Людовик Жюли: «Барселона» «Монако»дан эҳтиёт бўлиши керак»

Людовик Жюли: «Барселона» «Монако»дан эҳтиёт бўлиши керак»

«Барселона» бугун янги форматдаги Чемпионлар Лигасини «Монако»га қарши ўйин билан бошлайди.

Каталонияликлар учун таниш рақиб - бир неча ҳафта олдин айнан монегасклар Гампер Кубогида уларни мағлуб этишганди. Бироқ, икки клуб ўртасидаги муносабатлар узоқ вақтдан бери илиқ давом этади: кўплаб футболчилар ҳар икки жамоа либосини кийишган. Булар Сонни Андерсон, Пети, Савиола, Жерар Лопес, Гудьйонсен, Маркес, Тюрам, Анри, Яя Туре... Улардан бири, Людовик Жюли, «Барселона»га ўтишдан олдин, ушбу шаҳар-давлат жамоаси таркибида 268та ўйин ўтказди, у ерда у Франк Райкаард лойиҳасининг энг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди ва жамоаси билан икки марта Ла Лига ва бир марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди. Людовик - афсона ва SPORT билан суҳбатда у «кўк-анорранглилар» сафидаги фаолияти ва умуман футбол ҳақида гапирди.

- Ишларингиз қандай жаноб?

- Мен жуда бахтиёрман. Чунки мен телевизорда ишлайман, Франция терма жамоаси ўйинларини шарҳлайман ва келажак учун лойиҳаларим бор, масалан, фаолиятини тугатган футболчиларга ёрдам бериш.

- Бутсаларини михга илганининг эртасигаёқми?

- Ҳа, чунки бу энг қийин лаҳза - ҳаммаси бир кечада, бир кунда тугайди. Ва агар сиз бунга тайёр бўлмасангиз, тушкунликка тушишингиз мумкин. Бунинг учун эса сиз ақл ва ҳаётий мақсадга эга бўлишингиз керак...

- Сизда вақт ҳам, пул ҳам бор...

- Сиз бир ёки икки йилни ҳеч нарса қилмасдан, оилангиз, болаларингиз, саёҳатлар, меҳмонхоналардан завқланишингиз мумкин... Илгари эса бунинг учун сизда йилига атиги 15 ёки 20 кунингиз бўларди.

- Кейинчи?

- Шундан сўнг танангиз ва бошингиз ишлаши керак. Яъни, нима учун яшаш кераклиги, ҳақиқат билан алоқани йўқотмаслик... деганларидек.

- Фаолиятингизни тугатганингиздан бери футбол кескин ўзгарганми?

- Менталитет, албатта, ўзгарди, лекин ўйинчиларнинг ўзлари ҳам шундай. Аввалгилардан истеъдодлилар кўпроқ эди, юлдузлар ҳам шунга яраша. Ҳозир жамоада фақат битта юлдуз бўлиши мумкин ва ҳатто ўша ҳам унчалик истеъдодли эмас. Менинг вақтимда ҳар бир жамоада 3-4 нафар юлдуз бўларди. Ҳозир ҳаммаси мураккаброқ. Мен «Барселона», «Реал» ёки «Сити» ҳақида гапирмаяпман, уларда яхши ўйинчиларни сотиб олиш учун пул бор. Улар учун бу оддий нарса.

- Нимани назарда тутяпсиз?

- Ҳозир ўйинчилар озми-кўпми бир хил, биласизми? Мен буни шундай кўраман.

- Қайси маънода?

- Истеъдод нуқтаи назаридан. Менимча, ўзгаришлар жисмоний нуқтаи назаридан содир бўлди. Ҳозир футболчилар тезроқ, кучлироқ, улар «машина»лар, аммо техник жиҳатдан мен уларда ҳеч қандай портлатадиган нарсани кўрмаяпман... Тўғри, истеъдод борлигини кўряпмиз, лекин у бир-икки йил намоён бўлади ва... Зидан, Баджо, Мальдини каби 5 ёки 6 эмас, 10 йил эмас... Мен Месси ёки Роналду ҳақида гапирмаяпман. Мбаппе, Ямал ва бош­қалар бор. Аммо биз янги юлдузлар пайдо бўлишини йиллар давомида кутишимиз керак.

- Жюли Райкаарднинг «Барселона»сига келганига 20 йил бўлди. Кейин эса «Сан-Сиро»даги ўша гол...

