ТАФСИЛОТ: Алангага айланган учқун

ТАФСИЛОТ:  Алангага айланган учқун

АҚШ терма жамоаси бош мураббийи Грегг Берхалтер Қатарда ҳужумчи Жованни Рейнага захира ўйинчиси ролини раво кўрганди.

 Энди шу можаро туфайли ўз лавозимидан вақтинча четлатилди. Футболчини самолётда Қатардан қайтариб юборишларига «бир баҳя» қолганини эсладингизми? Ўша воқеа улкан можарога айланиб, бош мураббийнинг 31 йил аввалги маиший зўравонлиги ошкор бўлди.

Маълум бўлишича, 1991 йилда Грегг ўзининг бўлажак рафиқасининг оёғига тепган экан. Бу ҳозир миш-миш эмас, тасдиқланган ахборот - уни эр-хотин Берхалтерлар айтиб беришди. Ўша нохушликдан кейин, улар тезда ярашиб олишган, турмуш қуришган ва биргаликда бахтиёр ҳаёт кечиришмоқда.

31 йил аввалги воқеанинг ошкор бўлиш тарихи ажабланарли: Уни Жио Рейнанинг ота-онаси мураббий ЖЧда ўғиллари билан яхши муносабатда бўлмагани учун фош этишди. Ҳужумчининг отаси Клаудио Рейна - АҚШ терма жамоасининг афсонаси, онаси 1991 йилда мураббий тепган (кейин уйланиб олган) қизнинг ҳамхонаси эди.

Қатар мундиалига йўл олиш арафасида Грегг Берхалтерга жамоани ЖЧ-2026га пухта тайёрлаш вазифаси юклатилганди. Энди юз берган жанжал сабабли, унинг кейинги фаолияти сўроқ остида қолмоқда.

Можаронинг муҳокамаси узоққа чўзиладиган кўринади. Биз унинг келиб чиқиш сабабларига тўхталиб ўтамиз.

Терма жамоа мураббийи Рейнага чекланган роль ажратгач, футболчи дарғазаб бўлиб, машғулотда барча қатори шуғулланмай қўйди. Келишмовчиликнинг асосий сабаби шу.

Қатарда Жио 52 дақиқа ўйнади. Лекин умуман олганда, унинг плей-офф босқичига етиб келишини омадга йўйиш мумкин. Можаро ОАВга етиб борди: Жованни машғулотларга ёмон муносабатда бўлгани учун, уни Қатардан уйга қайтармоқчи бўлишди.

Вазиятни тушунтириш пайтида Берхалтер номларни тилга олмаган бўлсада, жамоада сезиларли ўзгариш юз берганлигини тан олди:

«Соатлаб ўтирган ҳолда, уни нима қилиш хусусида бош қотирдик. Вазият шунчалик жиддий эдики, биз у учун чипта харид қилишга тайёр эдик. Охир-оқибат, яна бир марта гаплашиш керак, деган қарорга келдик ва унга жамоадан узр сўраши кераклигини, сўраганда ҳам шунчаки, «йигитлар, кечиринглар» деб эмас, нима учун эканлигини ҳам айтишини сўрадик. Тўғри йўлни танлаган эканмиз - узр сўраганидан кейин ҳар бир футболчи ўрнидан туриб, шундай деди: «қулоқ сол, айтганларинг етарли эмас, сен жамоадошимиз сифатида ишончни оқлай олмадинг. Биз ўзгаришни кўришни истаймиз».

Табиийки, гап Рейна хусусида эди, сабаби эса унинг ўта суст, ҳатто ажабтовур таассурот қолдиргани бўлди. У ЖЧ стартидан 4 кун аввалги ўртоқлик учрашувида ҳам, Уэльсга қарши ўйин арафасидаги машғулотда ҳам ўзига ўхшамасди. Жамоадошларининг гап-сўзларидан икки хил фикрга келиш мумкин: Жио жароҳат олмаслик мақсадида ўзини авайлаяпти ёки бошланғич таркибга киритилмагани учун қаттиқ хафа бўлган.

Маълум бўлишича, ҳаммасига Рейнанинг ЖЧдаги роли сабаб бўлган: Уэльсга қарши ўйинда ҳатто захирадан майдонга тушмаслиги аниқ бўлгач, у жаҳл билан ҳимоя қалқонини улоқтирди, эртасига машғулотни майнабозчилик билан ўтказди. ESPN хабарига кўра, жамоа Рейна бўйича овоз берган. Натижа: 13-12 ҳужумчи Қатарда жамоа билан қолишини истаганлар фойдасига. Ҳа, қарор демократик бўлди, аммо жамоанинг қарийб ярми қарши овоз берганига нима дейсиз.

