РАКУРС: Ёғдусини йўқотган юлдуз

РАКУРС: Ёғдусини йўқотган юлдуз

2019 йилнинг ёзида «Реал» ўта муҳим трансферни амалга оширгандек бўлганди:

 Эден Азар Мадрид клубига ўтди, мухлислар бельгиялик юлдуздан ёрқин ўйин кута бошладилар. Бироқ умидлари пуч бўлиб чиқди. Тўрт мавсум давомида Эден 74та ўйинда майдонга тушди. Нима сабабдан шундай бўлди? Энг оддий ва тўғри жавоб - жароҳатлар. Мадриддаги тўрт йил ичида футболчи 18 марта жароҳат олди - «Челси»даги 7 йил ичида шикаст­ланишлар сони 12тага етганди.

Карло Анчелотти, Зайниддин Зидан ва Азарнинг ўзи буни омадсизликка йўйдилар. Лекин Жозе Моуриньо камчиликни футболчининг футболга муносабатида кўрганди: «Эден - жон куйдириб машқ қилмайдиган ажабланарли ўйинчи. Агар машғулотларга суперпрофессионал даражада муносабатда бўлганида кимга айланиши мумкинлигини фақат тасаввур қилиш мумкин. Ҳар куни эрталаб машғулотга келади, аммо ғайрат-шижоат билан ишламайди. У майдонга тушганида сиз ишнинг самарасини эмас, ноёб иқтидорнинг соясини кўрасиз. Ажабтовур ўйинчи».

Марко ван Бастеннинг нуқтаи-назари «беназир»никига яқин - у сўнгги ЖЧдан кейин ўзига бўлган талабчанликни пасайтириб юборган, деб ҳисоблайди: «Азар ЖЧ-2018 турниридан кейин тўхтаб қолди. Лекин ҳеч кимга айтмади, улар буни билмайдилар. У жуда ажойиб футболчи эди, энди тез-тез жароҳат олмоқда. Охир-оқибат, Эден ўзининг соясига айланди. Яқин ўтмишда жаҳон миқёсидаги иқтидор соҳиби ҳозир шубҳа-гумонлар гирдобида қолган: «Яна ниманидир уддалай оламанми?»

2022/2023 йиллар мавсумида бельгиялик футболчи икки марта жароҳат олди. Ёзда Marca унинг Мадридга идеал спорт формасида қайтганлиги, дастлабки машғулотдан кейин Анчелотти ундан мамнун бўлгани ва янги мавсумда етарли ўйин амалиёти беришини маълум қилганди. Бундан ташқари, мураббий Азардан Карим Бенземага дам олиш имкониятини яратишда фойдаланиш ниятида эди. Бироқ бу ўз тасдиғини топмади: франциялик жамоадоши жароҳат олганига қарамасдан, Эден жорий мавсумда бор-йўғи 324 дақиқа тўп сурди, таркибдан 39 марта жой олган бўлсада, атиги 8 марта майдонга тушди. «Челси»даги энг паст натижаси - 64,1 фоиз, «Реал»даги энг юқори натижаси - дебют мавсумидаги ўйин дақиқалари. 18000 дақиқалик ўйин амалиётининг атиги 3600 дақиқасида тўп сурди. Лекин 125 млн. еврони қуртдек санаб олди - ишончли агрегатор Capologyнинг маълумотига кўра, йилига 31,25 млн. евродан.

• Боз устига, биз шартномада зикр этилган қўшимча бонусларни инобатга олганимиз йўқ - масалан, «Челси» «Реал»нинг 2021/2022 йиллар мавсумида қўлга киритган ЕЧЛдаги ғалабаси учун олган мукофот пулидан 15 млн. евро чўтал олди. Ваҳоланки, Азар мазкур турнирда ҳаммаси бўлиб 84 дақиқа тўп сурганди!.

• L~Equipe маълумотига биноан, Азар - Ла Лиганинг энг кўп маош оладиган ўйинчиси: солиқлар билан ҳисоблаганда, йилига 27 млн. евро олади. Иккинчи ўриндаги Лавендовскининг иш ҳақи - 26 «лимон». Эҳтимол, пандемия оқибатларининг таъсири эвазига, кўрсаткичлар бир оз фарқли бўлгандир: Capology рейтинги бўйича етакчи бўлган Бускетс ва Де Йонг ўз маошларининг қисқартирилишига рози бўлдилар.

• Азарнинг Мадриддаги фаолиятига оид асосий якун - расмий классиконинг бирорта учрашувида майдонга тушмаган. Дебютант юлдуз учун ўта ачинарли кўрсаткич.

Эден фақат бир марта - жорий мавсум арафасидаги «Барса»га қарши ўртоқлик учрашувида Бензема ўрнини тўлдирганди. Апрель ойининг аввалида бельгиялик футболчи охирги 3 ой ичида илк марта, жамоа «Вальядолид» устидан 4:0 ҳисобида зафар қучаётган паллада майдонга тушди ва ҳатто самарали узатма муаллифи бўлишга ҳам улгурди. Лекин унинг майдонга тушаётган пайтдаги ҳаракатлари муҳимроқ. Эгнидаги машғулотлар пайтида киядиган либосини Лука Модрич кўмаги билан алмаштирди.

Март ойида Эден Карло Анчелотти билан гаплашмай қўйганлигини тан олди: «Ўртамизда ўзаро ҳурмат бор. Лекин бир,биримиз билан гаплашиб турамиз, дея олмайман. Ўзаро ҳурматимиз эса доимо бўлади. ҳатто у мени майдонга туширмай қўйган бўлсада, мен доимо ўйин ҳақида ўйлайман. Шу сабабли, кетиш фикридан йироқман. Чунки жамоага фойдам тегиши мумкинлигини сезиб турибман».

Жамоадошлари Эден билан ҳамфикрлар. Relevoнинг маълумотига кўра, улар бельгиялик жамоадошларини жуда ҳурмат қиладилар, спорт формасини тезроқ тиклаб олишини истайдилар: фахрий футболчилар мураббийдан Азарга ўйин имконияти беришини илтимос қилдилар. Анчелотти эса Эден жамоадаги юқори рақобат туфайли майдонга туша олмаётганини тушунтирди - масалан, унинг позициясида ҳозир Винисиус ёрқин ўйин намойиш этмоқда.

Ўз ўйинини топа олмаётган юлдузнинг амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Дарвоқе, дон Карлонинг шартномаси ҳам шу муддатда ниҳоясига етади. Агар қандайдир кутилмаган воқеа юз бермаса, Азар кетиш ҳақида ўйлаб кўришга мажбур бўлади.

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади