Тарих: Барча Мундиалларнинг қаҳрамонлари ёхуд яна ЖЧ "безаклари" ҳақида...

Тарих:  Барча Мундиалларнинг қаҳрамонлари  ёхуд яна ЖЧ "безаклари" ҳақида...

Давоми. Бошланиши газетамизнинг 98 (2002) ва 100 (2004)-сонларида.

МУНДИАЛ БЕЗАКЛАРИ. «ИФ»нинг 13 ва 20 декабрь кунлари нашрдан чиққан сонларида ЖЧ тарихидаги шов-шувли натижалар ҳақида ҳикоя бошлаган ва чинакам сенсациялар гулдастасини 1966 йили Англияда Осиё футболи вакили КХДР терма жамоаси бошлаб берганини баён этгандик. Бугун «катта тўполон» туркумига кирувчи шов-шувли юришларни ўз ичига олган мақолани якунлаймиз.

ЖЧ-2002 (Япония|Ж.Корея)  Сенсация муаллифлари: Туркия, Ж.Корея, Сенегал ва АҚШ терма жамоалари 

Япония ва Ж.Кореяда ташкил этилган ЖЧ сенсациялар кўплиги билан алоҳида ажралиб туради. Тўғри, мезбон - Ж.Корея термаси парвози можарога қоришиб кетади. Гус Хиддинк терма жамоани стартдан 3 ой аввал йиғиб, тайёргарлик ишларига зўр берганди. Корейслар шунга мувофиқ, биринчи ўйинда Польша термасини жисмоний куч ва чидамлилик эвазига маҳв этишади - 2:0. Шундан сўнг Ж.Корея термасининг барча учрашувларида ажабтовур воқеалар рўй беради:

- АҚШ термасига қарши баҳс (1:1)да шубҳали пенальти белгиланади, лекин бу натижага таъсир қилмайди (корейслар гол уролмагандилар);

- Португалия термаси билан ўйин (1:0)да рақиблардан Жоау Пинту (22-дақиқада) ва Бету (66-дақиқада) майдондан четлатиладилар ва мезбонлар 70-дақиқада гол уришади;

- Жанубий Корея термаси ўйинларини нисбатан тажрибасиз ҳакамлар - эквадорлик Морено ва мисрлик Гандур бошқаришади;

- Морено 1|8 финал (Италия - 2:1)да Тоттини майдондан четлатади, Томмазининг голини бекор қилади. Мезбонлар эса ҳал қилувчи голни 117-дақиқада нишонлашади. Узун соч­ли Чжон Хван Ан ёдингиздами? «Перуджа» ЖЧдан кейин у билан тузилган шартномани бекор қилади - «Италия футболини бузгани учун»;

- Гандур эса испанлар урган 2та соф голни инобатга олмайди.

Хиддинк, Парк Жи Сун, Хег Ён Мин ва Ча Ду Ри иштирокидаги эртак (ёки майнавозчилик)ни ярим финалда Германия термаси тўхтатади (1:0), бронза медалидан эса мезбонларни турклар (3:2) маҳрум этишади.

Туркия термасининг ўзи ҳам ярим финал довонига қадар оғир йўлни босиб ўтади. Жамоа гуруҳда бразилияликларга имкониятни бой бериб (1:2), Коста-Рика термаси билан битимга имзо чекади (1:1). Шу тариқа «плей-офф» йўлланмаси тақдири сўнгги тур натижаларига боғлиқ бўлиб қолганди. Бразилия ва Коста-Рика жамоалари ўртасидаги ўйин 5:2 ҳисобида якунланади ва турклар Хитой термаси дарвозасига 3та жавобсиз гол уришади. Шенол Гюнеш жамоаси шундан сўнг нимчорак финалда японлардан кичик ҳисоб (1:0)да устун келади, ярим финал йўлланмасини эса яна ягона гол эвазига Сенегал термасидан тортиб олади. Туркларга финал йўлида Бразилия термасидан гуруҳ босқичидаги мағлубият учун ўч олиш насиб этмайди - 0:1. Зеро, Сколари жамоасида Роналдо, Ривалдо, Кафу, Роберто Карлос ва Роналдиньо каби афсоналар тўп суришарди.