Рейнаннинг ўзи ижтимоий тармоқ орқали терма жамоада фақат у муаммога дуч келганини тасдиқлади:

«Мундиал арафасида Берхалтер менга чекланган роль ажратганини айтди. Мен ҳайрон бўлдим. Чунки бор куч,қувватимни ўйинга сарфлардим. Футбол - менинг ҳаётим. ЖЧда иқтидорли жамоамга сезиларли ёрдам бериш ва у билан имкон қадар узоқроққа боришни орзу қилгандим».

Якунда рўёбга чиқмаган истак ва эҳтирослар нафратга айланди. Бироқ қатардаги нохушлик кейин юзага келган можаро олдида ҳеч нарса эмас.

Катта Рейна хафа бўлди, рафиқаси Берхалтернинг ёшликдаги номаъқул ҳаракатини ФФга етказди.

Жованнининг аянчли ҳолати табиийки, отаси - терма жамоада 112та учрашув ўтказган Клаудио Рейнани қаттиқ ранжитди. У рафиқаси Даниэлла билан ишга киришди. Жионинг онаси АҚШ ФФга мурожаат қилиб, Грегг Берхалтернинг бўлажак турмуш ўртоғига ўтказган зуғуми ҳақида хабар берди.

Даниэлла 1991 йилда Греггнинг қайлиғи билан битта хонада яшарди. «Оилаларимиз жуда аҳил эди. Биз яқин дўстлар эдик. Баъзан Жиога қараб, ўзимни майдонда юргандек ҳис этардим», - деганди мураббий.

Аввалига миш-мишлар пайдо бўлди, ФФга юборилган хабарни аноним сифатида қабул қилишди. Берхалтерлар эса вақтлироқ отни қамчилашга қарор қилишди ва ўша воқеани баён этишди.

«Розалинд билан танишганимда, мен 18 ёшда эдим ва коллежнинг 1-курсида ўқирдим. Бир куни ўртамизда қизғин тортишув юзага келди. Бардаги баҳс кўчада давом этди. ўшанда унинг оёғига тепгандим», - деб ёзди Грегг.

Тез орада Грегг ва Розалинд ярашиб олишди, кейинчалик турмуш қуришди ва 4 нафар фарзандни тарбиялашмоқда. Яқинда никоҳ тўйларининг 25 йиллигини нишонладилар.

Даниэлла ўз ҳаракатлари шантаж эмаслигини таъкидлади.

Клаудионинг рафиқаси ва Жионинг онаси федерацияга қўнғироқ қилганини тан олди ва бу шантаж эмаслигини таъкидлади: «Эрни Стюартни (АҚШ ФФ спорт директори) анчадан бери биламан ва уни яқин дўстим деб ҳисоблайман. Мен унга Жионинг аянчли ҳолатга тушиб қолгани, оиламизнинг узоқ йиллик яқин дўстининг ўғлимга муносабатидан қаттиқ хафа бўлганимни айтмоқчи эдим.

Мулоқот пайтида Жио узр сўраганидан кейин ҳам таҳқирдан халос бўлмагани адолатсизлик эканлигини Эрнига айтдим. Розалинд Берхалтер менинг ҳамхонам, жамоадошим ва яқин дугонам эди. Ўша воқеадан кейин уни Греггни кечиришга даъват этдим. Турмуш қуришганидан кейин улар ва фарзандларини оилам аъзоларидек қабул қилдим. Улар Жиога ҳам шундай муносабатда бўладилар, деб ўйлагандим».

Афтидан, оилавий дўстлик барбод бўлгандек. 1991 йилдаги нохуш воқеа шу пайтгача кўпчилик учун мавҳум эди. Унинг фош этилгани Берхалтернинг нуфузига путур етказиши аниқ. Балки фаолиятига ҳам таъсир этиши мумкин.

Грегг ва Розалинд Берхалтерлар ФФ билан доимий алоқадалар, можарони кўриб чиқиш учун ҳуқуқшуносларни ёллашди.

Берхалтер вақтинча ўз лавозимидан четлатилди, бу ёғига терма жамоани унинг ёрдамчиси Энтони Хадсон бошқаради. 25 январда АҚШ терма жамоаси Сербия билан ўртоқлик учрашувини ўтказади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади