Тафсилот: Триллер ёхуд ўзимдан чиққан бало...

Тафсилот: Триллер ёхуд ўзимдан чиққан бало...

«Барселона» Испания кубоги 1|16 финалидан ўрин олган баҳсда катта мушкулотга юз тутди.

Учинчи дивизион иштирокчиси - камтарона Интерcити» устидан оғир ғалаба ёхуд чинакам шоу. «Овертайм»да 4:3 - бу майдонда чинакам жанг борганидан далолат. Боз устига, Каталония клубини ўз тарбияланувчиси «хет-трик» билан жазолади. Тескари айланиш шунақа...

Ғалати сценарий

Аслида ўйин кутилган сценарий остида бошланди - Роналд Араухо 4-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Ўша лаҳзада ҳаммаси ўткир сюжетли шоуга айланиб кетишини ҳеч ким хаёлининг бир бурчагига ҳам келтирмаганди. Чунончи, Хави майдонга асосий таркибни ташлади, ўринбосарлардан фақат дарвозабон Иньяки Пенья ва ярим ҳимоячи Пабло Торрега имконият берди. Каталонияликлар ҳисобдаги устунликни 59-дақиқагача хотиржам сақлаб туришди, охирги ярим соатликда эса барчаси тескари айланди, гўё. Асосий «айбдор» - 21 ёшли ярим ҳимоячи Ориоль Сольдевила. Испаниялик иқтидор аввалига бурчак зарбасидан кейин ҳисобни тенглаштирди. Орадан кўп ўтмай, Усмон Дембеле «Барса»нинг иккинчи голини ургач, атиги 4 дақиқадан сўнг яна шу Сольдевила мувозанатни тиклади. Кейин Рафинья ҳисобни 3:2га етказди, якунда Ориоль дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб бориб, вазиятдан унумли фойдаланди - 3:3. Тасанно, қойил! Қисқаси, «Барса» уч марта ҳисобда олдинга чиқиб олди ва ҳаммани ҳайратга солган йигитча жамоа ғалабасини бузиб ташлади. Шу тариқа «Интерcити» ўйинни қўшимча бўлимларга чўзди, аммо якунда мағлубиятни тан олди, барибир: Ансу Фатининг 104-дақиқада урган голи жавобсиз қолди.

«Барселона»га ўз  тарбияланувчисидан салом! 

Ориоль Сольдевила фақат «Барселона» тарбияланувчиси эмас, у айнан Каталонияда туғилган. Бўйи нисбатан баланд (185 см.) йигит айни пайт чап қанот вингери позициясида тўп сурмоқда. Ориоль 2018-2020 йиллар оралиғида «Барселона» академиясида шуғулланган. «Болалигимдан жамоа фанати ва клуб аъзоси эдим», деди кеча қаҳрамони ўйиндан сўнг. Бироқ «Барса» Сольдевила салоҳиятига ишонмайдими, уни «Бирмингем» ёшлар жамоасига қўйиб юборади - текин трансфер. Йигитча Англияда U-23 таркибида ўйнади, бу катталар жамоаси билан шартнома тузиши учун кифоя қилди. Тўғри, камтарингина «Интерcити» билан. Тақдир экан, шу бола «Барселона»га қарши ўйинда қатнашиш имкониятига эга бўлди ва бундан ўта эффект­ли фойдаланди.

Айтиш ўринли, ўйин олдидан Сольдевилага одатдагидан кўпроқ эътибор қаратилди, йигитча ҳаттоки, овқатланиш тартиби ҳақида ҳам гапирди: «Нонушта учун ёнғоқ мойи ва банан. Эрталабки машғулотлардан сўнг одатда озгина протеин истеъмол қиламан». Нима, бу муваффақият формуласими? Умуман, Ориоль Испания кубоги жорий мавсумида бунга қа-дар 2 марта майдонга тушганди: «Атлетико Чирбонеро»га қарши баҳсда 13 дақиқа ва «Мирандес» билан ўйин­да 72 дақиқа (иккинчисида гол ҳам урди). Футболчининг Испания учинчи дивизионидаги статистикасида эса ғайриоддийлик йўқ: 17та ўйин, атиги 1та гол ва 2та ассист. Бошқача айтганда, Сольдевила лигада жами 575 дақиқа тўп сурган, холос. Демак, у кўпинча «жокер» ролини бажаради. Шуни назарда тутсак, унинг «Барселона» билан баҳсда «хет-трик» қайд этгани - янада катта «сюрприз».

Ўзи «Интерсити» қандай клуб?

«Барселона» иштирокидаги шоу-ўйин Аликантеда ўтказилди. Бу шаҳар ҳақида гап кетганида, мухлислар ёдига вақтида Сегунда ва кубок турнирларида ўйнаган «Аликанте» клуби тушса керак. Аммо бу жамоа 2014 йили тарқатиб юборилди. «Интерcити»га эса 2017 йили асос солинди. Янги жамоа аввалига Валенсия ҳамжамиятига қарашли ҳудудий лигада иштирок этди. Хуллас, чиндан ҳам, нолдан тузилган «Интерсити» мавсум-2017|2018да дебютини нишонлади. 2018 йилнинг ёзида раҳбарлар клубни «Новельда» билан бирлаштирмоқчи бўлдилар, албатта, Учинчи дивизионга чиқиш учун. Аммо Испания футбол федерацияси ғоя географик меъёрларга тўғри келмаслиги туфайли бунга рухсат бермади. Чунки икки жамоа бир-биридан 28 км. узоқликдаги шаҳарларда фаолият юритади.

Муҳими, «Интерcити» шундан сўнг ноёб лойиҳа эвазига ўз позициясини мустаҳкамлади. Клуб эгалари буни футболдаги янгилик сифатида тавсифлашади. Техно-бизнесменлар Сальвадор Марти ва Хавьер Мира шу ғоя ичида «ёнмоқдалар». Улар одамларни юз қиёфасидан таниб олиш тизими билан шуғулланувчи FacePhi компаниясини тараққиёт сари етаклашмоқда. Қисқаси, Марти ва Мари бизнес-лойиҳага кўра, 2021 йилнинг октябрь ойида Испания футболида биринчи бўлиб, «Интерcити» акцияларини фонд бозорига чиқаришди. Жамоа эса 5 мавсумдан 4тасида ўз олдига қўйилган вазифани бажариб, лигалар­аро сакради ва Учинчи дивизионга кўтарилди. Тўғри, «шаҳарликлар» ҳозирча атиги 16-ўринда боришмоқда. Испания кубогида «Барселона»га қарши ушбу сеҳрли ўйин ортидан эса «Интерсити» кичик хусусий сармоядорлар учун анча жозибали брендга айланди, шубҳасиз.

И.ЮСУФЖОНОВ тайёрлади