Тайёрмисиз, қани, унда кетдик!

Тайёрмисиз, қани, унда кетдик!

Мана, миллионлаб мухлислар орзиқиб кутган кунларга ҳам етиб келдик, ҳисоб.

Эртага Қатар пойтахти Доха шаҳрида ҳисоб бўйича 18-марта ўтказиладиган Осиё чемпионати (ёхуд Осиё кубоги) мусобақаси байроғи кўтарилади. Қитъа футболининг миллий жамоалар йўлналишидаги бош турнирида 8-уринишга шайланаётган Ўзбекистон миллий жамоаси эса шанба куни соат 22:30 (Тошкент вақтида)да ўз юришини бошлайди. Илк рақиб - бизга яхши таниш Эктор Купер бошқарувидаги Сурия термаси.

*** 

Афсуски, Фаластин термасига қарши ўтказилган назорат баҳси (1:0)да Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида яна бир йўқотиш рўй берди - «Ризеспор» ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов сафдан чиқди. 24 ёшли футболчининг 1-тур учрашувигача тикланиш-тикланмаслиги номаълум. У ҳаттоки, турнирни ўтказиб юбориши ҳам мумкин. Бинобарин, Алиқуловнинг Туркия чемпионати ўйинида орттирган жароҳати қайталанган. Ўйинни бевосита стадиондан кузатиб борган мутахассис Алишер Никимбаев «Футболиум» каналида бу борада қисқача тўхталди: «Умуман олганда, Ўзбекистон термаси ғалабага ҳақли ўйин кўрсатди. Яъни баҳснинг катта қисмида устунликка эришди. Фаластинликлар назоратни қўлга олган қисқа оралиқ Сречко Катанец бир неча футболчини тенг вақтда алмаштирганида юзага келди. Рақиб ўша паллада 2та вазият яратди, бирида тўп дарвоза тўсинига тегиб, майдонга қайтди. Ўйин якунида эса жамоамиз ҳисобни очгач, пенальтидан фойдаланолмади, қолаверса, яна бир имконият кўкка совурилди. Эҳтимол, Катанецни хафа қилган ягона нарса - футболчилардан бирининг жароҳатланиб, майдонни тарк этгани. Кўринишидан, у Осиё кубоги дастлабки ўйинида майдонга тушолмайди. Умуман олганда, унинг турнирдаги иштироки сўроқ остида қолди. Бу йигит исмини атайин ёзмайман, бу борадаги муаллифлик ҳуқуқини ЎФА матбуот хизматига қолдираман».

***

Осиё кубоги олдидан жамоалар иштирокида расмий учрашувлар ташкил этилмоқда. Унда ОФК мутахассилари турнирга доир бир қатор йўналишлар, хусусан, регламент, ҳакамлик, тиббиёт, хавфсизлик ва медиа бўйича маълумотлар тақдим этишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари душанба куни шундай семинарда қатнашишди. Дарвоқе, Осиё кубогида Ўзбекистон термаси сардорлик боғичи Жалолиддин Машариповга топширилади, шекилли. Ҳар ҳолда, ОФК вакиллари билан расмий учрашувда жамоамизга Осиё кубогидаги иштирокни тасдиқловчи кубок топширилди. Уни  сардор сифатида айнан Жалолиддин Машарипов қабул қилиб олди.

***

Ўзбекистон миллий жамоасининг турнирдаги биринчи рақиби - Сурия термаси бош мураббийи Эктор Купер шогирдлари яхши тайёргарлик кўришганини таъкидламоқда. «Мусобақага етарли даражада ҳозирландик. Жамоани ривожлантиришга ҳаракат қилдик. Бугунга келиб, тайёргарлигимиз яхши. Футболда ҳеч нарса кафолатланмаган. Энг кучли жамоалар билан муносиб курашишимиз керак. Ҳар бир иштирокчи биз каби натижани кўзлайди. Футболнинг асоси ҳам шу. Муҳими, бизда ўзимизга ишонч етарли. Биринчи учрашувдаёқ яхши ўйин кўрсатишимиздан умидворман. Таркибга янги футболчиларни ҳам жалб қилдик, уларни аввалдан кузатиб юргандик, албатта. Янгилар жамоага наф келтиришларига ишонаман. Жароҳат ёки бошқа муаммо юз берса, бир-бирини ўрнини босадиган футболчиларимиз етарли», - деди миллий жамоамизда ҳам ишлаб кўрган аргентиналик тажрибали мутахассис. Айтганча, сурияликлар 8 январь куни Малайзия термасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб, 2:2 ҳисобини қайд этишди. Жамоанинг ҳар икки голига турнирдан олдин маҳаллийлаштирилган футболчилар - Пабло Саббағ ва Иброҳим Эсар муаллифлик қилишди.

Сурия миллий жамоаси таркибидан четда қолган мамлакат футболи афсонаси Омар ал Сома турнир давомида beIN Sports канали таҳлилчиси сифатида ишлайдиган бўлди. Эктор Купер билан келишолмаган ҳужумчи ўзини янги амплуада синаб кўришга қарор қилган кўринади.