Сенегал термаси эса тўсатдан турнирнинг энг ёрқин жамоаси мақомини олади. ЖЧда дебютини нишонлаган бу жамоа бирор ўйиннинг асосий вақтида енгилмайди. Эътиборлиси, барча футболчилари Франция клубларида ўйнайдиган (захира дарвозабонидан ташқари) Сенегал термаси старт учрашувида амалдаги чемпион - французларни мағлубиятга учратганди - 1:0! Бруно Метсю (у ҳам франция­лик) жамоаси шундан сўнг Дания (1:1) ва Уругвай (3:3) термаларига қарши баҳсларда 2 очко олиб, «плей-офф»га сакрайди ва 1|8 финалда шведларни мусобақадан чиқариб юборади. Лекин Туркия тўсиғидан ўтолмайди. АҚШ термаси ҳам энг юқори натижасига ЖЧ-2002да эришганди. Португалларни енгиб (3:2), корейслар билан дуранг (1:1) ўйнаган Америка жамоаси Польша термасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берганига қарамай, гуруҳдан чиққанди. Кейин мексикаликларни доғда қолдириб (2:0), чорак финалга чиққан Лэндон Донован етакчилигидаги жамоа бундестим тўсиғидан ўтолмайди. Лекин битта ЖЧ чорак финалида АҚШ, Туркия, Сенегал ва Жанубий Корея термаларининг қатнашгани - чинакам мўъжиза!

 

ЖЧ-2010 (ЖАР)   Сенсация муаллифи: Гана

Ажабтовур Гана термасининг уругвайликларга қарши кечган ўйинда кўрсатган голливудча сценарийсига алоҳида тўхталиш керак. Ҳозир эса фақат асосий воқеаларни ёдга оламиз:

- Гана 2-марта ЖЧга чиққанди, 4 йил аввал дебют иштирокида нимчорак финалга етиб борганди;

- Африка вакили мураккаб гуруҳдан жой олганди;

- Ганаликлар сербларни енгиш (1:0) ва Авс­тралия термаси билан дурангга эришиш эвазига гуруҳдан чиқади;

Энди ўта ҳаяжонли воқеа тафсилоти: Луис Суарес учрашувнинг сўнгги сонияларида Уругвай термаси дарвозасига кириб кетаётган тўпни қўли билан уриб юборади ва жамоасига умид қолдирган ҳолатда майдондан чиқиб кетади - сўзсиз, қизил карточка. Қарангки, Асамоа Гьян «нуқта»дан гол уролмайди! Пенальтилар сериясида эса Доминик Адийя ва Жон Менса хатога йўл қўйишади. Акс ҳолда, Гана эртага давом этарди...
 

ЖЧ-2014 (Бразилия)  Сенсация муаллифи - Коста-Рика терма жамоаси

Ўта шов-шувли тарзда 2та мундиални «ёндирган» жамоа. Коста-рикаликлар Бразилияда Уругвай, Италия ва Англия термалари билан бир гуруҳга тушгандилар - «ўлим квартети». Гуруҳдошлар хаёлан бу рақибни тор-мор келтириб, қолган ўйинлар режасини тузишга киришадилар. Бироқ Кейлор Навас, Жоэль Кэмп­белл ва Ельцин Техеда барчасини барбод қиладилар. Шимолликлар аввалига Уругвай термаси эсини киритиб қўйишади - 3:1. Кейин Италия маҳв этилади (1:0) ва Англия битимга (0:0) кўнишдан ўзга чора тополмайди. «Плей-офф» баҳсида 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган Коста-Рика термаси хотиржамликка берилади ва 66-дақиқада майдонда озчилик бўлиб қолади. Оқибатда греклар 90}1-дақиқада мувозанатни тиклашади. «Лоторея»да эса Теофанис Гекас зарбасини тўсган Навас жамоасини кейинги раунд сари етаклайди. Тўғри, моҳир дарвозабон чорак финалда бу қаҳрамонлигини такрорлай олмайди - ўйин пайти гол уролмаган Нидерландия термаси пенальтилар сериясида хатога йўл қўймайди. Нима бўлганда ҳам, Коста-Рика термаси - ноодатий, энг ёрқин сенсация муаллифи. Жамоа «автобус» қўйишни ўйламади, фақат топ-рақибларга қарши майдонга тушди, ҳакамлардан кўмак кутмади ва ҳужумкор ўйин кўрсатди.
 

ЖЧ-2022 (Қатар)   Сенсация муаллифи - Марокаш терма жамоаси

Волид Реграги «бандаси»нинг жасорати - бу янги тарих. Марокашликлар ЖЧ-2022ни шунчаки, «ёндиришди». Африка жамоасини 4-ўринга чиқишини ҳеч ким кутмаганди. Шунчаки, респект! Жамоанинг Қатарда қандай каромат кўрсатгани ҳамманинг ёдида ва бунга ортиқча тўхталиб ўтириш шарт эмас.

Содиқ РАҲМОН тайёрлади