- Нафақат ўша гол туфайли, балки бутун уч йил ажойиб ўтганди: Лапорта, Чики, футболчилар, клуб менталитети, шаҳар, стадион... «Барселона»да мен учун ҳар куни орзу эди. Ва, албатта, Миландаги каби лаҳзалар бўлган, аммо мен ўз ватанимдаги Париждаги Чемпионлар Лигаси финалини энг яхши куним, деб биламан. Биз «Арсенал» устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик ва бу менинг ўша голимдан ҳам кўпроқ нарсадир! Чунки мен «Барселона» билан Чемпионлар Лигасини қўлга киритдим, ундан олдин жамоа ҳисобида фақат битта «шалпангқулоқ» бор эди. Биз клубнинг Чемпионлар Лигасидаги биринчи ғалабаси ҳақида (1992 йилда) жуда кўп гаплашамиз ва ҳозирда блауграна ҳисобида улар бештага етган, лекин мен ҳам ғолиблар қаторидаман, менинг исмим ҳам бор. Менинг орзуим амалга ошди.

- Нега «Барселона»ни тарк этдингиз?

- Ҳа, бу ажойиб уч йил эди, лекин сиз юқорида бўлганингизда, менталитетни ўзгартириш керак. Яъни, ўйинчи менталитети ва мураббий менталитети. Акс ҳолда, тартиб сизни ютиб юборади.

- Лео Мессичи?

- Фарзандларимга нима деяётганимни биласизми? Мен Месси билан ўйнаганман. Ва улар менга ишонишмайди, лекин мен «Барселона»да 3 йил ўйнадим ва бир мунча вақт ўтгач, Лео айнан менинг ўрнимни эгаллаш учун келди. Ҳали бир йиллик шартнома бор эди ва Франк менга 3 йил давомида бошланғич таркибда ўйнаганимдан сўнг, жуда кўп ўйинлардан сўнг захира ўриндиғида ўтиришимни айтганда... Бу қийин. Мен Лео феномен эканлигини биламан, мен унинг қандай ўйнашини кўрганман. Бир мавсумда 10-15та ўйин ўтказиш учун «Барселона»да қолишим мумкин эди, лекин мен доимий ўйнашни яхши кўрардим. Қолаверса, бунга рози бўладиган 35 ёшда эмасдим ҳам. Бу ёшда мен, албатта, қолардим, лекин ўшанда ҳали ёш эдим, имкониятларим ҳам чакки эмасди ва мен кўпроқ ўйнашни хоҳладим.

- Ўзингизни Ла Масиянинг қурбони каби ҳис қилмайсизми?

- Йўқ, бу ҳаёт. Лео - бу юлдуз, феномен, ўшанда у дун­ёдаги энг яхши ўйинчи эди. Менинг эса ўз шуҳратим бор эди, лекин у ўтиб кетди. Бу футбол. Агар керак бўлмасам, кетаман. Тамом. Мендан яхшироқ ўйинчи борми? Муаммо ҳам йўқ.

- Клуб билан алоқангиз ҳеч қачон узилмаган. Сиз «Барселона» афсоналар жамоаси таркибида ўйнайсиз.

- Фаолиятингизни тугатганингизда, агар сиз «иккинчи оила» аъзолари билан алоқада бўлмасангиз, ҳамма нарса кетади. Мен ҳамма билан алоқада бўлишга ҳаракат қиламан. Тўғри, ҳамма билан эмас, лекин Беллетти, Савиола ва бошқалар билан мулоқотда бўлиб тураман.

- Ҳозирги «Барселона»ни қандай кўрасиз?

- У аввалги даражасига қайт­моқда, лекин осон бўлмайди. Ҳаммасини энг олий даражада бажаришингиз керак, қолаверса ҳозир футбол дунёсида катта пул бўлиши керак. Президент ҳаракат қилмоқда. «Камп Ноу» ҳам бор. Жин урсин, мен бу майдонда ўйнадим-а! Қандай энергия бор!

- Чемпионлар Лигасининг биринчи ўйини ҳақида...

- «Монако» «Гампер»ни ютди ва энди кўпроғини хоҳлайди. Эҳтиёт бўлинг! Уларга «Барселона»дан фарқли ўлароқ босим ўтказилмайди.

МУҲАММАДХОН тайёрлади