Осиё футболи: Қойилмақом юксалиш

Осиё футболи: Қойилмақом юксалиш

Осиё футболи «шок» ҳолатида: қитъада ўртамиёна жамоалар қаторида борувчи Иордания термаси Қатарда ўтказилган ОК-2023 турнирини 2-ўринда якунлади - кумуш медаль.

Ваҳоланки, марокашлик мураббий Ҳусайн Аммута жамоадаги ишини 4та мағлубият билан бемажол бошлаганди. Кейин бирдан қо­йилмақом ўсиш-юксалиш бошланиб кетди. Натижада иорданияликлар якунда ўз тарихларида илк марта Осиё чемпионати финал ўйинида иштирок этишди. 

Иордания миллий жамоаси Осиё кубогида чиндан ҳам, мўъжизавий ўйин кўрсатди. Айниқса, иорданияликларнинг турнир ярим финалида қудратли таркибга эга Жанубий Корея термаси олдига тўсиқ қўйишгани хотираларга муҳрланди. Араблар ҳал қилувчи баҳс йўлида жуфтликнинг яққол фаворити саналган корейсларга кўз очиш имконини беришмади ва 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани расмийлаштиришди. Финал натижаси (3та пенальти ва 1:3) бошқа масала, бу Иордания термасининг турнирдаги ёрқин иштирокига соя солмаслиги керак. Демак, қуйида sports.ru сайти маълумотлари асосида ОК-2023 қаҳрамонлари ҳақида бироз тўхталамиз.

*** 

Иордания термасининг трансфер қиймати бўйича энг қимматбаҳо футболчиси - Лига 1- (Франция)да ўйнайди. Бу - «Монпелье» ярим ҳимоячиси Мусо ал Таммарий. Қитъа чемпионатидан олдин унинг трансфери 6 млн. еврога баҳоланаётган эди. Ж.Корея термасига қарши кечган ярим финалнинг асосий юлдузи ақлни шошириб қўядиган тезлиги билан эътиборга тушди. Хавбекнинг финал чиптасидаги улуши - гол ва ассист. «Монпелье» вакили гуруҳ босқичида Малайзия термаси дарвозасини 2 марта нишонга олиб, 4:0 ҳисобига катта ҳисса қўшганди. Мусо ал Таммарий ҳозир 26 ёшда. Ҳужумкор футболчи Иордания миллий чемпионатидаги қисқа юришдан кейин еврофутболга АПОЭЛ орқали бош суқди. Асосийси, араб йигити бу клуб сафида Кипр чемпионига айланди. 2020 йили эса «Ауд-Хеверле Левен» жамоаси сафига қўшилган Мусо Бельгияда ҳам чакки таассурот қолдирмади ва «Мон-пелье»га кўтарилди. Унинг Осиё чемпионати стартига қадар Лига 1да қайд этган натижаси ҳам ёмон эмасди: 16та ўйинда 3та гол ва 1та ассист. 

Transfermarkt портали талқини бўйича айтсак, Мусо ал Таммарий Иордания миллий жамоасида трансфер суммаси билан ҳам яққол ажралиб туради. Диққат қилинг, Франция чемпионатида тобланаётган арабнинг ёрлиғи 6 миллион еврога баҳоланаётган бўлса, бошқа бирор футболчининг баҳоси 600 мингдан баланд эмасди. «Ал Таммарийни битта факт билан таърифлаш мумкин - у Лига 1-2023|2024да энг юқори тезлик қайд этган футболчидир (36,31 км.|соат). Ҳаммаси шу. Ҳеч қандай сеҳрли узатма ёки ажойиб зарба йўқ, бўш ҳудудни илғаш ёки ҳимояланиш кўникмаси ҳам йўқ. Таммарий шунчаки, зўр югуради, яна кучли ва тезкор дриблинги ҳам бор», - дея иорданиялик юлдузга таъриф берганди sports.ru сайти журналисти Артём Денисов ўз кузатувлари асосида. Лекин Осиё кубоги-2023 кўрсатдики, Мусо бошқа сифатлардан ҳам бебаҳра қолмаган, жумладан, етакчилик хусусиятидан. Ҳар ҳолда, қитъа биринчилигида иорданияликлар орасида биргина ҳужумчи Язан ал Наймат Лига 1 вакилидан кучлироқ кўринди. Трансфер баҳоси бўйича Иордания термасида 2-ўринда турувчи ҳужумчи 6та ўйин­да «Гол+пас» тизими бўйича 6 балл ишлади: 4та гол ва 2та ассист. Жумладан, Ж.Корея термаси дарвозасига урилган 1-голга айнан шу ҳужумчи муаллифлик қилди. Қолаверса, ал Наймат ироқликлар билан баҳсда ҳам ўзини кўрсатди: Эсласангиз, иорданияликлар 90+5-дақиқагача ҳисобда ортда боришди ва якунда нимчорак финал баҳсини қўшимча бўлимларга чўзиб, ғалаба қозониш йўлини топишди. 24 ёшли Язан Қатарнинг «Ал-Аҳли» клуби вакили ҳисобланади. Эътиборлиси, у бу жамоанинг 43та ўйинида 14та гол ва 15та самарали узатма тўплашга улгурган.

***

Умуман, Иордания миллий жамоаси ОК-2023нинг асосий «сюрприз» иштирокчиси бўлди. Дейлик, турнирдаги энг чиройли голлардан бири Маҳмуд ал Мардий томонидан Малайзия термаси дарвозасига урилди. Айтиш жоиз, иорданияликлар гуруҳда ҳам корейслар билан тўқнашишган ва 90+1-дақиқадагина қўйиб юборилган гол туфайли ғалабани дуранг (2:2)га алмаштиришганди. Ироқ термасига қарши ўйинда эса Ҳусайн Аммута жамоаси тартиб-интизом, ишонч ва тактик жиҳатдан рақибдан қизиқарлироқ кўринди. Иордания термаси голлари - соф эстетика. Ҳар ҳолда, Аммута шогирдлари ОК-2023га чиройли голлар воситасида ҳам зеб беришди! Саноқсиз узатмалар, қанотдан оширмалар ёки беҳуда зарбалар йўқ. Иорданияликлар шунчаки, товон билан ўйнаш орқали нореал траектория бўйлаб ҳужумга ўтишларини исботлаб қўйишди. Ж.Корея термасига қарши биринчи ўйинда эса ҳавода учиб кетаётган тўп йўналишини дарвозага қандай буриб юбориш мумкинлигини кўрсатиб қўйишди. ОК-2023 бош кашфиё­тининг яна бир устун жиҳати - қуюқ прессинг. Корейслар унча-мунчага алданмайдилар, аммо тажрибали ярим ҳимоячи Парк Ён Ву рақиби Мусо ал Таммарий таъқиби таъсирида нима қилишини билмай қолди, якунда Язан ал Наймат чиройли узатмани қадрига етиб, тўпни нозик ҳаракат билан дарвозабон устидан ташлаб қўйди. Яна бир гўзал гол. 

*** 

Эътиборли томони, Иордания термаси бунга қадар Осиё кубоги 1|4 финалидан нарига ўтган эмасди. Боз устига, марокашлик мураббий Ҳусайн Аммутанинг иши анча кўнгилсиз бошланган эди. Тушунарлики, иорданияликлар бирор марта жаҳон чемпионатига чиқишмаган. Улар учун 2004 ва 2011 йиллардаги Осиё кубоги чорак финали энг яхши натижа эди. Оддий таққослаш: Иордания термаси ОК-2023га ФИФА рейтингида атиги 87-ўринда бораётган жамоа сифатида киришган бўлса, корейслар жаҳон рўйхатининг 23-қаторида эдилар. Яна бир кучли факт: transfermarkt портали маълумотларига кўра, Иордания миллий жамоасининг бутун таркиби (13,65 миллион евро) биргина Сон Хюн Мин (50 миллион)дан деярли 4 баравар арзон эди.

*** 

Иордания мўъжизанинг асосий ижодкорларидан бири марокашлик мураббий Ҳусайн Аммута, албатта. Унинг автобиографиясида Марокаш термаси билан ЖЧ-2022ни «портлатган» Волид Реграгига туташ нуқталар бор. Дейлик, ҳар икки мутахассис «Видад» клуби бошқарувида Марокаш чемпионати ва Африка Чемпионлар Лигасида ғалаба нашидасини сурган. Аммута яна яхшигина футболчи сифатида ҳам танилган. Жумладан, бир неча йил Яқин Шарқда муваффақиятли тўп сурган. Айниқса, «Ал-Садд»даги фаолияти кўпроқ эсланади. Зеро, Аммута 2000 йили бу клубда Қатар чемпионига айланган. Қолаверса, Ҳусайн 1992 йили Барселона ёзги Олимпиадасида Марокаш термаси таркибида ўйнаганди. 2003 йили эса Аммутанинг мураббийлик фаолияти бошланди. У кейинги 20 йил давомида Қатар ва Марокашда имкони бор барча ички турнирларда зафар қучди. Аниқроғи, аввалига «Ал-Садд»да 3 йил ишлаб, совринлар терди, кейин бу ишини «Видад»да давом эттирди. 

2023 йилнинг ёзида Иордания термаси бош мураббийи лавозимига тайинланган марокашлик мутахассис янги ишининг старт қисмида қўрқинчли ҳолатга тушиб қолди. Рақамларда келтирсак, Аммута ҳозирга қадар иорданияликларни жами 16та ўйинда майдонга бошлаб тушди. Шундан дастлабки 4тасида жамоа умумий - 4:13 ҳисобида енгилганди. Шунга қарамай, Иордания футболи раҳбарияти марокашликка ишонди ва мана, унинг жамоаси тарихга кирди. Охирги маълумотларга қараганда, 54 ёшли мутахассис иорданияликлар билан хайрлашишни маълум қилишга ҳам улгурди...

Иордания термасининг ярим финалдаги ғалабаси асло тасодиф эмас. Оддий мисол, Ж.Корея термаси бутун ўйин давомида бирор марта аниқ зарба йўллай олмади (7та уринишнинг барчаси хато). Корейсларда эҳтимолий гол кўрсаткичи атиги 0,7 xGга тенг бўлди. Камтарин Иордания термаси эса рақиб дарвозасини 17 марта нишонга олди ва 7та зарба аниқ чиқди. xG кўрсаткичи эса 1,8ни ташкил этди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади