АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан миллий футбол маконида фаолият юритаётган барча мутахассисларни чин юракдан табриклаймиз!
Улар шундай марраларни эгаллашсинки, токи ҳар бир тоифадаги терма жамоамиз, клубларимиз халқаро миқёсдаги нуфузли турнирларда зафар қучсин. Оддий айтганда, жамоаларимизни бошқарган мураббийлар футбол дунёси узра довруғ солишсин! Байрам баҳона Суперлигада иштирок этаётган клублар бош мураббийлари таркибига яна бир қур назар ташладик. Қувончлиси, турнир жадвалини бошқараётган «Насаф» ва ОКМК клублари бош мураббийлари мамлакатимиз футбол жамоатчилиги фахрланса арзийдиган мутахассислардир. Бошқа мураббийларга ҳурматимизни сақлаган ҳолда таъкидлаймизки, Миржалол Қосимов ва Рўзиқул Бердиев бугун ўзбек футболининг чинакам дарғалари ҳисобланишади. Ҳали «Насаф» муҳитидан ташқарига чиқмаган Рўзиқул Бердиев сэр Алекс Фергюсон ва Арсен Венгер мисоли ўз жамоаси шаън-шавкати учун юксак садоқат, муҳаббат руҳида фаолият кўрсатмоқда. Миллий жамоамиз билан бир қаторда аввал «Бунёдкор»ни бошқарган, ҳозир ОКМКни маҳорат билан шуғуллантираётган Миржалол Қосимов эса мухлислар наздида гўё Карло Анчелотти ёки Хосеп Гвардиоладир. Том маънода бу икки миллий мураббийни бугунги байрам муносабати билан ҳар қанча олқишласак арзийди.
Суперлиганинг жорий мавсуми бир-бирига самимий эҳтиром кўрсатувчи айни икки мутахассиснинг ҳалол ва адолатли рақобати фонида қизигандан қизимоқда. Ҳар икки маҳоратли мураббийнинг майдондаги аёвсиз рақобати, унинг ташқарисидаги дўстона ҳамкорлигига ҳеч қачон кўз тегмасин. Орзу қиламизки, Суперлига клубларини улар каби ўз ишига профессионалларча ёндашадиган ва жамоаси тақдири учун бутун борлиғи билан қайғурадиган мураббийлар бошқаришсин. Шу мулоҳазаларни ёзар эканмиз, табиий савол туғилади: Суперлига клубларида ишлаб, ўзига хос мураббийлик имзоси билан танилган Бахтиёр Ашурматов, Даврон Файзиев, Шуҳрат Мақсудов, Нўъмон Ҳасанов, Бахтиёр Ҳамидуллаев нима учун рақобатга дош бера олишмади? Нима сабабдан уларнинг ўрнини бугун Григорий Колосовский, Александр Хомяков, Виталий Левченко, Иван Бошкович, Александр Крестинин, Дмитрий Коростиченко, Сергей Лушан каби мураббийлар эгаллашган? Бу савол жавоби жуда оддий. Номлари кейин тилга олинган мутахассислар ўз устиларида кўпроқ изланишган ва мутасаддилар ишончини қозонишган.
Футбол бошқа спорт турлари каби миллат ва ирқ танламайди. Футболнинг миллати - истеъдод, маҳорат ва натижа. Соф футбол реаллигидан келиб чиқсак, мазкур хулосаларни бирор мутасадди, мутахассис ёки мухлис инкор этмайди. Бироқ унутмайликки, соҳа дунёсида бошқа бир ҳақиқат ҳам мавжуд ва унга кўра, ҳар бир миллий футбол маконида чин тараққиётни фақат ва фақат маҳаллий мутахассислар гуруҳи таъминлайди. Миллий жамоамиз ва клубларимизни бошқариш учун келган қанчадан-қанча хорижлик мутахассислар айтарли натижага эришмай, мўмайгина даромад соҳибига айланиб, ўз юртларига қайтишганини кўпчилик яхши билади. Миллий жамоамизни бошқарган Эктор Купер, футзалчиларимизни юртимизда ўтаётган мундиал гуруҳ босқичидан ҳам олиб чиқолмаган Хосе Венансио Лопес, «Металлург»да ишни қойиллатолмаган Веско Стешевич, «Локомотив» билан омади юришмаган Микаэль Секейра ва бошқа легионер мураббийлар тақдири бунинг ёрқин исботидир. Номлари қайд этилган мутахассислар билан тузилган шартномалар футболимиз ва клубларимиз мутасаддилари учун ҳақиқий сабоқ вазифасини ўташи даркор. Афсуски, аламли ва оғриқли сабоқлар ҳар доим ҳам эсга олинмаяпти. Мутасаддилар хорижлик мутахассислар билан юз берган кўнгилсиз воқеликка жиддий эътибор қаратишмаяпти. Агар Хосе Венансио Лопес футзалчиларимиз билан тил топишиб кетолмаётганига вақтида эътиборли бўлганимизда, эҳтимол, вакилларимиз «Ҳумо-Арена»да бошқачароқ натижага эришармидилар...
