"Торпедо"  ҳам Остон Ўрунов учун курашга қўшилди, Эркинов ва Жалолиддинов эса...

"Торпедо"  ҳам Остон Ўрунов учун курашга қўшилди, Эркинов ва Жалолиддинов эса...

Олдин хабар берганимиздек, Москванинг «Спартак» клуби аъзоси Остон Ўрунов фаолиятини Россия Премьер-лигасининг бошқа жамоасида давом эттириши мумкин.

Россиянинг «Спорт Экспресс» газетаси хабарига кўра, Остон учун Москванинг «Торпедо» клуби ҳам курашга қўшилган. ФНЛдан Россия Премьер-лигасига йўлланма олган бу жамоа ҳам Ўруновни ижарага олиш вариантини кўриб чиқмоқда.

Қайд этилишича, бу ўтиш амалга ошишига футболчининг маоши тўсиқ бўлиши мумкин. Ўруновнинг «Спартак»даги йиллик маоши 600 минг еврони ташкил этиши ҳақида хабар қилинган эди.

Аввалроқ, «Химки» клуби ўзбекистонлик яримҳимоячи билан музокара ўтказаётгани, Москва области жамоаси Ўруновни «Спартак»дан ижарага олиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, «Спартак» раҳбарияти «Уфа»дан ижара муддатини якунлаб қайтган Ўрунов билан келишувни бекор қилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.

Айтганча, тасдиқланмаган  хабарларга кўра "Пахтакор" клуби Ҳожимат Эркиновни ҳам Москванинг "Торпедо" клубига трансфер қилмоқда.Айни пайтда "Торпедо"ни тажрибали мураббий Александр Бородюк бошқармоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, яна бир легионер футболчимиз Ўзбекистон U-23 терма жамоаси сардори Жасур Жалолиддинов  Қозоғистоннинг "Қайрат" клубидан "Локомотив"га қайтишни хоҳлаб турибди. Кеча "темирйўлчилар" ярим ҳимоячиси Диёрбек Туропов "Навбаҳор"га йўл олаётгани ҳақида хабар чиқди. Клуб раҳбарияти Туропов ўрнини Жалолиддинов билан тўлдирмоқчи. Шунингдек, ёзги трансфер пайтида "Локо"га кучли ҳужумчининг келиши кутиляпти.