Афсонавий "ўрмончилар" - етакчилар қаторида!
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Чики Бегиристайн - «Манчестер Сити»нинг кўринмас қаҳрамони. Шунингдек, футбол оламидаги энг таниқли спорт директорларидан бири.
Айнан у Хосеп Гвардиолани Манчестерга олиб келди ва тоғни талқон қилишга қодир бўлган буюк таркибни шакллантирди. Ҳозирда Англия ва бутун Европани титратаётган Эрлинг Холанд ҳам унинг кашфиётларидан бири. Улкан муваффақиятларга қарамасдан, Чики доимо четда юради. Ўта камтарин мутахассис номини «Сити»нинг расмий ҳужжатларида ҳам деярли учратмайсиз. Шу боис, Бегиристайн шахси ва фаолияти кўпчилик мухлисларга маълум эмас. Бу камчиликка чек қўйиш пайти келди!
Чики футболдаги фаолиятини «Реал Сосьедад» клубида бошлади. Кейин Кройффнинг «Дрим-тим»ида Пеп билан ёнма-ён тўп сурди
«Унинг жуда узоққа бора олишига фермер амакиси амин бўлганди. Чунки болакай сигир соғишда ҳам, қўйларни боқишда ҳам жуда чаққон эди. Чики жуда ақлли, ҳар қандай ишни бир кўришда ўзлаштириб оларди», - деб ёзганди El Pais газетаси.
Ақл - Бегиристайннинг энг буюк фазилати... «Барса»нинг собиқ ўйинчиси ва директори Карлес Решак унинг ҳар қандай вазиятга тўғри баҳо беришини жуда кўп эьтироф этганди.
Чики 16 ёшида «Сосьедад» академиясига келиб, 2 йилдан кейин асосий таркибдан жой олган ва 6 йил жамоа шарафини ҳимоя қилган, Луис Арконада, Хосе Мария Бакеро ва Хесус Мария Самора каби кўплаб афсоналар билан тўп сурганди. 1987 йилда у жамоа билан Испания Кубогига сазовор бўлган, финалда гол урганди. 1988 йилда Бегиристайн Бакеро ва Луис Лопес Рекарте билан Йохан Кройффнинг «Барса»сига йўл олдилар. Тез орада навқирон Гвардиола ҳам академиядан сафга қўшилди. Янги жамоада чап қанот вингери позициясида майдонга тушган Чики ҳужумкорлик фазилатини ҳам намойиш этди. Ромариога қадар жамоа марказий ҳужумчисиз ўйнаган бўлсада, Чики ва жамоадошлари ўз позицияларини тез-тез алмаштириш эвазига сермаҳсул тўп суришди. Натижада Бегиристайн 4та чемпионлик, Европа Чемпионлар Кубоги, Испания Кубоги, Суперкубоги ва Европа Суперкубогини қўлга киритди. ЕЧЛнинг 1994 йил финалида жамоа «Милан»га йирик ҳисобда (0:4) имкониятни бой бергач, Чики «Депортиво»га йўл олди, кейинчалик Япониянинг «Урава»сида фаолиятини якунлади.
Нафақада шарҳловчилик билан шуғулланган Бегиристайнни 2003 йилда Жоан Лапорта «Барса»нинг спорт директори лавозимига таклиф этди. Чики эса аввал Райкардни, кейин Гвардиолани олиб келди
Янги асрнинг илк йиллари «Барса» учун омадсиз келди, Жоан Гаспар истеъфога чиқди, унинг ўрнини Лапорта эгаллади. Шу тариқа Чики янги президент билан ҳамкорликда асосий эътиборни ёш иқтидорлар тарбиясига қаратишди. Лекин юксак маҳоратга эга бўлган футболчиларни харид қилишдан воз кечишмади. Мақсад рақобатбардош жамоани шакллантириш эди. Даставвал Чики Кройффнинг тавсияси билан бош мураббий лавозимига Райкаард номзодини таклиф этди. кейин Франк билан бамаслаҳат «Барса»га Роналдиньо, Эдмилсон, Это`О, Жюли ва Ларссон каби ўйинчиларни олиб келди.
Райкаард илк мавсумдаёқ Ла Лигада зафар қучди, кейингисида ЕЧЛда ғолиб чиқди. бироқ 2008 йилда жамоанинг савияси пасайиб кетди. Франкнинг даври ўтгани, жамоа янги мураббийга муҳтожлигини Чики ҳаммадан аввал пайқади ва эътиборини 4-дивизионда тўп сураётган «Барселона В» мураббийи Хосеп Гвардиолага қаратди. Пепнинг иш услуби ва изланувчанлиги клуб мутасаддиларига ёқиб қолганди. Охир-оқибат, Лапорта Гвардиола ва Моуриньо вариантидан ўз ватандоши номзодини танлади. Чунки Пеп шу жамоада ўсиб-улғайган, унинг барча икир-чикирларидан яхши хабардор эди. Гвардиола ҳанузгача Бегиристайндан миннатдор: «Чики - мураббийлик фаолиятимдаги энг муҳим шахс. Ҳозир кўпчилик менга иккиланмай ишонч билдиради. У эса бу соҳага келишимдан аввал менга ишонарди. Шу мақомга у туфайли эришдим, ундан бир умрга қарздорман».
