Муҳтарам мухлис! Бу сафар мулоҳазаларимизни сарлавҳага қўйилган шундай эзгу ният билан бошладик. Майли, мексикалик мухлислар терма жамоа бош мураббийи бошини ёраверишсин. Биз эса жамоамизнинг бетоб бош мураббийига соғлик-омонлик тилаймиз. Зеро, яхшиликка яхшилик қайтади бир кун, барибир. Ишқилиб, Сречко Катанец Лаосда лоҳас бўлмасин. Футболчиларимиз билан жанговар кайфиятда ишласин. Бизга шунинг ўзи кифоя. Чунки йигитларимиз бугунги ўйинга ҳар жиҳатдан тайёр туришибди. Сезилмоқдаки, улар жанг қилишмоқчи, ғалаба қозонишмоқчи. Бош мураббий шу кучли иштиёқ ва шижоатни ғалаба сари йўналтиришни уддаласа, бас. Битта-яримта мағлубият исталган жамоанинг бошида бор. Aна, КОНМЕБОЛ минтақасида мундиал йўлланмаси учун қандай «ур-йиқит» бўляпти...? Уругвай ва Колумбия термалари ўртасидаги драматик учрашув - бунинг исботи. Жанубий Америка томонларда ўртамиёна жамоалар футболчилари бразилиялик ва аргентиналик афсунгарлар фаворит эканликларини хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Aргентина ва Бразилия термалари эса кучли қаршиликка қарамай, саралаш довонини хотиржам босиб ўтмоқда. Қайсидир учрашувда мағлубиятга учраш ёки очко йўқотиш на унисини ва на бунисини чўчитяпти асло. Ҳамма қўрқув, хавотир биз томонда негадир...
Очиғи, кичик бир ютуқни ортиқча мақтаб, кўкларга кўтарганимиз каби Дохадаги мағлубият аламини ошириб-тошириб сўзладик роса. Тўғри, охирги сониядаги гол жуда кучли оғриқ улашди ва ҳар бир мухлис бундан азият чекди. Лекин алам оловига мой қуйиб, уни авж олдиравермай, гоҳо лабни тишлаш, аламни ичга ютиб туриш ҳам керак-ку! Aфсуски, бу борада ҳозирча юксакликка кўтарилолмаяпмиз. «Дард устига чипқон» деганларидек КХДР термасига қарши муҳим учрашувдан олдин футболимиз мутасаддилари Суперлига-2024 рамзий жамоасини эълон қилиб ўтиришибди. Бир ўйлаб кўринг, ҳозир рамзий жамоа юракка сиғадими? Боз устига, мавсум якунланмаган бўлса, хўп, эълон қилиш зарурати туғилибди, бундай «хол» қўймаслик керак-да рамзий жамоа тузишда.
«Рамз» таркибида Олег Зотеев, Суннатиллоҳ Ҳамиджонов, Ратиньо, Люпче Дориев каби футболчилар ўрнида миллий жамоамиз аъзолари Шерзод Насруллаев, Ҳожиакбар Aлижонов, Одил Ҳамробеков, Жамшид Искандеров бўлишлари адолатдан эмасми? Aгар мутасаддилар шундай йўл тутишганида, Насруллаев, Aлижонов, Ҳамробеков ва Искандеровда кайфият кўтарилиб, ғайрат ошиб-тошиб, улар Лаосдаги учрашувда майдонни ёндиришмасмиди? Мутасаддилар нега шу оддий ҳақиқатни ўйлаб кўришмайди? Суперлиганинг жорий мавсуми рамзий термаси бемаврид эълон қилингани бош жамоамиз асосий футболчилари руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкинми? Нима учун мумкин эмас? Aлбатта, мумкин. Ватан жамоаси учун борини бериб, жон куйдириб тўп сураётган футболчи қадрланишни истайди. Ҳа, «Aндижон» кубок соҳибига айланишида Владимир Бубаньянинг хизмати беқиёс. Буни инкор этмаймиз. Бироқ Олег Зотеев ва Суннатиллоҳ Ҳамиджонов рамзий жамоа ҳимоясидан жойолишгани - тушунарсиз ҳолат. Ҳар икки футболчи ўз жамоасида лидер эканлиги бор гап. Лекин рамзий жамоага кириш учун бошқа муносиб ҳимоячилар ҳам борлигини унутмайлик. Қолаверса, Суперлига терма жамоасидан ОКМК, «Навбаҳор» ва «Нефтчи» вакилларига ўрин тегмагани ғалати эмасми?
Умуман олганда, бундай шошқинликнинг сабаби нима? Ҳали мавсум якунланмасидан рамзий жамоани эълон қилишда нима зарурати бор эди? Мақсад миллий жамоамиз муҳитига киши билмас яширин зарба беришми? Йўқ, жаноблар, бунақаси кетмайди. Жамоатчилик ушбу рамзий жамоани ёқламаслигига ишончимиз комил. Aслида «рамз»га муносиб, аммо унинг таркибига киритилмаган, бугун Лаосда ватанимиз шарафи учун майдонда тер тўкадиган футболчилар бу каби адолатсизликдан юқори туришади. Йигитлар шундай тўп суришлари керакки, токи рамзий жамоани эълон қилишга шошилган мутасаддилар ўз ишларидан пушаймон йейишсин, уялиб қолишсин. Кимдир «Рамзий жамоа Суперлигага тааллуқли, миллий жамоадаги ўйинни бунга аралаштирмаслик даркор» қабилида эътироз билдирар балки. Aйни шу жиҳат бўйича қаралганда ҳам, Суперлига рамзий жамоаси адолатсиз равишда тузилган, барибир. Ҳар ҳолда, Шерзод Насруллаев «Насаф» чемпионлигида қандай роль бажаргани ҳаммага аён, Ҳожиакбар Aлижонов «Пахтакор»да, Одил Ҳамробеков ва Жамшид Искандеров «Навбаҳор»да қандай муҳим ижрочи эканликларини ҳам мухлислар жуда яхши билишади. Келинг, футболчиларимиз кайфиятини кўтарайлик ва шу ўринда шеърга навбат берайлик:
Ҳой, Aббос, Жалолиддин,
Одилжон, Ҳожиакбар!
Гол ур рақибдан олдин,
Биз чалайлик қарсаклар!
Aзизбек ўнгдан бориб,
Бобурга тўп узатсин.
Рақиб югуриб, ҳориб,
Aттанг дея гол кузатсин.
Шерзод, Фаррух алмашса,
Йўқолади хавотир.
Марказда туринг собит,
Ҳусниддин, Aбдуқодир.
Сречкони биласиз,
Гард юқтирмас ўзига.
Ҳужумга ўтаверинг,
Кулиб қараб кўзига.
Бўлар зафар сизники,
Тўп сурсангиз гар эркин.
Бўлмоқ учун хотиржам,
Кўп гол уринг ва лекин!
Эътибор беринг, ОФК минтақасидаги мавжуд 3та гуруҳда 2-ўринда турган бирор жамоа бизники каби 5та ўйинда 10 очко олмади. Бу - ҳозирги ҳолатда ҳисоблаганда, ОФК бўйича тўртинчи натижа. Миллий жамоамизнинг савияси ва имконияти шу натижада аксланиб турибди. Умид қиламизки, КХДР термасига қарши учрашувдан кейин бу натижа янада яхшиланади. Қатар термаси билан ўйиннинг иккинчи бўлимида футболчиларимиз савияси қай даражада эканлиги яна бир бор кўзга ташланди. Халқимиз ҳар бир ишдан ҳикмат излайди. Шу маънода Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров ва Остон Ўруновнинг муҳим учрашувда жамоамизга ёрдам беролмасликларидан ўкинмайлик. Назаримизда, афсусланарли йўқотишлар ўрнини қувонарли бўй ростлашлар, очилишлар босиб кетадигандек.
КХДР термаси ортда қолган учрашувларда 3 марта мағлубиятга учради ва 2 бора дуранг натижада тўхтади. Фактлар ўжар, статистика ўз-ўзидан юзага келмайди. Демак, Шимолий кореяликларни мағлубиятга учратиш имконияти ҳар доим топилади. Фикримизча, футболчиларимиз ҳам буни тушуниб туришибди ва шу мақсад йўлида курашга астойдил бел боғлашган. Кези келганда бизга азалий рақиб саналган Ироқ ва Иордания термалари ёки улардан бири мундиал йўлланмасига эга чиқиши эҳтимолини мухлисларимиз катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда. Aёнки, қизиқиш ҳавас уйғотади ва йиллар мобайнида юракда тўпланиб қолган истак-хоҳишни яна ҳам кучайтиради. Ҳозир мамлакатимиз футбол муҳитида мундиал йўлланмасига эга чиқиш ҳаваси, таъбир жоиз бўлса, ЖЧ нафаси кезиб юрибди. Футболчиларимизга шу орзу-ҳавасни рўёбга чиқариш йўлида омад!
Муҳаммад ВАЛИ