*** 

Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳдоши Ҳиндистон термаси сардори, 39 ёшли Сунил Четри Осиё кубоги ўйинларига ишонч ва умид билан қарамоқда. «Менимча, турнирда имкониятимиз етарли. Мана, ЖЧ саралашида энг кучли жамоаларга дуч келмоқдамиз. Курашишдан қочмаймиз. Австралия ва Ўзбекистон термалари каби рақибларга қарши ўйнаш? Бу ривожланишнинг ягона йўлидир. Ҳозир ўз услубимиз бор, тараққиёт йўлидамиз, кўплаб йигитларимиз ўсиш жараёнидалар. Йўқ, қўрқмаяпмиз, қаерда турганимизни яхши биламиз. Ҳа, ЖЧда қатнашиб келаётган Осиёнинг 5-6та жамоаси билан ўйнаш ҳали ҳам қийин, аммо барчасига оптимистик руҳда қараймиз. Ўз ўйинимизни яхшилашнинг ягона йўли - кучли жамоалар билан мунтазам куч синашиш. ЖЧ саралашида дастлаб қувайтликлар, кейин қатарликларга дуч келдик. Мана энди навбатдаги рақиб - ОФКнинг энг кучли жамоаларидан бири Австралия термаси. Айнан шу каби рақиблар билан баҳсларда камчиликларимиз яққол кўринади. Хуллас, юқори даражадаги ўйинлар реал даражангизни кўрсатиб беради. Япония термаси Германия ва Жанубий Америка термаларини енгмоқда. Японлар кўрсатаётган ўйин бутун Осиё жамоаларини руҳлантирмоқда. Жанубий Корея ва Австралия термалари ҳам шу даражада. Бу жамоалар таркибидаги футболчилар дунёнинг гранд клубларида ўйнашмоқда. Сон ва Митоманинг АПЛда қандай тўп суришаётганини айтиш шарт эмас. Япония, Ж.Корея, Эрон, Австралия, Қатар ва Ўзбекистон термалари яхши ўсишни намойиш қилишмоқда», - деди ҳинд футболи афсонаси Сунил Четри. 

*** 

Аббос Файзуллаев Осиё кубогида портали кутилаётган 5 нафар ёш иқтидор қаторида эътироф этилди. ОФК расмий сайти мақоласида ҳамюртимиздан ташқари, Али Жассим (Ироқ), Такефуса Кубо (Япония), Ли Канн Ин (Ж.Корея) ва Ариф Айман (Малайзия)дан кўп нарса кутиш мумкинлиги қайд этилди.

*** 

SamvelKarlenich каналида ёзилишича, ОК-2023 гуруҳ босқичи 1-турида Сурия термасини енгсак, ФИФА рейтингида ҳисобимизга 14,12 очко қўшилади. Бошқа натижа эса умумий очкомиз миқдори камайишига олиб келади:

Ғалаба: +14,12 балл

Дуранг: -3,38 балл

Мағлубият: -20,88 балл0

Қирғизистон ва Фаластин термаларига қарши кечган охирги 2та назорат ўйинидаги ғалабалар учун эса ФИФА рейтингида балл берилмайди. Бинобарин, ушбу учрашувлар ФИФА кунларидан ташқарида ўтказилди ва футболчилар чегараланмаган тарзда алмаштирилди.

***

Бунга қадар Осиё кубоги финал босқичида 7 марта иштирок этган Ўзбекистон миллий жамоаси рақиблар дарвозасини жами 42 марта ишғол қилган. Миллий жамоамизнинг турнирдаги энг яхши тўпурари Александр Гейнрих ҳисобида 6та гол бор. Одил Аҳмедов эса 3та Осиё кубоги (2011, 2015 ва 2019 йиллар)да гол урган ягона футболчимиз ҳисобланади. 

Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё чемпионатидаги барча голлари муаллифлари

6та - Александр Гейнрих

4тадан - Максим Шацких, Элдор Шомуродов, Одил Аҳмедов

3тадан - Миржалол Қосимов, Улуғбек Бақоев

2тадан - Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Сардор Рашидов

1тадан - Игорь Шквирин, Олег Шацких, Сергей Лебедев, Сергей Лушан, Владимир Шишелов, Азиз Ибрагимов, Павел Соломин, Игорь Сергеев, Воҳид Шодиев, Жавоҳир Сиддиқов, Жалолиддин Машарипов, Раҳмон Ризои (автогол, Эрон)

 

ОК-2023: «В» ГУРУҲИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА 

Ўзбекистон

Бош мураббий — Сречко Катанец (Словения)

Энг яхши тўпурар — Элдор Шомуродов (38та гол)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи            Сервер Жепаров (127та)

Австралия

Бош мураббий — Грэм Арнольд (Австралия)

Энг яхши тўпурар — Тим Кэйхилл (50та гол)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи — Марк Шварцер (109та)

Сурия

Бош мураббий — Эктор Купер (Аргентина)

Энг яхши тўпурар — Фирас ал Хатиб (36та гол)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи — Моҳир ал Саид (109та)

Ҳиндистон

Бош мураббий — Игор Штимац (Хорватия)

Энг яхши тўпурар — Сунил Четри (93та гол)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи — Сунил Четри (145та)

ЎФА расмий сайти, «Футболиум» ва SamvelKarlenich каналлари маълумотларидан ҳам фойдаланилди