Кепа Аррисабалага: «Мадрид»дан қўнғироқ бўлганда, кўп ўйлаб ўтириш шарт эмас»

Кепа Аррисабалага: «Мадрид»дан қўнғироқ бўлганда, кўп ўйлаб ўтириш шарт эмас»

Ёзги трансфер ойнаси ёпилиши арафасида кутилмаганда «Реал»нинг асосий фигураси - Тибо Куртуа жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди.

«Қироллик клуби» зудлик билан янги кипер қидиришга тушишди ва якунда «Челси» аъзоси бўлган испаниялик Кепа Аррисабала вариантида тўхташди. У билан 1 йиллик ижара шартномаси тузилди. Ўз вақтида иқтидорини бутун дунё тан олган дарвозабон билан яқинда Ману Карреньо ва El Larguero суҳбат уюштирди...

- Сиз хотиржам йигитга ўхшайсиз. Аслида ҳам шундайми?

- Ҳа, босиқ инсонман. Лекин агарда бундай кўринмасам, шундай кўринишга ҳаракат қиламан.

- Ва қандай вазиятлар сизни ташвишга солмоқда?

- Эҳтимол, бу мен ҳаётда назорат қила олмайдиган вазиятлардир. Бу ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, лекин сиз назорат қила олмайдиган нарса бироз азоб беради. Бу ҳам бор гап...

- Янгиланган «Бернабеу» ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ростини айтсам, анча таъсирчан. Апрель ойида Чемпионлар Лигаси ўйини доирасида «Челси» билан келгандим у ер ҳали тугатиш керак бўлган ишлар, қурилиш жараёнида эди, лекин «Хетафе» билан ўйин арафасида, эрталаб келиб, ҳаммасини кўрдик... бу ажойиб эди. Ҳақиқат шундаки, бу ерда ўйнаш қизиқарли.

- Беллингемнинг айтишича, акустика ажойиб экан. Кўплаб стадионларда бўлганингиз учун сизга ҳам шундай туюладими ёки инглиз футболчиси ошириб юбордими?

- Йўқ, йўқ, бу ҳақиқат. Мен ҳозирда «Бернабеу»дан устун бўлган бирор стадионни билмайман. Аслида, бунга биз яқиндагина ишонч ҳосил қилдик. Янгиланган «Бернабеу»даги биринчи ўйиннинг 94-дақиқасида иккинчи тўпни урганимизда шундай шовқин кўтарилдики... Тўғрисини айтсам, мен буни Чемпионлар Лигаси ўйинларида бошдан кечиришни интиқлик билан кутяпман.

- Агар Куртуанинг кутилмаган жароҳати бўлмаганида, ҳозир сиз «Бавария» дарвозасини қўриқлаётган бўлармидингиз?

- Ҳа, шундай бўларди. Айтишларича, ҳаммаси ҳал бўлган экан, лекин кутилмаган ўзгариш жуда тез содир бўлди. Яхшиямки, мен бу ердаман, бу Тибонинг жароҳати билан боғлиқ, албатта, ҳеч кимда бундай тақдир бўлишини хоҳламайман. Унинг тезроқ тузалишини тилайман. Биз ҳар куни гаплашамиз, ечиниш хонасида биргамиз, лекин мен ҳозирги жойимдан хурсандман.

- «Бавария» раҳбарияти буни қандай қабул қилди?

- Мен уларга қизиқишлари, қилган саъй-ҳаракатлари ва барча ишлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар охир-оқибат танлов қилишим кераклигини тушунишди. Сизга «Мадрид»дан қўнғироқ қилишганда, кўп ўйлаш керак эмасди. Ҳаммаси жуда тез содир бўлди, қарор қабул қилиш, ҳамма нарсани ўзгартириш учун бир неча кун етарли бўлди ва ростини айтсам, бу жуда тез эди.

- Мослашиш жараёни қандай кечди?

