Начора, яна Катанецсиз...

Начора, яна Катанецсиз...

10 октябрь куни Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши учинчи раунди 3-тури доирасида Эрон термасини қабул қилади «Бунёдкор» стадионида.

Бу ўйин нақадар аҳамиятли эканлигини айтиш шарт эмас. Форслар худди бизники каби дастлабки 2та ўйинда ҳам ғалаба қозонишгани ва «А» гуруҳи фаворити эканликларини айтиш кифоя. 

БОШ МУРАББИЙСИЗ...

Ўзбекистон миллий жамоаси Эрон ва БАА термаларига қарши ўйинларга тайёргарлик жараёнини 7 октябрь куни «Жар» стадионида бошлади. Афсуски, бош мураббий Сречко Катанец саломатлигига боғлиқ муаммолар туфайли мазкур йиғинга келолмаслиги ҳақидаги хабарлар ўз тасдиғини топди. «Бош мураббий Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра, ушбу йиғинда қатнашолмайди. Бўлажак 2та ўйинга жамоамизни ёрдамчи мураббийлар - Алейш Чех ҳамда Владо Радманович тайёрлашади. Сречко Катанецга саломатлик тилаймиз», - дея ахборот берди ЎФА матбуот хизмати. Айтиш ўринли, бунақаси 3-марта рўй бермоқда. Словениялик мутахассиснинг ўзи олдинги ҳолатда ҳаттоки, агар саломатлиги туфайли терма жамоани 3-марта тарк этишига тўғри келса, қайтиб келмаслигини айтганди. Хуллас, машғулотларни Катанецнинг ассистентлари олиб боришди. Дастлабки куни йиғинга чақирилган 5 нафар легионердан таш-қари, бошқа барча футболчилар фаол шуғулланишди. Яъни Ўткир Юсупов, Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Аббос Файзуллаев ва Остон Ўрунов жамоа ихтиёрига кечроқ етиб келишди. Яхши хабар ҳам йўқ эмас: жароҳати туфайли терма жамоага ёрдам беролмаслиги айтилган Остон Ўрунов ҳам Тошкентга етиб келиб, тиббий кўрикдан ўтишга улгурди. Қувонарлиси, футболчининг ҳолати яхши ва унда жиддий жароҳат йўқ. Демак, Ўрунов терма жамоамизнинг бўлажак ўйинларида қатнашиши мумкин. «Персеполис» клуби ҳам ҳамюртимизни яхши ҳолатда кузатиб қўйганини маълум қилди.

ЭРОН ТЕРМАСИДА НИМА ГАП 

Эрон термаси делегацияси душанба куни Тошкентга етиб келди. Амир Галенои жамоаси юртимизга йўқотишлар билан ташриф буюрди. Дейлик, «Истиқлол» клуби ва   терма жамоа етакчиларидан бири Аболфазл Жалоли машғулотларда жароҳатланиб, жамоа лагерини тарк этди. Ҳозирча унинг жароҳати қанчалик жиддийлиги ноъмалум. Varzesh3 нашри хабарига кўра, 26 ёшли ҳимоячи чуқур тиббий текширувдан ўтказилади. «Персеполис» ҳимоячиси Ҳусайн Канони ҳам айнан жароҳат туфайли четда қолди. Эрон миллий жамоаси сафида Тошкентга келган вингер Алиризо Жаҳонбахш эса сафар олдидан «А» серия иштирокчиси «Женоа» билан келишувга эришди. Бу ҳақда Tasnim ахборот агентлиги хабар берди. Маълумот учун, 1 июль куни «Фейеноорд» билан хайрлашиб, эркин агент мақомини олган Жаҳонбахш Эрон термаси сафида 87та ўйин ўтказиб, 17та гол урган. 

Эронлик ҳужумчиларнинг жорий 

мавсум клуб футболидаги статистикаси

Меҳди Тареми - «А» серияда: 6та ўйин; ЕЧЛда: 2та ўйин, 1та гол, 2та ассист 

Сардор Азмун - БАА Про лигасида: 5та ўйин, 5та гол, 1та асисст; Элит ОЧЛда: 3та ўйин, 2та гол

Шаҳриёр Моганлу - БАА Про лигасида: 4та ўйин, 1та гол; БАА кубогида: 1та ўйин, 1та гол

Амирҳусайн Ҳусайнзода - Эрон Про лигасида: 6та ўйин, 4та гол, 2та ассист; Элит ОЧЛ­да: 1та ўйин, 1та гол 

Ўзбекистон миллий жамоаси таркиби

Дарвозабонлар

Ўткир Юсупов («Фулад», Эрон)

Ботирали Эргашев (ОКМК)

Абдувоҳид Неъматов («Насаф»)

Ҳимоячилар

Рустам Ашурматов («Рубин», Россия)

Умарбек Эшмуродов («Селангор», Малайзия)

Ҳусниддин Алиқулов («Ризеспор», Туркия)

Абдуқодир Ҳусанов («Ланс», Франция)

Фаррух Сайфиев («Навбаҳор»)

Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»)

Шерзод Насруллаев («Насаф»)

Ярим ҳимоячилар

Жамшид Искандеров («Навбаҳор»)

Азиз Турғунбоев («Сивасспор», Туркия)

Акмал Мозговой («Насаф»)

Одил Ҳамробеков («Навбаҳор»)

Абдулла Абдуллаев («Пахтакор»)

Отабек Шукуров («Ал-Фейха», С.Арабистони)

Муҳаммадқодир Ҳамроалиев («Пахтакор»)

Ҳужумчилар

Элдор Шомуродов («Рома», Италия)

