Тошкентдаги халқаро футбол турнирида қимор ўйинлари ноқонуний реклама қилинмоқда

Тошкентдаги халқаро футбол турнирида қимор ўйинлари ноқонуний реклама қилинмоқда

Хабарингиз бор, Марказий Осиё ассоциацияси (CAFA) томонидан ўтказилаётган мусобақада Ўзбекистон ва Уммон терма жамоалари “Бунёдкор” стадионида ўзаро тўқнаш келди (3:0)

Учрашув вақтида “Бунёдкор” стадиони экранларида букмекерлик компанияси реклама қилинган. 
Ўзбекистон Республикасининг Реклама тўғрисидаги қонун 46-моддасига кўра “Қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди”. 
“Дарё” ушбу масала юзасидан изоҳ сўраб, ЎФА матбуот хизмати билан боғланди. 
- ЎФАнинг бу рекламага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу халқаро мусобақа. Ўзбекистон унинг иштирокчиси ҳисобланади. Реклама берувчилар турнир ташкилотчилари билан келишув имзолайди. Медиа ва маркетингга оид барча ҳуқуқлар CAFA’га тегишли. Шу боис саволлар CAFA’га қаратилиши лозим, — дейилади ЎФА жавобида. 
Марказий Осиё ассоциацияси аввалроқ 1xBet компанияси CAFA Nations Cup мусобақасининг бош ҳомийсига айланиши ҳақида маълум қилганди.
Хуллас, турнир ташкилотчиси бўлмиш Марказий Осиё футбол ассоциациясининг Twitter’даги саҳифасида келтирилишича, букмекерлик компанияси CAFA Nations Cup 2023 турнирининг бош ҳомийси сифатида белгиланган.
Шартнома шартларига кўра, тотализатор логотипи турнир расмий рақамли платформаларида, жумладан, мусобақа 2023 веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилади. Бундан ташқари, букмекерлик идорасининг рамзлари стадионларда, жумладан, интервю учун майдонларда ва скамейкаларда, шунингдек, LED панеллари ва 3D гиламларида мавжуд бўлади.

Маълумот учун, 7 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган ва унда қатор мутасаддилар бир биргаликда махсус ишчи гуруҳни ташкил қилган ҳолда 2023 йил якунига қадар илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланганди.

Январь ойида Нидерландия суди мижозларига пулни тўламагани учун 1xBet компаниясини банкрот деб эълон қилганди.

1xBet компанияси 2007 йилда Кипрда ташкил этилган. Компаниянинг даромади сўнгги мавжуд маълумотларга кўра, 2 миллиард долларни ташкил қилади. Офшор ҳисоб рақамлар ва бошқа савол туғдирадиган ҳолатлар сабаб компания қатор мамлакатлар томонидан “қора рўйхат”га киритилган.