Ана, «Навбаҳор» мутасаддиларининг бош мураббий танлашда кетма-кет адашишаётгани кишини ҳайрон қолдиради. Самвел Бабаян ҳар қанча маҳоратли ва устакор бўлмасин, мухлислар ўртасида обрў-эътиборини йўқотганини клуб мутасаддилари яхши билишса-да, яна унга ишонишди. Оқибатда, улкан сармоя эвазига ҳозирланган чемпионлик лойиҳаси барбод бўлди. Белгиланган режалар издан чиқди. Самвел Бабаян истеъфосидан кейин клуб тақдири Сергей Лушанга ишониб топширилгани мухлисларни ажаблантирди. Зеро, ички сўров чоғи кўпчилик унинг номзодини маъқулламаганди. Клуб раҳбарияти эса мухлислар фикрига қулоқ тутмади. Натижа шуки, «лочинлар» ўз майдонларида «Сўғдиёна»га йирик ҳисобда ютқазишди. Шу мағлубият билан «Пахтакор»нинг «Сўғдиёна»ни қувиб етишига йўл қўйишмади. Сергей Лушан эса «Навбаҳор» шаъни учун жуда оғриқли ҳисобланадиган бундай зарбадан сўнг яна Ўзбекистон кубоги финалини эслаш билан кифояланди. «Олимпик» қатори хавфли зона сари шўнғиётган «Андижон» ҳам мухлисларини Ўзбекистон кубоги финали билан юпанмоқда. Дуранглардан боши чиқмаётган ва «Пахтакор»даги депсинишлардан унумли фойдаланолмаётган «Нефтчи»га ҳам мухлислар шундай таъна билан боқишмоқда.
Хўш, мавсум аввалида чемпионлик сари ошкора ёки пинҳона кураш бошлаган водий клубларига нима бўлди ўзи? Водий футболи ўзининг шонли даврига қайтаётгани ҳақидаги гап-сўзларнинг умри наҳотки шу қадар қисқа бўлса... Водийнинг ҳар уч клуби рақиблари қаршисида бу қадар тез таслим бўлишининг асл сабаби нима? Мавсум якунланишига яна 6та тур борлигини ўйласак, бу каби руҳсизликнинг жўяли изоҳини тополмайсан киши. Рақобат бобида бир-биридан ўзишга интилаётган мухлислар армиясига ҳурмат шуми? Нима, клуб мутасаддилари, мураббийлар ва футболчиларга мухлис қадр-қиммати, унинг кайфияти, қалб кечинмалари у қадар муҳим эмасми?! Йўқ, бунақаси кетмайди, жаноблар! Аламли мағлубиятлар учун Ўзбекистон кубоги финали юпанч бўлолмайди. Ҳар қайси мағлубият клуб тарихига ёзилади, мухлислар қалбидан ҳеч қачон ўчмайди. Профессионал бўлмоқликнинг асоси - аввало, футболга садоқат ва мухлисларга ҳурмат. Мазкур икки туйғудан холи клуб ва унинг раҳбари, мураббийи, футболчиси масъулиятни зиммасига олмагани маъқул.
Клуб раҳбари, мураббийи ва футболчисининг масъулияти ҳақида ёза туриб, «Пахтакор»да юз бераётган воқеаларга алоҳида тўхталишни лозим топдик. Парда ортида қандай ишлар юз бераётгани, нималар режалаштирилаётганини билмаймиз. Лекин «шерлар» таркибига бир гуруҳ собиқ олимпиячиларнинг қўшилишлари бежиз эмас, шекилли. Балки ҳаммаси иккинчи давра бошланишидан олдин режлаштириб қўйилгандир ва Максим Шацких қалбан буни сезгандир. Ҳар ҳолда, захира ўриндиғи билан мақтанолмайдиган «Пахтакор» биринчи даврани кўтаринки кайфиятда якунлаганди. Танаффусда таркибни кучайтирилгани эса «шерлар»нинг ўйинига ижобий эмас, балки акс таъсир кўрсатди. Нима бўлганда ҳам, Шацкихнинг «Пахтакор» билан ҳамкорлиги поёнига етаётгандек, ҳозирча шундай мулоҳаза юритмоқдамиз. Воқеалар эртага қандай ривожланиши вақт ҳукмига ҳавола.
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789