- Бу ерда мослашиш анча осон кечади. Ахир, мен кўплаб жамоадошларимни, шаҳарни, мамлакатни, Ла Лигани яхши биламан... Ҳаммаси оддий ҳолдек эди.

- Беллингем ҳам ўзининг ўтиши ҳақида шундай деганди. Уни қандай баҳолайсиз?

- Ёшини ҳисобга олсак, у аниқ ғояларга эга меҳнатсевар, жуда етук йигит. У қандай тинглашни билади. Мен уни Премьер-лигадаги босқичимдан бери танийман. Жуда ёшлигидаёқ «Бирмингем»да, Чемпионшипда бошлаганди, кейин Дортмунднинг «Боруссия»сида порлади, ўтган йили Чемпионлар Лигасида бир-биримизга қарши ўйнаганмиз... Сиз унинг қандай энергияга эга эканлигини, майдонни қандай қоплашини, қандай сифатга эга эканлигини, очлик ва менталитетга эга эканлигини кўришингиз мумкин. Стартни ажойиб ўтказмоқда ва умид қиламанки, бутун мавсум шундай давом этади.

- «Реал» кийиниш хонасида ким «бошлиқ»?

- Ҳар ҳолда, кўп йиллар давомида шу жамоада бўлган, кўплаб ютуқларга эришган, катта тажрибага эга бўлган, сардорлар - Начо, Карвахаль, Кроос, Модричлар бор... Кўп нарса ютган ўйинчиларни сиз ҳар куни ҳар бир ўйинни қандай қабул қилишларини, ҳар бир ўйинга қандай тайёргарлик кўришларини кузатасиз ва менимча, бу тажриба бутун жамоа учун, шунингдек, ёш ўйинчилар учун жуда муҳимдир. Бундай «амакилар»нинг ёнида ва кийиниш хонасида бўлиши, менимча, жамоа учун жуда муҳимдир.

- Саудия Арабистонидан тушган катта таклифни рад этган Лука Модрич ҳақида нима дея оласиз?

- Менимча, Лука ҳақида айтилган таърифларга, у эга бўлган барча футбол фазилатларига кўп нарса қўшилмайди...

- Уни нафақага чиқаришга ҳали эртами?

- Унинг иложи борича, кучи етгунича қолишини истардим. Ўйлайманки, «Реал» унинг ишлаши, йиллар давомида клубга берганлари ва у ҳали ҳам нима бериши мумкинлиги ҳақида ҳамма нарсани билади. Ўйлайманки, у жамоанинг асосий ўйинчиси, сўнгги ҳафталарда кўрганларимга кўра у бу ерда жуда севимли ва ҳамма учун жуда муҳим.

- Ҳозир Лунин билан рақобатдасиз. Куртуа сафга қайтганидан кейин нима бўлади?

- Афсуски, Куртуанинг тикланиши бир неча ой давом этади ва ўша вақт келганида, биз энг яхши тарзда курашамиз. Мен ҳар доим жамоадошларим билан, дарвозабонлар билан ҳар доим жуда яхши муносабатда бўлганимизни, соғлом рақобат бўлганлигини айтганман. Менимча, буларнинг барчаси жамоага фойда келтиради. Ахир, ҳар бир позициядаги рақобат, менимча, жамоани яхшилайди. «Мадрид»да ҳеч қандай позиция арзон эмас. Ҳар бир жой учун рақобат бор ва бу барчани энг яхши версиясини кўрсатишга мажбур қилади.

- Куртуа биринчи рақамли эканлигини билсангиз ҳам бу ерда қоласизми?

- Мен эндигина кўчиб ўтдим, кўрамиз, лекин қолишдан хурсанд бўлардим. Бундан ташқари, келишувга эришиш керак. Ҳали кўп вақт бор, лекин мен ҳар доим курашишга, яхшиланишга ва охир-оқибат бутун жамоа билан муваффақиятга эришишга тайёрман.

МУҲАММАДХОН тайёрлади