ЎФА ТИҚ: «Навбаҳор» футзалчилари  2 йилга футболдан четлатилишди, қолганлар эса...

ЎФА ТИҚ: «Навбаҳор» футзалчилари  2 йилга футболдан четлатилишди, қолганлар эса...

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Тартиб-интизом қўмитаси навбатдаги йиғилишни ўтказди. Унда Ўзбекистон миллий чемпионатлари доирасидаги учрашувлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди.

«ҚИЗИЛҚУМ» — «СУРХОН»

Ўзбекистон Суперлигасининг 10-туридан ўрин олган «Қизилқум»— «Сурхон» учрашувнинг 54-дақиқасида меҳмонлар футболчиси Иқболжон Маликжонов бош ҳакам томонидан огоҳлантирилгандан сўнг ён ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Иқболжон Маликжоновга нисбатан 3та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.


«ДИНАМО» — ОКМК

Суперлиганинг 10-тури доирасидаги «Динамо» — ОКМК учрашувнинг 90+5-дақиқасида ОКМК жамоаси мураббийи Павел Бугало ён ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Павел Бугалога нисбатан 2 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

 

 «СУРХОН» — «СЎҒДИЁНА»

U21 Биринчилиги 9-тури доирасидаги «Сурхон» —  «Сўғдиёна» учрашувнинг 78-дақиқасига келиб «Сурхон» жамоаси футболчиси Асилбек Темиров ўйин тўхтатилган вақтда рақиб ўйинчисининг кўкрак қисмига ургани ва тажовузкор ҳатти-харакати учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Асилбек Темировга нисбатан 3та ўйинга дисквалификация ва жарима интизом чораси қўлланилди.

 
«ОРОЛ» — «ЧИҒАТОЙ»

Биринчи лига 6-тури доирасидаги «Орол» — «Чиғатой» учрашувнинг 90-дақиқасига келиб ўйин тўхтатилган вақтда «Орол» жамоаси футболчиси Асад Жуманмуратов рақиб ўйинчисига нисбатан қилган тажовузкор ҳатти-харакати учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Асад Жуманмуратовга нисбатан 3та ўйинга дисквалификация ва жарима интизом чораси қўлланилди.

 

«ҚИЗИЛҚУМ-W» — «НЕФТЧИ-W»

Аёллар Олий лигаси 7-тури доирасидаги «Қизилқум-W» — «Нефтчи-W» учрашувнинг 90+2-дақиқасида «Қизилқум-W» жамоаси футболчиси Эъзоза Шарипова жамоасига нисбатан ўйин қоидаси бузилгандан сўнг рақиб ўйинчиси шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатган ва қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Эъзоза Шариповага нисбатан 3 та ўйинга дисквалификация қилиш чораси қўлланилди.

 

«НАВБАҲОР» — «МЕТАЛЛУРГ»

Футзал Олий лигаси 12-тури доирасидаги «Навбаҳор» — «Металлург» учрашувининг 40-дақиқасида ҳакам томонидан «Навбаҳор» жамоаси ўйинчиси Дониёр Сотволдиевга қизил карточка кўрсатилади. Шундан сўнг, «Навбаҳор» жамоаси футболчиси Илхом Юсупжанов учрашув ҳаками олдига бориб ўз эътирозларини қўпол тарзда билдиради ва унга нисбатан куч ишлатади.

Шунингдек, жамоа аъзолари ва бошқалар томонидан жанжалли ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилаётган вақтда яна бир «Навбаҳор» футболчиси Ғуломжон Мамаджонов ҳам учрашув ҳакамига нисбатан куч ишлатади.

Мазкур учрашув интернет орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилаётгани, кейинчалик ушбу ҳолат акс эттирилган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кенг жамоатчилик томонидан жиддий эътирозларга сабаб бўлган.

ҚАРОР

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Интизом кодексининг 5.48, 5.49-бандига асосан «Навбаҳор» футболчилари Илхом Юсупжанов ва Ғуломжон Мамаджоновга нисбатан 2 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

Шунингдек, «Навбаҳор» клуби томонидан 2022-йилги мавсумда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар Регламентининг 16.2,16.3,16.4-бандларига риоя қилинмагани учун клубга ҳам жарима интизом чораси қўлланилди.