Лапорта Чикидан ҳайратда
Интервьюларидан бирида Лапорта Бегиристайнни «Барса» президентлигига энг муносиб номзод сифатида эътироф этганди: «Ҳамма гап шундаки, у ўз касбининг фидойиси, доимо соғлом фикр асосида қарор қабул қилади. Бу масалада ҳеч кимнинг аралашишига йўл қўймайди».
Бироқ Чики фақат трансферлар билан чекланиб қолмаган, у Кройффнинг «Барса»сида ўйнаган ва шу услубнинг ашаддий шайдоси эди: «Чики - футболни мукаммал тушунади ва биз истаган услубни яратишга интилади. Қўшимчасига, у ҳалол ва ростгўй инсон».
Райкаарднинг 4-2-3-1 схемаси иш бермаслиги ва Кройффнинг 4-3-3 услубига қайтиш кераклигини айнан Чики таклиф этганди. Бегиристайн оғир дамларда ҳам режасидан воз кечмади. «Ўйинимиз мухлисларга, ҳатто рақибларимизга ҳам жуда ёқади. Биздан енгилган (0:1) «Ливерпуль» ҳам буни тан олди. Тўғри, ривожланиш учун ўқиш, ўрганиш талаб этилади. Лекин биз ўз услубимиз, ғоямиздан воз кечмаймиз», - деганди Чики 2007 йилда.
Кейин навбат Гвардиолага келди ва Пеп ўз услубини намойиш этди.
Чикини «Сити»га Сориано олиб келди
Барселона, Нью-Йорк, Бельгияда таҳсил олган ва магистр унвонига эга бўлган, каталон, испан, инглиз, итальян, француз ва португал тилларини биладиган Ферран Сориано 2003 йилда «Барса»га келганди. Унинг 5 йиллик фаолияти даврида клубнинг даромади 123 млн. евродан 308 млн.га кўтарилди, 73 миллионли зарар 88 миллионли фойдага айланди. Чикининг барча режалари молия соҳасининг билимдони бўлган Ферран туфайли рўёбга чиқди. 2012 йилнинг сентябрида Сориано «Манчестер Сити»да бош директор лавозимини эгаллади. Шайх Мансур унга тежамкор иқтисодий бошқарув ва юксак натижаларни таъминлайдиган лойиҳа яратиш вазифасини юклади. У эса клуб соҳибидан жамоани ўз одамларидан шакллантиришга изн сўради.
Бегиристайн «Сити» билан шартнома имзолашдан аввал Абу-Дабига учиб, шайх Мансурнинг ўнг қўли бўлган Халдон ал Муборак билан учрашди. Халдон «Сити»нинг раиси лавозимига тайинланган ва Сорианодан юқори турувчи ягона амалдор эди. У «Барса»нинг ашаддий мухлиси бўлгани сабабли, спортга оид барча ваколатларни Чикига топширди. Сориано-Бегиристайн жуфтлиги шакллангач, тез орада Гвардиола ҳам Манчестерга келиши муқаррар бўлиб қолди. Шу боис, дуэт Пепнинг келишига тайёргарлик кўра бошлади. Масалан, клуб Де Брюйне, Стерлинг ва Фернандиньо каби ўйинчиларни айнан Гвардиола услубига мос келганликлари учун харид қилиб қўйганди. Кейин Чики собиқ жамоадошига Эрлинг Холандни совға қилди.
Чикига оид фактлар: олий маълумотга эга эмас, каталон тилини автотиқинлар чоғида ўрганган, иримчи, Манчестерда Пеп билан ресторан очган
• Каталон тилида гапиргани учун мухлислар уни ҳурмат қиладилар. Айтишича, бу тилни Барселонадаги автотиқинлар пайтида радио тинглаб ўрганган экан.
• Чики - ўта иримчи инсон. Бир мавсумда 6та совринни қўлга киритганида «Барса» совға қилган соатни ҳеч қачон қўлидан олмайди.
• Чики менежерлик ихтисосига эга эмас: «Бунинг учун мени танқид қилишган, кийиниш хонасидаги 20 йил тажриба менга ёрдам беради. Жамоани бошқариш - футболкалар савдоси билан шуғулланиш эмас. Кийиниш хонаси - ўзгача олам», - деганди у танқидга жавобан.
• 2018 йилда Чики Гвардиола ва Сориано билан ҳамкорликда Манчестерда Каталония таомлари ресторанини очди. Таомларнинг мазалилиги ва сифати бош ошпаз Пако Перес зиммасида.
• Бегиристайнни ўта камтарин, шунингдек, эмоционал инсон сифатида таърифлашади. 1992 йилда «Барса» қитьалараро Кубок мусобақаси муносабати билан Японияга келганида, Чики Витсге билан бир хонага жойлашганди. Ўшанда улар ТВ орқали «Ўзга сайёралик» фильмини ёш болалардек ҳўнграб йиғлаш билан томоша қилишган экан.
• «Чики танлаган ўйинчининг трансфери 80 фоизга ҳал бўлди, деб ҳисоблайверинг», - дейди Пеп собиқ жамоадоши ҳақида.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789