ЭЪТИРОФ: Ҳал қилувчи раунд сари дадил қадам

ЭЪТИРОФ: Ҳал қилувчи раунд сари дадил қадам

ОФК ҳудудидаги ЖЧ-2026 саралаш жараёни равишини ўзгартирган 4та жамоа.

КХДР, Қувайт, Қирғизистон ва Фаластин миллий жамоаларининг футбол бўйича 26-жаҳон чемпионати саралаши ҳал қилувчи учинчи раундига йўл олгани ФИФА расмий сайти томонидан алоҳида эътироф этилди. 

• КХРД ва Қувайт термалари иккинчи раунд доирасидаги охирги ўйинларда ғалаба қозониш эвазига курашни давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди.

• Фаластин ва Қирғизистон термалари таъсирчан тараққиёт йўлида дадил қадам ташламоқда. Айтиш ўринли, ҳар икки жамоа учинчи босқичга сакраб, тарихий натижа қайд этди.

ОФК минтақасида ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичида иштирок этадиган 18та жамоа аллақачон 3та гуруҳга бўлинганидан хабарингиз бор. Сентябрда бошланадиган навбатдаги раунд якунида ҳар бир олтиликда дастлабки 2 ўриндан жой олган жамоалар тўғридан-тўғри Шимолий Американинг 3та мамлакати (АҚШ, Мексика ва Канада) мезбонлик қиладиган мундиал чипталарини қўлга киритади. Яна 6та қатнашчи (гуруҳларда 3-4-ўринларни банд этган жамоалар) эса курашни саралашнинг тўртинчи босқичида давом эттиради. Эътиборли томони, ФИФА наздида квалификацион йўлнинг иккинчи довонида кутилмаган натижа қайд этган 4та жамоанинг 2таси кейинги раундда Ўзбекистон миллий жамоаси билан 1та гуруҳда баҳс олиб боради. Гап  ҳал қилувчи босқичнинг 1-2-турларидаги рақибларимиз - КХДР ва Қирғизистон термалари ҳақида кетмоқда. Хўш, ФИФА сайтида 4та сенсация­чи жамоага қандай таъриф берилди?

КХДР

Охирги 3та мундиалда қатнашмаган КХДР термаси ЖЧ-2026 саралашининг ортда қолган қисмида кучли ўйини, чинакам ҳамжиҳат ҳаракати ва жанговар руҳи билан кўпчиликни ҳайратга солди. Корейслар иккинчи босқичдан ўрин олган охирги 2та ўйинни нейтрал ҳудуд - Лаосда Сурия ва Мьянма термаларига қарши ўтказиб, ҳар иккисида ғалаба қозонишди. Шимолий Корея вакиллари шу тариқа ўз гуруҳларида 2-ўринга кўтарилдилар. Ваҳоланки, иккинчи раунд улар учун анча мураккаб бошланган эди - дастлабки 4та ўйинда атиги 1та ғалаба. Муҳими, КХДР миллий жамоаси ҳал қилувчи баҳсларда Сурия ва Мьянма термаларига имконият қолдирмади. Шунингдек, жамоага японларнинг сўнгги турда сурияликларни енгишгани ҳам жуда асқотди. Шу тариқа расмий Пхень­ян томонидан қаттиқ назорат қилинадиган жамоа яна Осиё грандлари қаторига қўшилди.

Фаластин

ЖЧ саралаши учинчи босқичига тарихий сакраш Фаластин футболи сезиларли даражада ривожланганидан далолат, албатта. Хусусан, тунислик мураббий Макрам Даббур бошқарувидаги миллий жамоа мамлакатдаги нотинч вазият ва мислсиз қийинчиликларга қарамай, сифатли ўйин кўрсатмоқда. Фаластинликлар Осиё кубоги-2023даги умидли ўйин бежиз эмаслигини ЖЧ-2026 саралашида ҳам исботилашди. Тўғри, улар ўз гуруҳларида Австралия термасига 2 марта ютқазишди, муҳими, 2-ўрин учун асосий рақиб саналган Ливан миллий жамоасига қарши ҳар икки баҳсда дуранг қайд этишди. Шу аснода аутсайдер - Бангладеш термасидан 6 очко тортиб олган Фаластин миллий жамоаси якунда 8 очко билан мақсадга эришди. Хуллас, Муҳаммад Рашид етакчилигидаги жамоа тарихда илк марта мундиал йўлидаги ҳал қилувчи босқичда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Қувайт