Бобур Абдухолиқов («Насаф»)

Жалолиддин Машарипов («Истиқлол», Эрон)

Ҳожимат Эркинов («Ал-Ваҳда», БАА)

Аббос Файзуллаев (ЦСКА, Россия)

Остон Ўрунов («Персеполис», Эрон) 

Эрон миллий жамоаси таркиби

Дарвозабонлар

Алиризо Бейранванд («Тракторсози»)

Пайям Ниёзманд («Сепаҳон»)

Ҳусайн Ҳусайни («Истиқлол»)

Ҳимоячилар

Муҳаммад Данешгар («Сепаҳон»)

Амин Ҳазбави («Сепаҳон»)

Меҳди Заре («Гол Гохар»)

Шожа Халилзода («Тракторсози»)

Али Неъмати («Фулад»)

Милад Муҳаммади («Персеполис»)

Солиҳ Ҳардани («Сепаҳон»)

Ария Юсуфи («Сепаҳон»)

Ярим ҳимоячилар

Саид Иззатуллоҳи («Шабаб Ал-Аҳли», БАА)

Муҳаммад Карими («Сепаҳон»)

Муҳаммад Горбани («Оренбург», Россия)

Саман Гаддос (клубсиз)

Омид Нурафкан («Малаван»)

Меҳди Тораби («Тракторсози»)

Моҳаммад Моҳеби («Ростов»)

Меҳди Гаеди («Иттиҳод Калба», БАА)

Алиризо Жаҳонбахш (клубсиз)

Али Голизода («Лех», Польша)

Ҳужумчилар

Амирҳусайн Ҳусайнзода («Тракторсози»)

Меҳди Тареми («Интер», Италия)

Шаҳриёр Моганлу («Иттиҳод Калба», БАА)

Сардор Азмун («Шабаб Ал-Аҳли», БАА) 

ЖЧ-2026 САРАЛАШИ. УЧИНЧИ  

БОСҚИЧ. «А» ГУРУҲИ 

3-тур. 10 октябрь (пайшанба) 

19:00 ЎЗБЕКИСТОН - ЭРОН  

Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 

19:00 ҚАТАР - ҚИРғИЗИСТОН 

Доха. «Ал-Тумама» стадиони. 

20:00 БАА - КХДР 

Ал-Айн. «Ҳазза бин Зайд» стадиони. 

4-тур. 15 октябрь (сешанба) 

19:00 ЎЗБЕКИСТОН - БАА  

Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 

19:30 ЭРОН - ҚАТАР  

Машҳад. «Имом Ризо» стадиони. 

20:00 ҚИРғИЗИСТОН - КХДР 

Бишкек. «Долен Омурзаков» стадиони. 

---------------------------------------------------------- 

Дарвоқе, Ўзбекистон миллий жамоасининг КХДР термасига қарши сафар ўйини катта эҳтимол билан Лаосда ўтказилади. Хабарларга қараганда, ҳозирда 19 ноябрь кунига белгиланган учрашув бўйича ташкилий ишлар олиб бориляпти. Тўғри, ОФК ўйин Лаосда бўлишини ҳали расман тасдиқлагани йўқ. 

ҚОЛГАН РАҚИБЛАРГА НАЗАР 

***  

15 октябрь куни Тошкентда меҳмон бўладиган БАА термаси бош мураббиийи Паулу Бенту бўлажак ўйинларга қаратилган йиғинга 25 нафар футболчини жалб этди. Таркибда маҳаллийлаштирилган 2 нафар янги футболчи бор. Аниқроғи, юридик жиҳатдан фуқароликни аллақачон қабул қилган «Ал-Шаржа» қанот ҳимоячиси Маркус Мелони ва «Ал-Жазира» ҳужумчиси Бруно Оливейра энди терма йиғинида иштирок эта бошлашди. Бунга қадар БАА терма жамоасида Кайо Канедо, Коаме Куадио, Адли Муҳаммад, Иссам Файз, Маккензи Хунт, Фабио Лима каби маҳаллийлаштирилган футболчилар кўриниш беришга улгуришганди. Легионерлардан Франция чемпионати Учинчи дивизионида тўп сураётган Жуниор Ндиае эса бу сафар йиғинга чақирилмади. 

*** 

Қатар термаси эса яна бир футболчини маҳаллийлаштирди - бир неча йиллардан буён қитъамизда муваффақиятли тўп сураётган «Ал-Дуҳайл»нинг бразилиялик етакчиси Эдмилсон Жуниорга мамлакат фуқаролиги берилди. У Қатар термасидаги дебютини 10 октябрь куниёқ нишонлаши мумкин. Шунингдек, сиёсий сабабларга кўра, терма жамоадан четлатилган фахрий футболчи Абдулкарим Ҳассан жамоага қайтарилди. Испаниянинг «Cалахорра» клуби аъзоси Иброҳим ал Ҳассан ҳам узоқ танаффусдан ккейин терма жамоага жалб этилди.  

***  

Қирғизистон миллий жамоаси сафида эса Ўзбекистон Суперлигасидан 3 нафар футболчи бор: Жоэль Кожо («Динамо»), Кими Мерк («Пахтакор») ва Валерий Кичин («Локомотив»).  

***  

«А» гуруҳи 4-туридан ўрин олган Эрон - Қатар ўйини нейтрал майдонга кўчирилиши мумкин. Ҳар ҳолда, ОФК хавфсизлик нуқтаи назаридан учрашувнинг Теҳронда ўтишига ҳали рухсат бермади. Хабарларга кўра, учрашув Ўзбекистон ёки БААда ташкил этилиши эҳтимоли мавжуд.