Битта дуэлда уч кишига қарши ва...

Битта дуэлда уч кишига қарши ва...

РПЛ 8-туридан ўрин олган «Торпедо» - «Ростов» ўйинида мезбонлар ниҳоят, очко олишга яқин келишди, аммо...

Аммо ҳакам қўшиб берилган дақиқалар ҳам якунланаётган паллада олдинги 7та ўйинда атиги 1 очко олган «Торпедо» дарвозаси томон пенальти белгилади. Шу тариқа ўйиннинг асосий драмасига йўл очилди. Бунда айнан «Ростов»дан ижара келишуви асосида олинган дарвозабон Егор Бабурин бош ролни бажарди.

«Торпедо» дарвозабони аввалига Егор Голенков томонидан берилган зарбани бартараф этди. Фақат шуниси борки, Бабурин тўп тепилишидан олдин чизиқ устидан сакради. Хуллас, бош ҳакам Ян Бобровский VAR ёрдамида «сэйв»ни бекор қилиб, пенальти қайта тепилиши зарурлигини кўрсатди. Қизиғи, такрорий зарбани Голенков эмас, Комличенко ижро этди. У дарвозанинг марказий ҳудудини нишонга олди, кипер эса бу сафар ҳеч томонга ташланмай, тўпни тиззаси билан қайтарди. Бироқ... Бабурин иккинчи «дуэл»да ҳам сакрашга бироз шошилганди. Оқибатда рефери иккинчи марта пенальти қайта тепилишига ишора қилди. Табиийки, эътирозлар янгради, «Торпедо» захирасида кимдир қизил карточка олишгача борди. 

«Ростов» бу вақтда пенальти тепувчи футболчини яна ўзгартирди - навбат Максим Осипенкога етди. Бу сафар тўп юқори бурчак томон йўналтирилди ва Бабурин ожиз қолди. Аслида пенальти 90Қ3-дақиқада белгиланагн эди, Осипенконинг голи эса 90Қ9-дақиқага тўғри келди. Бабурин ўйиндан сўнг оддий гапирди: «Видеоёзувни кўрдик. Ҳа, дарвоза чизиғидан бироз эрта чиқибман. Дейлик, иккинчи зарбада сакрамай турганимда, нима ўзгарарди, айтиш қийин. Эҳ, қоидалар... Афсусдаман, албатта».  «Торпедо» бош мураббийи Николай Савичев эса буни қотилликка тенглаштирди: «На 10 йиллик футболчилик фаолиятим ва на мураббийлик даврида бундай раҳмсизликни кўргандим. Агар газетада ишлаганимда, ўйин шарҳига «Химкидаги қотиллик» сарлавҳасини қўярдим».

*** 

Руминияда 19 ёшли дарвозабон шундай ҳолатга тушган: «дуэл»да икки марта устун келган, ҳакам эса ҳар иккисини инобатга олмаган. Шунда кипер қуюшқондан чиққан ва ҳакам уни «қизил» орқали ҳайдаган.

*** 

10 йилча олдин MLSда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган: «Ди Си Юнайтед» кипери икки бора пенальтини қоидага хилоф тарзда тўсган, у учинчи уринишда ҳам зарбадан олдин сакраган, шунга қарамай, «Портленд» вакили гол урган.