ТРАНСФЕРЛАР: Қишки бозор рамзий жамоаси!

ТРАНСФЕРЛАР:  Қишки бозор рамзий жамоаси!

АПЛ клублари жароҳатлар эпидемияси авж олгани бир паллада, ўз мақсадларига етиш учун қишда бир нечта харидларни амалга ошириши турган гап.

Шунинг учун Европада, хусусан Англияда январь ойи жуда ҳам қизғин кечиши кутилмоқда. Thesun.co.uk сайти қуйида эҳтимолий  трансферлар асосида тузилган рамзий терма жамоани тақдим этади. Ундан кўплаб юлдузлар ва уларнинг янги манзиллари жой олган.

Давид Де Хеа

«МЮ»нинг собиқ дарвозабони ёздан бери клубсиз юрибди. Де Хеа ҳафтасига 350 минг фунт маош олар эди. Аммо клуб билан янги шартнома борасида келишувга эришилмади. Шу сабабли, у эркин агентга айланган. Ҳозирда 33 ёшли посбон хизматларига «Ньюкасл» ва «Барселона» қизиқиш билан қарамоқда. Негаки, ҳар икки клубнинг асосий дарвозабонлари узоқ муддатга сафдан чиққан.

Дензель Дюмфрис

Дюмфрис ўтган мавсум порлай бошлади. У «Интер»ни ЕЧЛ финалига етиб боришида жуда катта меҳнат қилганди. Ўнг қанот ҳимоя­чиси учун талабгорлар кўп экани айтилган. Улар ичида «МЮ», «Челси» ва «Тоттенхэм» бор. Дюмфрис нархи эса 43,5 миллион фунт­га тенг.

Жан-Клер Тодибо

Тодибо француз футболининг келажакдаги ёрқин юлдузи сифатида кўрилган. Унинг «Ницца»дан кетиш эҳтимоли жуда баланд. Негаки, 23 ёшли ҳимоячи аллақачон катта клублар радарига тушган. Тодибо айни дамда 39 миллион фунтга баҳоланмоқда. Унга даъвогарларнинг энг жиддийси бу «МЮ»дир. Агарда «қизил иблислар» бошига Рэтклифф келса, Тодибо трансфери реалликка айланади. Лекин сўнгги хабарларга кўра, «Тоттенхэм» ҳам ёш ҳимоячи учун курашга қўшилган.

Антонио Силва

Силва 20 ёш бўлишига қарамасдан, аллақачон «Бенфика» мудофаасида муҳим фигурага айланиб улгурди. Унинг нархи айни дамда 85 миллион фунтга тенг. Силва учун «Манчестер Юнайтед» энг йирик даъвогар ва у учун белгиланадиган нархни тўлаб беришга тайёр.

Альфонсо Девис

Канада терма жамоаси аъзоси дунёнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси саналади. У узоқ йиллик даврдан кейин, «Бавария»ни тарк этишга тайёргарлик кўрмоқда. 25 ёшли футболчига Мюнхен клуби таклиф этган янги битим шартлари ёқмаяпти. Ҳозирда Девисга «Реал», «Манчестер Сити» ҳамда «Ливерпуль» қизиқиш билан қарамоқда.

Жота

«Ал-Иттиҳод» вингери бошидан оғир давр­лар кечмоқда. Негаки, португалияликни Нуну Эшпириту Санту асосий таркибдан чиқариб ташлаганди. Собиқ «Селтик» футболчиси яна Европага қайтишни истамоқда. Унга «Тоттенхэм» даъвогар саналади. Ангелос Постекоглу Жотани ўз жамоасида кўришни истайди.

Дуглас Луис

Луис «Астон Вилла»нинг майдон марказида муҳим фигура ҳисобланади. Айни дамда у ўз жамоаси билан фантасик натижа қайд этмоқда. Бразилиялик ярим ҳимоячига «Арсенал» қизиқиш билдирган. У тез орада Деклан Райс билан бирлашиши мумкин.

Жоау Пальинья

«Арсенал» томонидан кузатилаётган яна бир ярим ҳимоя вакили бу Пальиньядир. Португалиялик футболчи ёзда «Бавария» томонидан сотиб олинишига бир баҳя қолган эди. Аммо бу иш амалга ошмади. Январь эса Пальиньяга катта клубга ўтиш борасида яна бир имкон беради.

Педру Нету

Нету «Вулверхэмптон»даги энг фойдали футболчилардан биридир. Аниқроғи, жароҳат олгунига қадар шундай эди. Португалия терма жамоаси аъзоси 10та АПЛ ўйинида 8та ассист ва 1та гол уришга эришган. «Арсенал» Нету учун курашда мавжуд. Январь ойида тўпчиларнинг узоқ муддатли орзуси амалга ошиши мумкин.

Айван Тоуни

Тоунининг ўтган мавсумда олган тақиқи 17 январь куни ўз ниҳоясига етади. Шу сабабли кўпгина клублар 27 ёшли ҳужумчини сотиб олишни ўйламоқда. 70 миллион фунтга баҳоланган ҳужумчи ҳозирда «Челси» ва «Тоттенхэм» нишонида турибди.

Виктор Осимхен

Осимхен 2022|23 йилги мавсумда «А» серияни энг яхши тўпурар сифатида якунлаганди. У 26та гол билан «Наполи»ни мамлакат чемпионига айлантирган. Ҳозир эса 25 ёшли ҳужумчи жамоадан кетиши мумкин. 120 миллион фунтга баҳоланган футболчини «Челси» сотиб олиши тахмин қилинган. Негаки, «Челси»дан ўзга ҳеч бир жамоа бундай миқдордаги суммани тўлаш истагида эмас.

 Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади