Аввало, рўйхатдан четда қолган Ламин Ямаль хусусида тушунтириш беришни лозим топдик. Унинг ҳозирги ҳафталик маоши 32115 евро. Ламин «Барселона» ёки бошқа жамоа билан янги шартномани имзолагач, иш ҳақи миқдори бир неча бараварга кўпаяди. Бундан ташқари, иш ҳақига оид маълумотларнинг барчаси расмий эмас, евронинг рублга нисбатан курси ўзгариши билан турли манбалардаги маълумотлар фарқ қилиши мумкин.
10. Юссуфа Мукоко - ҳафтасига 57692 евро («Боруссия Д.», 19 ёш)
16 ёшга тўлган кунининг эртасига дебютини нишонлаган ҳужумчи ҳозирча ўз салоҳиятини тўлиқ юзага чиқара олгани йўқ. Лекин унинг ихтиёрида етарли вақт бор. Мукоконинг шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган. Лекин ўзи ҳозир «Ницца»да ижара асосида тўп сурмоқда ва иш ҳақининг асосий қисми «Дортмунд» ғазнасига тушаётган бўлиши мумкин. 19 ёшли ҳужумчи «Сент-Этьен»га қарши беллашувда (8:0) илк марта бошланғич таркибда майдонга тушгани ва 2та гол, битта самарали узатмани расмийлаштиргани вазиятни ижобий томонга буриб юбориши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
9. Марк Гиу - ҳафтасига 59518 евро («Челси», 18 ёш)
Ёзда Гиунинг «Барселона»дан «Челси»га ўтиши каталаонияликлар учун ўзига хос огоҳлантириш бўлиши, яъни, яъни, Ямалга дурустроқ шартнома таклиф этишмаса, у ҳам «кўклар» таркибига йўл олишини англатиши мумкин. «Ла Масия»нинг 18 ёшли тарбияланувчиси Ла Лига ва ЕЧЛдаги ажойиб голлари билан кўпгина клублар эътиборини тортганди. Молиявий муаммолар туфайли, клуб унга «Челси»дагидек шароит ярата олмади.
8. Витор Роке - ҳафтасига 67308 евро («Барселона», 19 ёш)
Мукоко сингари бу иқтидор соҳиби ҳам ижарага берилди, лекин ўзга мамлакатга эмас, «Бетис»га. Севильяликлар жамоасига Роке ёлғиз эмас, кучукчаси билан ташриф буюрди. Ўзи ёш йигитча, лекин яхши инсон. Январь ойида илк бор «Камп-Ноу»га келган бразилиялик футболчи бор-йўғи 2та гол урганди. Эҳтимол, бошқа жамоадаги ўйин амалиёти - айни паллада у учун энг яхши вариантдир.
7. Пау Кубарси - ҳафтасига 76923 евро («Барселона», 17 ёш)
Каталония грандининг навбатдаги юлдузчаси. Кичик ёшда бўлишига қарамай, Кубарси етук марказий ҳимоячи мақомида тўп сурмоқда. Ўтган мавсумда Пау Хавининг раҳбарлиги остида Ла Лига ва ЕЧЛдаги ажойиб ўйинлари билан шуҳрат қозонганди. Шу сабабли клуб унга манфаатли янги шартномани таклиф этди. Келишувга биноан, ўзаро ҳамкорлик 2027 йилгача давом этади.
6. Эндрик - ҳафтасига 80000 евро («Реал», 18 ёш)
Бразилиялик вундеркинд 14 ёшли чоғида мухлислардан жаҳон миқёсидаги иқтидор мақомини олганди. Икки йилдан кейин «Реал» уни ўз сафига қўшиб олди. Тасаввур қилинг, сиз 16 ёшда дунёнинг энг номдор клубидан таклиф олдингиз. Бироқ Эндрикни ўсмир дейишга тил айланмайди, ахир у яқинда уйланди-да. Бундай жадаллик билан у ўз фаолиятини бобо мақомида якунласа, ажабланмаймиз.
5. Арчи Грэй - ҳафтасига 89277 евро («Тоттенхэм», 18 ёш)
Ўтган мавсумни у ўзининг болаликдаги клуби «Лидс» ёрқин ўйинлар билан ўтказганди. Лекин тез орада «Элланд Роуд»га йўл олиши муқаррар эди. Бундай ўйинчиларни Чемпионшипда узоқ қолдирмайдилар. Арчининг жамоаси эса плей-офф финалида мағлубиятга учраб, элитага чиқа олмади. «Тоттенхэм» Грэй учун нақ 30 млн. фунтдан воз кечди. Лекин Постекоглу ёш иқтидорни жалб этишга ошиқмай, асосий таркибга босқичма-босқич тайёрламоқда.
4. Матис Тель - ҳафтасига 96154 евро («Бавария», 19 ёш)
«Бавария» вундеркинди ўзининг юқори тезлиги, дриблинги ва ҳужумни якунлаш қобилияти билан ажралиб туради ҳозирча Матис бир оз сабр қилишга мажбур. Чунки «Альянс-Арена»да Гари Кейн ҳукмрон. Бироқ жамоа унинг юксак салоҳиятига шубҳа қилмайди. Акс ҳолда, 2029 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекмасди.
3. Арда Гюлер - ҳафтасига 100000 евро («Реал», 19 ёш)
Эндрик - «Бернабеу»даги энг кўп маош оладиган ёш футболчи эмас. Гюлер Мадриддаги дебют мавсумида иқтидорини намойиш этишга анча қийналган бўлсада, Туркия терма жамоаси билан Евро-2024 турнирида барча мухлислар меҳрини қозонди. Бу йигит жаҳон ареналарида улкан муваффақиятларга эриша олишига асло шубҳа йўқ.
2. Лени Йоро - ҳафтасига 136892 евро («МЮ», 18 ёш)
«МЮ» машаққатли қийинчиликларга дуч келган паллада унинг таркибида Европанинг ўта ноёб иқтидорли ёш ҳимоячиси борлигини ҳатто эслаш ҳам ноқулай. Афсуски, ҳозирча фақат қоғозда - мавсум старти арафасида футболчи жароҳат олиб, муолажа курсини қабул қилмоқда.
1. Уоррен Заир-Эмери - ҳафтасига 161538 евро («ПСЖ», 18 ёш)
18 ёшли Заир-Эмери Европанинг энг зўр ярим ҳимоячилардан бири ва юксак салоҳиятга эга. 2022 йилда «ПСЖ» Уоррен билан 2029 йилга қадар давом этадиган шартномага имзо чекканида, парижликлар ҳаммасини тушуниб улгуришганди. Юқорида зикр этилган футболчилардан қай бирига улкан муваффақиятларга эришиш насиб этишини олий ҳакам - вақт белгилайди!
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади