Асли тошкентлик мутахассиснинг Осиё футболи билан яқиндан таниш эканлигини ҳисобга олган «Реального времени» спорт редакцияси яқинда собиқ ҳакамни алоҳида суҳбатга чорлади. Мавзу тайин - РФИнинг ОФКга ўтиши масаласи.
— Рафаэль Эдуардович, аввало, ОФК ҳақида тўхталсангиз...
- Штаб-квартираси Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган конфедерация ҳудудий қамрови бўйича дунёда энг каттаси ҳисобланади. Эҳтимол, Жануби-Шарқий Осиё ва Форс кўрфази мамлакатлари ўртасидаги катта фарқ туфайли энг хилма-хили ҳам ОФКдир. Европада бирдамликка интилишади, Осиёда эса нафақат миллатлар, балки динлар ҳам жуда кўп. Ҳатто одамлар характери турлича. Масалан, корейс ёки японлар бирор расмий тадбирга кеч қолишни асло ёқтиришмайди, Форс кўрфази мамлакатларида эса 15-20 дақиқа кечикиш оддий ҳол ҳисобланади. Осиёнинг ғарбий минтақасида бирор ишни олдиндан режалаштиришга одатланмаганлар, кўпинча барчасини охирги дақиқаларга қолдирадилар. Корейслар ва японлар каби тартибни хуш кўрувчи австралияликлар ҳам қўшимча илтимосга регламент бўйича жавоб берадилар. Форс кўрфази мамлакатларида аксинча, меҳмон илтимосини қондириш учун ҳар нарсага тайёр туришади. Тарбия масаласида ҳам фарқ бор. Дейлик, Жанубий Кореяда 5 ёшга тўлгунича болага деярли ҳамма нарса мумкин. Япония ва Австралияда ҳам шундай, бола 5 ёшдан ошгач эса, тарбия масаласига қатъий қаралади.
— «Зиланта» гандбол клуби мураббийи Алексей Попов Жанубий кореяликларнинг машғулотларда тартиб-интизомга жиддий амал қилишларидан ҳайратда қолганини айтганди.
- Чунки болалик вақти 5 ёшдан кейин тугайди ва қаъий тартиб-интизом сингдирилади. Шу ўринда КХДР ҳақида икки оғиз гап: мамлакатга киришингиз билан сиздан барча уяли алоқа мосламалари олиб қўйилади, меҳмонхонада эркин интернет йўқ, шунингдек, ҳар кимга ҳамроҳлик қилиш учун махсус одам тайинланади. Агар Жанубий Корея вакиллари билан бир жойда бўлсангиз, учинчи томон воситачилигисиз алоқа ўрнатишингиз мумкин эмас. Шахсан ўзим турнирдан кейинги зиёфатда жанублик шимолликка яқинлашган заҳоти унинг ҳамроҳи ҳеч хижолатсиз ўртага суқулиб кирганини кўрганман. Камбоджада ҳам тахминан шундай тартиб: меҳмонни кутиб олиш, кузатиб қўйиш штатли зобитлар зиммасида, яна қурол билан. Эсимда, эрталаб югуриш учун хиёбонга чиққанимизда, бизни мопедда кузатиб боришганди.
- Бирор экзотик воқеа ёдингизда қолганми?
- Мальдив - океан ажратиб турувчи турли ороллар макони. Бизни битта оролдаги меҳмонхонадан стадион жойлашган бошқа оролга катерда олиб боришганди. Яна бир сафар оролдан оролга самолётда учиб ўтганмиз.
- Умуман, Осиёдан қайси мамлакат Россиянинг ОФКга қабул қилинишига қарши чиқиши мумкин? Потенциал тарафдорлар ҳам топиладими?
— Тарафдорлар ва қаршилар масаласи кўпчиликка маълум, бунинг сабаблари ҳам сир эмас. Шундай экан, олдин Осиёда ишлаганим учун баъзи бир нюанслар ҳақида гапирганим маъқул. Мисол учун, Иорданияни олайлик. Бу мамлакатни Исроилдан биргина Ўлик денгизи ажратиб тургандек. Аслида эса ўртадаги кенглик битта денгиздан анча катта. Бунда миядаги тубсизликни назарда тутяпман. Дейлик, у ерда Исроил ҳақида гапиришингиз билан иорданияликларда ички жазавани ҳис қиласиз, улар сиздан қаттиқ ранжишади. Демоқчиманки, «бир хилда тарбияланган» қабилидаги умумэътироф Осиёга мутлақо мос келмайди. Ахир маданият, дин, менталитет, тарих ва сиёсий қарашлар турлича.
- Иккинчи томондан, Қуръонни ёқиш ва Қатар мундиалида ўз жамоаларининг сурбетларча хатти-ҳаракатлари асносида Ислом оламини нафратини яна бир бора қўзғатган Европадан фарқли ўлароқ, Россия бундай нюансларни қисман тушунади.
- Бировнинг уйига борганингизда, ўз низомингизни илгари суришингиз мутлақо нотўғри. Аммо ОФКга ўтиш ғояси нафақат маданий ва диний қадриятларга ҳурмат, балки ҳомийлик инъекцияларига ҳам боғлиқ. Зеро, Осиё ҳам географик, ҳам диний, ҳам молиявий жиҳатдан бўлинган - Форс кўрфасида нефть ва газ бор, Жануби-Шарқий Осиёда юқори технология. Қисқаси, агар биргина Япония Россиянинг ОФКда кўришга қарши чиқса ҳам, конфедерация раҳбариятида савол туғилиши мумкин: «Нега 1та мамлакат учун мавжуд тузилмани бузишимиз керак?» Ҳар ҳолда, японларнинг мавқелари катта. Бунга «Тойота кубоги»нинг ўзи далил.
- Исроил ОФКда эди, аммо ҳарбий тўқнашувлардан сўнг Австралия|Океания орқали УЕФАга ўтди. Россиядан фарқли ўлароқ, Осиёга умуман алоқаси йўқ Австралия аксинча, ОФКга юзланди. Қозоғистон футболи эса УЕФАни танлади...
- Билишимча, собиқ иттифоқ парчалангач, ФИФА 15та республикага ҳам УЕФАга ўтишни тавсия қилган. Лекин Осиё ҳудудидан биргина Қозоғистон шу йўлни танлади, яна маълум вақтдан кейин. Ўзбекистон футболи эса УЕФАга ўтиш таклифини рад этди, буни аниқ биламан. Чунки Осиёда энг кучлиси бўлишга ишонч бор эди, раҳбарият дуч келган рақибни осонгина енгишни ўйлаган...
- Японияда профессионал лига 1992 йилдагина тузилган, Жанубий Корея чемпионатида эса иштирокчилар сони 1995 йилдагина 9та жамоага етган. Шундай паллада собиқ иттифоқ футболида тобланган кучли ижрочилар Осиё майдонида пайдо бўлишди, жумладан, Ўзбекистон термаси таркибида. Бироқ ғалаба қозониш вақти бой берилди. Тўғри, ўзбек футболи етакчилари - Пятницкий ва Кечинов Россия термасини танлашганди...
- Ҳа, собиқ иттифоқ футболидаги тажриба билан катта совринларга даъво қилишимиз мумкин эди. Аммо иккинчи томондан, Осиёда футбол ривожига муносабат ўзгариб улгурганди. Масалан, бизга футболни ривожлантириш доирасида «Мана, шарсимон тўп, бу билан футбол ўйналади» қабилида маъруза ўқийдиган инструкторларни юбора бошладилар. Лесгафт спорт институти ва Олий мураббийлар мактаби каби катта даргоҳларда таҳсил олган мураббийларнинг бунга қандай қарашганини тасаввур қила оласизми? Ҳакамлик ҳақидаги маърузалар ҳам деярли шундай эди: «Ҳуштак бор, 17 бандли қоида бор». Кўринишидан, ОФК штаб-квартираси жойлашган Малайзияда Ўзбекистонга паст назар билан қарашган. Биз эса бир-биримизга елка қисиб турганимизда, рақобатчилар анча олдинлаб кетишди…