Финал остонасида Улуғбек Бақоев бошқарувидаги «Сўғдиёна»нинг жиддий қаршилигига учраган «лочинлар» пенальтилар серияси орқали Бухоро чиптасини ўз томонларига оғдиришди. Учрашувнинг эртаси куни «Навбаҳор»нинг сербиялик ярим ҳимоячиси Йован Жокич билан боғланиб, унинг таассуротларига қизиқдик.
- «Навбаҳор» узоқ танаффусдан сўнг ниҳоят, яна кубок финалига йўлланма олди. Лекин ўйинда анча тер тўкишингларга тўғри келди...
- «Сўғдиёна»нинг худди шундай, тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатиши тайин эди. Тўғри, агар беҳисоб вазиятларнинг лоақал 1тасида гол урганимизда, ишимиз анча енгиллашарди катта эҳтимол. Айни шу масалада камчилигимиз сезилди ва бунинг оқибатида ҳаммаси пенальтилар сериясигача чўзилди. Муҳими, серияга ишонч билан киришдик ва финал чиптасини қўлга киритдик. Мақсад ҳам шу эди.
- Олдинда жамоани муҳим дерби кутмоқда. Оғир ўйиндан сўнг «Нефтчи»га қарши баҳсга жисмонан тайёр бўла оласизларми?
- Мавсум финиш маррасига яқинлашмоқда. Бу паллада ҳар бир учрашувнинг қиймати баланд, айниқса, биз учун. Шундай экан, ички ресурсларни тўлиқ юзага чиқаришга ҳаракат қиламиз.
- «Сўғдиёна» сўнгги пайтлар «Навбаҳор» учун энг ноқулай рақиблардан бирига айланди. Бу нима билан боғлиқ, сизнингча?
- Биринчидан, «Сўғдиёна»да кучли ижрочилар йиғилишган. Иккинчидан, жамоа асосан ҳимояга зўр бериб, қарши ҳужумларга таянади. Қолаверса, ўйини ҳам яхши йўлга қўйилган.
- Очиғини айтинг, пеналътилар сериясида нечоғли ҳаяжонландингиз?
- Фаолиятим давомида пенальтилар сериясида кўп бора қатнашганман. Лекин ҳар доим босим сезилади, барибир. Ахир биттагина хато зарба жамоани ғалабадан маҳрум этиши ҳеч гап эмас.
- Финалдаги рақиб - «Насаф» очиқ футболга мойил. Қолаверса, Қарши жамоаси «Навбаҳор» учун қулай рақиблардан ҳисобланади. Бу борада қандай фикрдасиз?
- Финал ўз номи билан финал - икки томон ҳам ғалабани кўзлайди. Боз устига, ўртада ОЧЛ йўлланмаси ҳам бор. Демоқчиманки, қандай услубда ўйнайдиган рақибга қарши ўйнашингиздан қатъий назар, бор имкониятни ишга солиш талаб этилади. Ишонинг, ҳаммани ўта жиддий ва қизиқарли баҳс кутмоқда.
- «Навбаҳор» таркиб бўйича Ўзбекистондаги энг кучли жамоалардан бири. Бироқ ўйинида ҳалигача камчиликлар кўп. Сизнингча, мукаммал ўйинни йўлга қўйиш учун қанча вақт керак?
- Йўқ, бу фикрингизга қўшилмайман. Ҳар ҳолда, ўйинимиз чакки эмас. Ҳа, баъзи камчиликлар бор, лекин аксарият учрашувларда кўнгилдагидек ҳаракатланяпмиз. Бунга Суперлига турнир жадвалидаги ўрнимиз ва кубокдаги натижаларимиз яққол исботдир.
- Ҳа, натижалар яхши, лекин мухлисларнинг ўйин сифатига боғлиқ эътирозларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Айтинг-чи, «Навбаҳор» айни пайт ўз имкониятларидан неча фоиз фойдаланмоқда?
- Ўйлайманки, кўп нарсага қодирлигимизни кучли жамоаларга қарши ўйинларда кўрсатдик. Тушунарлики, футболда ҳаммаси ҳар доим режа бўйича кетмайди, лекин энг муҳими - баҳс якунидаги натижа. Умид қиламанки, олдинда турган учрашувларда потенциал имкониятлардан максимал даражада фойдаланамиз.
- «Навбаҳор» қайси йўлни танлайди - финалга жароҳатларсиз етиб бориш ва ғалаба қозонишними ёки ортиқча таваккал қилмай, чемпионлик учун охиригача курашишни?
- Чемпионат ҳисобидан яна 5та тур бор. Олдиндан бирор нима дейиш қийин. Чунки футбол тахминларни тан олмайди. Ҳа, ҳозир таъқибчи ролидамиз, лекин ҳар турда кутилмаган натижалар қайд этилаётганини инобатга олсак, охиригача чемпионлик учун кураш олиб боришимиз аниқ.
- Сизни Наманган кўчаларида кўп учратамиз. Мухлислар таниб қолиб, безовта қилишмаяптими, уларнинг муносабатлари қандай?
- Ҳа, баъзида оилам ва дўстларим билан шаҳар айланиш ёки овқатланишга чиқаман. Наманган футбол шаҳри эканлигини ҳамма билади, мухлислар «Навбаҳор»нинг ҳар бир футболчисини яхши танишади. Уларнинг муносабатларига келсак, ҳаммаси аъло. Бу борада қандайдир муаммо йўқ.
- Шаҳар ва шароитлар ҳақидаги фикрингиз...
- Наманганга боғлиқ таассуротларим ижобий. Бу ерда оилангиз билан бемалол айланишингиз мумкин. Шароитларга келсак, ҳаёт учун зарур ҳамма нарса бор. Мухлислар эса Ўзбекистонда биринчи ўринда туришади.
ХУРШИДБЕК суҳбатлашди