Гарчи суд қарорлари парижликлар футболчига муайян ойлар учун маош ва бонусларни тўлашни талаб этаётган бўлса-да, ПСЖ уларни бажаришга шошилмаяпти.
Нуфузли нашр — L'Equipe экспертлари Мбаппе нега собиқ клубига қарши бораётганининг сабабларини аниқлади.
Унга кўра, ПСЖ президенти Нассер Ал-Хелаифий мураббийлар штабидан Килианнинг укаси кичик Мбаппени ўйинга қўймаслиги ҳақидаги буйруғи сабаб бўлган.
Манбанинг маълум қилишича, бош мураббий Луис Энрике раҳбарият талаби билан Итан Мбаппени ўтган мавсумнинг 33-тури қайдномасига киритмаган. Испан мутахассиснинг қароридан хабар топган Итан кўз ёш тўккан.
Килиан укасининг бу аҳволини кўриб, Нассер Ал-Хелаифийга эътироз билдирган ва клубда қолиб кетаётган 55 миллион евро миқдоридаги маош ва бонусларидан воз кечмаслигини таъкидлаган.
Ёзда Килиан Мбаппе эркин агент сифатида “Реал”га ўтиб кетди. Бироқ ҳалигача ПСЖ хўжайини унга нисбатан турли фитналар уюштираётганини айтиб келади.