Қувайт футболи узоқ тарихга эга бўлса-да, сўнгги йиллар турли муаммолар, жумладан, халқаро майдондан дисквалификация сабаб, кескин орқага кетди. Оқибатда Қувайт миллий жамоасида ҳам ўйин сифати пасайди, натижалар тобора ёмонлашди. Мамлакат бош жамоаси ФИФА рейтингида ҳаттоки, 139-ўринга тушиб кетди. Қолаверса, қувайтликлар охирги Осиё кубоги финал босқичидан ҳам четда қолишди. Мана, «Ал-Азрақ» жаҳон саҳнасига қайтиш учун ЖЧ-2026 саралаши иккинчи раундида чинакам қатъият кўрсатди. Диққатга сазовор томони, жамоа ўзининг охирги ўйини (6-тур)дан олдин 4 очко билан гуруҳда сўнгги ўринни банд этиб турганди. Тўғри, қувайтликлар Қатар ва Ҳиндис­тон термаларига қарши кечган олдинги 2та ўйинда рақибдан яхшироқ ўйнашди, фақат натижа ўхшамади. Жамоа бош мураббийи Руи Бенто ҳам якуний тур олдидан ўйин сифатини тилга олиб, шогирдлари кейинги раундга ўтишларига ишонч билдирди. Бунинг учун эса, Қувайт термаси афғонлардан 3 очко тортиб олиши баробарида гуруҳнинг иккинчи баҳсида ҳинддлар қатарликларни мағлуб этмасликлари талаб этиларди. Қаранг­ки, мураббийнинг ишончи бежиз эмас экан: 81-дақиқада Ийд ал Рашиди урган гол «Ал-Азрақ» ғалабасини таъминлаган бўлса, Қатар термаси спорт принципларига амал қилиб, афғонларга очко бермади - 2:1. Шу тариқа Қувайт миллий жамоаси маълум танаффусдан кейин катта доирага қайтди.

Қирғизистон

Қирғизистон миллий жамоаси 11 очко билан ўз гуруҳида 2-ўринни эгаллади. Стефан Таркович бошқарувида ўйнаган камтарин жамоанинг иккинчи босқичда фақат бир марта (1-турда Малайзия термасига) имкониятни бой бергани эътиборга молик. Қолаверса, қирғизлар ўз уйларида гуруҳ етакчиси Уммон термасини енгиш уддасидан чиқишди ва Маскатда ҳам очко олишди дуранг ортидан. Қирғизистон термаси ҳам ўз тарихида биринчи марта мундиалнинг учинчи раундига чиқди. Агар қирғизистонликлар охирги Осиё кубоги гуруҳ босқичида квартетда сўнгги ўринни банд этиб, умидсизликка учрашганини ҳисобга олсак, мундиал йўлланмаси учун курашни давом этиришаётгани - ажойиб ютуқ. Айтганча, иккинчи босқич якунлангач, словакиялик мураббий Стефан Таркович ўрнини россиялик Максим Лисицин эгаллади. Демак, Қирғизистон миллий жамоаси ЖЧ саралаши учинчи довонига янги бош мураббий билан киришади.

ОФК ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичи «А» гуруҳи тақвимига баъзи аниқликларни киритди. Демак, 1-турда Эронга борадиган Қирғизистон миллий жамоаси форслар билан Теҳрон эмас, Исфаҳон шаҳрида ўйнайди. КХДР термаси 2-турдан ўрин олган Қатар миллий жамоасига қарши ўйинини бетараф ҳудуд - Лаосда ўтказади. Айтганча, ҳозирча «В» гуруҳидан жой олган Фаластин термаси уй учрашувларида рақибларини қаерда қабул қилиши хусусида маълумот йўқ. 

ЖЧ-2026 саралаши. Учинчи босқич. «А» гуруҳи (дастлабки икки тур)

1-тур. 5 сентябрь (пайшанба) 

19:00 ҚАТАР - БАА 

Ал-Райян. «Аҳмад бин Али» стадиони 

19:00 ЎЗБЕКИСТОН - КХДР 

Тошкент. «Бунёдкор» стадиони

19:30 ЭРОН - ҚИРҒИЗИСТОН 

Исфаҳон. «Фуладшаҳр» стадиони

2-тур. 10 сентябрь (сешанба) 

19:00 КХДР - ҚАТАР

Вьентьян (Лаос). «Лао Миллий» стадиони 

20:00 ҚИРҒИЗИСТОН - ЎЗБЕКИСТОН

Бишкек. «Долен Омурзаков» стадиони

20:00 БАА - ЭРОН

Ал-Айн. «Ҳазза бин Зайд» стадиони