Ўқимай уққан қаҳрамон

Ўқимай уққан қаҳрамон

2000-йиллар ўрталарида россиялик касбдошимиз Лондонда Петр Чех билан мулоқотда бўлган, самимий суҳбат унга ўзгача фахр бахш этганди:

2000-йиллар ўрталарида россиялик касбдошимиз Лондонда Петр Чех билан мулоқотда бўлган, самимий суҳбат унга ўзгача фахр бахш этганди: «Евро-88 турниридан кейин Пльзендаги уйим деворига Ринат Дасаевнинг портретини илиб қўйганман. У дунёдаги энг моҳир дарвозабонлардан бири эди. Қўшимчасига, Ринат терма жамоанинг сардори ҳам эди. Одатда, бу юксак унвон камдан-кам дарвозабонга насиб этади. Ота-онам ҳозир ҳам ўша хонадонда истиқомат қиладилар, мен эса Дасаевнинг СССР терма жамоасини ҳимоя қилган қизил... йўқ, кўк рангли футболкадаги ўша суратини унутган эмасман».

Ҳозир ўз уйида қайсидир россиялик футболчи суратини сақлаётган ва шу қизиқиш сабаб машҳур футболчига айланган хорижлик болакайни топиш мумкинми? Буни тасаввур қилишга, очиғи, фантазиям заифлик қилади. Дасаев эса фақат Чехнинг «кумири» эмас, Шарқий Европадан бошқа ҳудудларда ҳам уни даҳо сифатида ҳурмат қилган буюк афсоналар бор. Эрон футболининг рамзи бўлмиш Али Даининг уйидаги Дасаев портрети менда янада кучлироқ таассурот қолдирди. Афсонавий ҳужумчи терма жамоада ўрнатган 109та голли узоқ йиллик рекордини фақат ўтган йили Криштиану Роналду янгилашга муваффақ бўлди.

1988 йилда ФИФА томонидан дунёнинг энг моҳир дарвозабони сифатида эътироф этилган Дасаевнинг ҳатто ўтказиб юборган голлари ҳам буюк. Евро-88 финалида Марко ван Бастен томонидан ўткир бурчак остида йўлланган тўпнинг парвози ўта ҳайратланарли эди.

Ўша тарихий голда дарвозабоннинг айби борлиги ёки йўқлиги хусусидаги баҳс узоқ йилларга чўзилди. Биз суҳбатлашган пайтда дарвозабонлар мураббийи сифатида ишлаётган Ринатнинг фикрича, унинг хатоси ҳам қисман сабаб бўлганди: «Ван Бастен мен зарба йўлланишидан аввалроқ сакраганимдан унумли фойдаланганди. Тўп энг юқори нуқтага кўтарилган паллада мен пастлаётгандим. Ўша хато мен учун сабоқ бўлди, ҳозир шогирдларимни зарбадан аввал сакрамасликка ўргатмоқдаман».

Кейинчалик афсонавий посбон ва ҳужумчи яна рақиб мақомида ўзаро дуч келишлари мумкин эди. Георгий Ярцев даврида терма жамоа дарвозабонлар мураббийи вазифасини адо этган Дасаев бошқарув Гус Хиддинкка ўтганида ҳам ишлашга тайёр эди. Бироқ Виталий Мутко барча ўсмирлар терма жамоаларининг дарвозабонларини ҳам таклиф этгач, Ринат таклифни рад этди.

Тез орада Хиддинкнинг Россия терма жамоаси Евро-2008нинг чорак финалида ван Бастеннинг Голландиясини маҳв этди. Ўйиндан кейин Марко россияликларни табриклаш учун кийиниш хонасига келди. Воқеалар ривожи сал ўзгача бўлганида, у тарихий голини ўтказиб юборган рақиби билан учрашган бўларди...


«Спартак»ка  тиззаларидаги жароҳат билан келганди

Тиззасидаги муаммодан фориғ бўлиш учун икки марта жарроҳлик амалиётига дош берган Игорь Акинфеевни мухлислар ҳақли равишда узоқ муддатли ишончли фаолият соҳиби сифатида ҳурмат қилишади. Аммо Дасаев 20 ёшда қадрдон «Волгарь»дан «Спартак»ка иккала тиззасини жарроҳ «енгиллатиб» қўйганидан кейин келганди. Қолаверса, операция Германияда эмас, СССРда амалга оширилганди. Сабаби, тиббий муолажага муҳтож бўлган паллада, Игорь таниқли юлдуз, Ринат эса ҳеч ким эмасди.

