандек, бир оз пардага ўраб бўлсада, Чирони қўрқоқликда айблашга уриниб кўрди: «Бунақа воқеаларга деярли ҳар куни дуч келаман, 20 йилдан бери қўриқчилар назорати остида яшаяпман. Ҳар куни ўзимни ва оила аъзоларимни ўлим билан қўрқитадилар. Мен 8000 нафар хизматчилар ишлайдиган компаниянинг раҳбариман, лекин шовқин-сурон кўтармаяпман».

Чиро клуб соҳибига расман жавоб қайтармади, лекин тез орада ҳужумчининг ёзда жамоани тарк этиши хусусида гап,сўзлар пайдо бўлди. Tuttmercatoweb маълумотига кўра, Иммобиле «Интер»га йўл олиши мумкин - бу жамоани бошқараётган Симоне Инзаги ўз вақтида Чиро билан «Лацио»да ҳамкорлик қилган ва футболчининг қадрига етадиган мураббий.

Айни паллада «Лацио»дагилар футболчини қўйиб юборишга қарши эмасдек туюлмоқда. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, президент Лотито ёзда лойиҳани қайтадан шакллантириб, «А» сериясининг энг кекса жамоаларидан бирини навқирон ёшлар билан тўлдириш ниятида. У ҳолда, 34 ёшли Иммобиле «бургутлар» учун ортиқча бўлиб қолади.

Клубдаги муносабатлар шу қадар ажабланарлики, ўтган йил ёзида Иммобиле «Лацио»да тўп суриш учун Саудия Арабистонидан келган таклифни рад этганди. Бундан ташқари, ҳужумчи 2022 йилда ўзининг голлари сонини 144тага етказиб, «бургутлар» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган, 2024 йил февралида эса 200та гол урган «А» сериясининг етакчи тўпурарлари саккизлигидан жой олганди. Ундан олдинги ўринларни Баджо, Меацца, Тотти ва Пиоладек афсоналар банд этишган. Бироқ ҳозир клуб ва футболчи ўртасидаги самимий муносабатлар ниҳоясига етган кўринади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади