Турк диёри бўйлаб сафар

Турк диёри бўйлаб сафар

ЎзПФЛ Туркия клублар бирлиги билан ҳамкорликда ўзбекистонлик мутахассислар учун Истанбул шаҳрида ўқув семинари ташкил этди.

 Олдин хабар берилганидек, делегация сафига Суперлиганинг 7та ва Про лиганинг 4та клубидан жами 20 нафар мутахассис кирди. Ҳамюртларимиз 7-11 декабрь кунлари Туркияда бўлиб, маҳаллий клублар, миллий футбол федерацияси ва Терма жамоалар маркази фаолияти билан яқиндан танишишди.

*** 

Ўзбекистон клубларида фаолият олиб бораётган мутахассислардан иборат делегация дастлаб Туркия клублар бирлиги бош офисига ташриф буюрди. Семинарнинг бошланиш қисмида Туркия клублар бирлиги бош котиби доктор Чағри Илк мамлакат футболи, хусусан, миллий Суперлига ва унинг иштирокчилари ҳақида тўлиқ маълумот берди. Шундан сўнг томонлар давра суҳбати жараёнида турк ва ўзбек футболининг ўхшаш - фарқли жиҳатлари хусусида фикр алмашишди.

*** 

Вакилларимиз семинар дои­расида Туркия клублари фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнини мамлакат грандларидан бири - «Фенербахче» базасида бошлашди. Бунда жамоа спорт директори Марио Бранко, селекция ишлари бўйича масъул Окан Озкан, мухлислар билан ишлаш ва чипталар савдосини йўлга қўйиш бўйича жавобгар Тезжан Шайли, маркетинг ва тижорий масалалари мутахассиси Эгемен Эргюден алоҳида тақдимотлар асосида инфратузилма ҳамда фаолият жараёни билан яқиндан таништиришди. Қизиқарли савол-жавобларга бой учрашув давомида мутахассисларимиз «Фенербахче»нинг ўзига хос иш услуби ҳақида тўлиқ маълумот олишди. Айниқса, клубнинг скаутинг хизмати иш жараёни, футболчиларнинг ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш услуби ва ёш иқтидорларни тарбиялаб, катта лигаларга трансфер қилиш механизми билан танишув семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

*** 

Машҳур «Галатасарой» клуби Ўзбекистон делегациясининг кейинги манзили бўлди. Мутахассисларимизни клуб вакиллари илиқ қарши олишди. Ўзаро учрашувда «Галатасарой»нинг ташкилий тузилмаси, маркетинг ва мухлислар билан ишлаш бўйича стратегияси, ҳомийлар билан амалга ошириладиган дастурлари, чипталар савдоси, селекция ишлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Жумладан, клубнинг тижорат масалалари бўйича директори, жаҳон спортида энг олд маркетинг мутахассисларидан бири саналган Начи Жансун бой тажрибаси билан ўртоқлашди, соҳага дахлдор қизиқарли маълумотларни баҳам кўрди. Вакилларимиз «Галатасарой»да ўйин куни расмий учрашувлар қандай ташкил этилиши билан бевосита иш жараё­нида танишдилар. Яъни мутахассисларимиз Туркия Суперлигасидан ўрин олган «Галатасарой» - «Адана Демирспор» ўйини олдидан тайёргарлик жиҳатларига гувоҳ бўлдилар.

***

Суперлига ва Про лига клублари вакиллари Истанбулда Туркия футбол федерацияси бош қароргоҳига ҳам ташриф буюришди, албатта. Ташкилотга сафар чоғи Туркиянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалари фаолияти, бир қатор клублар фойдаланадиган машғулотлар маркази тузилмаси билан яқиндан танишилди. Жумладан, терма жамоалар марказида яратилган шарт-шароитлар, машғулотлар майдонлари, тренажёр заллари ва назарий машқлар қандай ўтказилиши батафсил кўрсатиб берилди. Якунда мутахассисларимиз қароргоҳ тузилмаси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Қолаверса, Туркия Суперлигаси асосий дербиларидан бири саналган «Бешиктош» - «Фенербахче» ўйини ташкилотчилиги кўриб чиқилди.

Айтганча, «Фенербахче» расмий саҳифасида Ўзбекистон делегацияси ташрифи ва футболимиз ҳақида алоҳида мақола ҳам берилди.

Манба: ПФЛ матбуот хизмати