1979 йилдаги чемпионликдан ярим йил аввал Ринат Киевнинг «Динамо»сига қарши бармоғи синган қўли билан майдонга тушганди. Ўта кучли оғриқни тўхтатишнинг иложи топилмаган, у 1 қўли билан ўйнаган бўлсада, Киевдан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди. Ростовдаги сўнгги турда Сергей Андреев билан тўқнашиш оқибатида яна тиззасидан шикастланди ва ўрнини Прудниковга бўшатиб берди. Чемпионлик даврасида қатнаша олмаган бўлсада, жамоавий суратга тушишга имкон топа олди.

Мексикадаги ЖЧ-86 турнири арафасида Дасаев аллергия туфайли бетоб бўлиб қолди ва машғулотларда юзларидаги шиш билан қатнашишга мажбур бўлганди. Эрталаб Лобановский уни ёнига чорлади: «Газеталарда сенинг беморлигинг ҳақида ёзишди. Кел, венгрияликларга сюрприз қиламиз. Сен таркибдасан».

Ўша ўйин терма жамоанинг 6:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ринатнинг айтишича, у қандайдир махсус мактабда таҳсил олган эмас, «ўқимай уққанлар» тоифасидан. Боз устига, у даврда дарвозабонлар мураббийи лавозими йўқ эди. Қисқаси, Дасаев дарвозабонликни ўз қизиқиши, бошқа касбдошлари ўйинларини кузатиш эвазига ўрганди.

«Волгар»да асосий дарвозабон маҳаллий ИИБ раҳбарининг жияни Юрий Малков бўлгани боис, бош мураббий Фёдор Новиковнинг навқирон Ринатга ён босишлари унга ёқмасди. Бироқ Маков, дарвоқе, самимий йигит, фахрий ёшида эди. «Спартак» қизиқиш билдирганида, Дасаев айнан Маков билан маслаҳат сўради. Касбдоши унга бир вақтлар Лобановский «Днепр»га чорлагани, лекин ўзи «иссиқ» жойини тарк этишни истамагани, кейин имкониятни бой бергани учун афсусланиб юрганини айтиб берганди. Бу иккиланиб турган Ринатнинг пойтахтга йўл олишига туртки бўлди.


Дасаевнинг тарихи - имкониятлардан унумли фойдаланиш

78-йил мавсумида олий лигага қайтган «қизил-оқ ранглилар» чемпионатни омадсиз бошлаб, асосий дарвозабон Александр Прохоров Костантин Бесковдан қисқа танаффус беришни сўраганди. Шу тариқа «Заря» ва «Локомотив»га қарши Ринат Дасаев майдонга тушди. Натижа - бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади.

Ўша даврда жамоа икки қарама-қарши гуруҳ - Прохоров ва Евгений Ловчевлар гуруҳига ажраб қолганди. Табиийки, бу бош мураббийга ёқмасди. Йиллар ўтиб, Дасаев бир воқеадан хабардор бўлди. Тарасовкада хоналарни тозалаб юрган фаррош аёл Прохоров ўз яқинларини тўплаб, 2та ўйинни «қуруқ» ўтказган Дасаевни «эгиб» олишни буюрганини эшитиб қолганди. У Николай Старостиннинг ҳайдовчисини, ҳайдовчи клуб раҳбарини, раҳбар эса бош мураббийни воқеадан хабардор қилди. Якунда Бесков Прохорвни жамоадан четлатди, асосий дарвозабонга айланган Ринат эса тез орада сардор ўринбосари бўлди. Олег Романцев фаолиятини якунлагач, сардорлик боғичи 29 ёшли дарвозабонга ўтди. Дасаев гуруҳбозликка чек қўйиб, жамоадошларини ҳамжиҳатликка даъват этди.

Тез орада Ринатнинг ташаббуси билан жамоадошлар унинг уйида тўпланадиган, ўтган ўйинларни таҳлил қилиб, кейингисига тайёргарлик режасини тузадиган бўлдилар. Ҳамжиҳатлик ўз-ўзидан шаклланиб, ривожлана бошлади.

