Суперлига 9-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» - «Пахтакор» ўйини (1:1)да чемпионатимиз учун навбатдаги тарихий воқелик қайд этилди.
Саудия Арабистонида ташкиллаштирилган ОЧЛ гуруҳ босқичи учрашувида жароҳатланиб, турнирда «шерлар»га тўлақонли ёрдам беролмаган Драган Черан сафга қайтишини гол билан нишонлади. Яъни 66-дақиқада майдонга тушган сербиялик голеадор ўйин якунида ҳисобни очди (тўғри, пойтахтликлар сўнгги лаҳзада пенальтидан гол қўйиб юбориб, ғалабани қўлдан чиқаришди). Чераннинг голи эса унинг учун Ўзбекистон чемпионати элит лигасидаги юбилей - юзинчиси бўлди! У бу маррани юртимиздаги фаолиятининг 7-йили забт этди.
Ҳа, матбуотда олдинроқ Чераннинг 100та гол маррасига етгани ҳақида хабар берилган эди, лекин журналистлар бу масалада бироз шошилишган. Ҳаммаси сербиялик ҳужумчининг голларини ҳисоблашдаги кичик бир хатолик ортидан юзага келди. Гап шундаки, 2020 йилги мавсум статистикасида Драган ҳисобига 21та гол ҳисобланган. Аслида бу нотўғри. Ўша мавсум чемпионати сарҳисобида хато туфайли сербиялик легионер номига 1та ортиқча гол ёзилган. Гап «Пахтакор»нинг «Сурхон» майдонидаги ўйинида урилган гол ҳақида кетмоқда. Чемпионат якунида «ИнтерФутбол» нашрида Чераннинг 20та гол ургани қайд этилган ва бу тўғри.
Энди Қўқондаги тарихий воқеликка келсак, Драган Черан миллий чемпионатимиз элит лигасида 100та гол маррасига етган иккинчи легионер бўлди. Маълумот учун, 100та гол довонидан ошган дастлабки хорижлик футболчи - бу туркманистонлик ярим ҳимоячи Артур Геворкян. У юбилей 100-голини 2018 йили «Қизилқум» сафида нишонлаганди. Аниқроқ айтсак, Артур 24 июль куни Фарғонада «Нефтчи»га қарши кечган баҳсда ягона голга муаллифлик қилиб, Навоий жамоасига ғалаба тақдим этганди. Қисқаси, Геворкяннинг юбилей голи жамоасига ғалаба келтирган Драган Черанникидан фарқли ўлароқ. Лекин сербияликда шу мавсумнинг ўзида Ўзбекистон чемпионатида энг кўп гол урган хорижлик бўлиб олиш имконияти етарли. Чунончи, у 10-турда «Локомотив» дарвозасини ҳам нишонга олиш асносида иккинчи 100таликни ҳам «майдалаш»га тушди. Геворкян эса 106та гол маррасида тўхтаган. Демак, Черан яна 5та гол урса, пешқадамга етиб олади.
Умуман олганда, Ўзбекистон чемпионати элит лигаси тарихида 500 нафардан ортиқ легионер ўйнаган бўлса, улардан атиги 58 нафарига 10та гол маррасидан ўтиш насиб этган, холос. Ҳозирда Геворкян ва Чераннинг пешқадамлиги дахлсиз. Ҳар ҳолда, легионер тўпурарлар рўйхатида 3-бўлиб турган тожикистонлик Зокир Бердиқулов ҳисобида 60та гол бор, холос.
Ўзбекистон чемпионати элит лигасида 20та гол маррасига етган легионерлар
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан
харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг
«А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.