Бобур Абдухолиқов: «Мақсад – топ-чемпионатга йўл олиш»

Бобур Абдухолиқов: «Мақсад – топ-чемпионатга йўл олиш»

Ёш футболчилардан тузилган «Энергетик-БГУ» клуби жорий мавсум Беларусь Олий лигасида чемпионликка даъво қилмоқда.

Бунда «талабалар»га «Насаф» тарбияланувчиси Бобур Абдухолиқовнинг самарадорлиги жуда қўл келмоқда. Ҳамюртимиз жорий мавсум Олий лиганинг ўзида 21та ўйин ўтказиб, 20та гол ва 6та самарали узатма тўплашга улгурди. Ҳужумчимиз шунинг баробарида Беларусь кубоги доирасидаги 1та ўйинда ўзини кўрсатди - 1тадан гол ва ассист. Асосийси, у Беларусь чемпионати тўпурарлари пойгасида таъқибчиларини анча ортда қолдирган ҳолда, пешқадамлик қилмоқда. Ҳужумчимиз яқинда ижтимоий тармоқ орқали Минск клуби мухлислари билан алоҳида мулоқотга киришди.

- Минскда сиз учун вақт қандай ўтяпти?

- Ўйинлар ва машғулотлардан бўшасам, шунчаки, дам оляпман, футбол кўряпман.

- Мавсум давомида юқори спорт формасини бир маромда сақлаб турибсиз... 

- Ҳаммаси оддий: кунига икки маҳал астойдил машғулот ўтказ­япмиз.

- Беларусь ёқдими? Минск шаҳри-чи?

- Гап йўқ. Минксда ҳаммаси жойида, шаҳар ҳам жуда гўзал.

- Ёзги трансферлар вақти бошқа клублардан таклифлар олганингизни биламиз. Уларни нега рад этдингиз?

- Шунчаки, айтилган шароитлар тўғри келмади.

- Кейинги турда ҳам гол ура оласизми?

- Албатта, ҳаракат қиламан.

- Босимга қандай чидаяпсиз? Ҳар ҳолда, ҳозир чемпионатнинг энг яхши тўп­урарисиз...

- Босим йўқ, буни ҳис қилмаяпман.

- Жорий мавсум шу даражада муваффақиятли келишини кутганмидингиз?

- Бундай натижа кутилганди. Чунки мавсумолди йиғинларида қаттиқ ишладик. Кайфият шунга яраша, аъло!

- Яқин келажак бўйича режаларингизни айта оласизми?

- Мақсад - топ-чемпионатлардан бирида ўйнаш.