Дасаевдан аввалроқ Бесковга ёрдамчи бўлиб келган Новиковга Ринат доимо машғулотдан кейин яна бир оз шуғулланишни таклиф этарди. Кейинчалик иккинчи дарвозабон ролига таклиф этилган Станислав Черчесов эса унинг меҳнатсеварлиги ва кўп ишлашидан лол қолганди. Тез орада навқирон осетин йигити фақат тинимсиз изланиш ва тер тўкиш эвазига дунёнинг энг яхши дарвозабони бўлиш мумкинлигини тушуниб етди.

Ринат ёш футболчилар билан ишлашни ҳам ўрнига қўярди. У билан ҳамхона бўлган Александр Мостовойнинг таъкидлашича, бирон-бир «дед»ларга хос қилиқларсиз Дасаев уни чинакам профессионал даражасига олиб чиққанди.

Дасаевнинг ўзи эса хорижлик юлдузлардан кўп жиҳатларни ўзлаштирар, ўз вақтида Лев Яшин Пеле, Эйсебио, Беккенбауэрлар билан дўстлашганидек, у Тони Шумахер билан доимий алоқани ўрнатганди.

Шунингдек, Ринат Яшиннинг ўзи билан ҳам ўта илиқ ва самимий муносабатда бўлган. У дунёнинг энг моҳир дарвозабони ЖЧ-82 старти арафасида ёш касбдошига берган ўгитларини Ринат ҳозир ҳам унутган эмас. Терма жамоанинг турнирдаги муваффақиятли иштирокида Яшиннинг кўрсатмалари муҳим роль ўйнагани аниқ.

Дасаев санъаткорлар билан ҳам доимо дўстона муносабатда бўларди.


Қуръон ва Пиреней

Ҳеч ким, ҳатто мураббийлар штаби ва жамоадошлари ҳам Дасаев ўзнинг ихчам сумкачасида нима олиб юришидан бехабар эдилар. Ринат захира қўлқоплари орасида Қуръон олиб юрарди, байрамларда масжидга борарди. Бир куни уни ДХҚ ходимлари кўриб қолишди ва шу қадар таниқли шахснинг бунақа жойларда юриши мумкин эмаслигини айтишди. Кейинчалик у барча эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда қатновни давом эттирди, муаммоларга дуч келмади. Лекин ўша учрашув туфайли «Ҳурмат Белгиси» орденини унга ярим йилдан ке­йин топширишди.

«Сени Третьякка айлантираман!» Ҳа, Константин Бесков ёқимтой шогирдига шундай деганди. 1987 йилда Ринатни 2-ўринда эътироф этишди, бир йилдан кейин дун­ёнинг энг яхши дарвозабони унвонини беришди. Дастлабки мукофот тақдимоти омадсизлик билан якун топди - ўз майдонидаги ғалабадан (4:1) кейин «Спартак» Бременда «Вердер»га 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Кийиниш хонасида Ринат жамоадошларидан узр сўрай бошлаганида, Бесков уни тўхтатди: «Бунга ҳамма айбдор, фақат Ринатнинг ўзи эмас!»

1988 йилда Петровский паркдаги Киев «Динамо»сига қарши беллашув арафасида берилган дунёнинг энг яхши дарвозабони соврини эса аксинча, муваффақият келтирди: ўта муҳим ўйинни «Спартак» ўз фойдасига ҳал қилди,1:0.

Дарвоқе, айнан ана шу ўта оғир вазнли соврин вақти келиб Дасаевни қутқарди. У Испанияда тўп суриб юрганида, Москвадаги хонадони кирган ўғрилар барча совринлару медалларни, жумладан, Евро-88нинг кумуш медалларини ҳам олиб чиқиб кетдилар. Лекин оғирлиги 50 кг. бўлган сов­ринни олиб кета олишмади ёки буни истамадилар.

Ўтган йил августида «Спартак» академиясида тантанали маросим бўлиб ўтди. Дасаев соврини учун ўтказилган турнирнинг охирги кунида Сокольники паркига 94 ёшли Никита Симонян ташриф буюрди ва болакайлар ҳамда ота-оналарнинг қарсаклари остида Ринатга Евро-88нинг кумуш медали нусхасини топширди. Бошқа бир «Спартак»чи - Вагиз Хидиятуллин ўзининг медалини нусха олиш учун олиб келган, Москва зарбхонасида нусха олинганди.

Манба: Sport-express.ru, 

С.РАҲМОНОВ тайёрлади