Ортда қолган ҳафтада бу тошқин том маънодаги довулга айланди ва Винисиус Жуниорни уммон қирғоғига улоқтирди. Не тонгки, «Олтин тўп» тошқини бразилиялик ёвқур вингерни эмас, балки хотиржам Родрини ғолиблик шоҳсупасига олиб чиқиб қўйди. Ажаб ҳайратлардан донг қотди футбол дунёси. «Олтин тўп»ни нишонлашга Винисиус Жуниор қалбида бразилча тошқин турди. Родри ва Винисиусдаги совринларни бир ўзида мужассам этган Дани Карвахаль эса бу талатўпни жимгина кузатди...
Нималар бўляпти ўзи France Football томонларда? Буни аниқ билмаймиз. Нималарнидир фаҳмлагандек бўламиз-у, тахминлардан нарига ўтолмаймиз. Одатда, уммонда турган тошқин ва довуллар сабабини инсон тафаккури ҳар доим ҳам аниқ илғайвермайди. Илғамасада, тошқин ва довуллардан жабр чека-чека ўзини кўпроқ англайди, ўзгаришларга юз буради. Балки шунинг учундир, Испаниядаги сув тошқинларидан сўнг «Каталония дербиси»дан аввал жамоатчилик қурбонлар хотираси учун бир дақиқа сукут сақлади. Фақат мазкур дербида мухлислар кутган тошқин рўй бермади. Ҳар икки жамоа аслида сокин ўйнади. «Барселона» ҳам, «Эспаньол» ҳам 4тадан гол урган бўлса-да, учрашув 3:1 ҳисобида Ханс-Дитер Флик жамоаси ғалабаси билан тугади.
Жума куни футбол оламидаги тошқин ногаҳон Ўзбекистон Суперлигасига ҳам кўчди. Чоғроққина «Дўстлик» стадионида чинакамига тилло тошқин кузатилди. Чемпионликни кутиб чарчамаган «Насаф» алал-оқибат, ниятига етди. Ўша лаҳзаларни эҳтимол, шеърий шаклда ифодалаган маъқулроқдир:
Бир ён қатор кубоклар,
Суперкубок ҳам бир ён.
Ҳаммасин босиб кетар,
Бўлсанг агар чемпион.
Дейди доно халқимиз:
«Тоқатнинг таги олтин».
«Насаф» қамчилаб қолди,
Бу мавсум зафар отин.
Келди кутилган онлар,
Бердиев бўлди мамнун.
Қаранг, ҳатто рақиблар
Бўлмади узоқ маҳзун.
Чемпион номи янги,
Бу - «аждарлар», бу - «Насаф»!
Адолат қарор топди,
Ғолибларга шон-шараф!
«Насаф»нинг чемпионлигидан нафақат қашқадарёлик мухлислар, балки рақиб жамоалар тарафдорлари ҳам чинакамига қувонишди. Футбол ҳаётида камдан-кам учрайди бундай ҳодиса. Ўтган мавсум олтин медаль йўлида астойдил изланган ва мақсад сари бутун борлиғи билан интилган «Насаф», «Нефтчи», «Навбаҳор» охир-оқибат, бармоқ тишлаб қолаверганди улоқ яна «Пахтакор»да кетгач. Ўшанда фарғоналик мухлислар Суперлига грандларидан очколарни юлқиб олган ва ўз навбатида, ҳакамлар томонидан очколари тортиб олинган «Нефтчи»ни чемпион сифатида олқишлагандилар. Қашқадарёда ҳам шундай муҳит ҳукм сурганди. Чемпионлик учун курашаётган жамоаларга нисбатан адолатсиз қарорлар чиқарган ҳакамлар жазоланган бўлсалар-да, натижага таъсир ўтказолмайдиган бу қарорлар аламзада мухлислар тафтини босолмаган ва улар чемпион «Пахтакор»ни олқишламагандилар. Мухлислар ўртасидаги турли зиддиятли қарашлар қуршовида ўша чемпионлик «Пахтакор»га татиганми, татимаган - бу бизга қоронғу.
«Насаф»нинг олтин марраси эса жамоатчиликка бутунлай бошқача кайфият улашди. Тўғри, «Динамо»га қарши учрашувдаги пенальти кимлардадир шубҳа уйғотди. Лекин ўша зарбани Абдувоҳид Неъматов қойилмақом даражада амалга оширгач, ҳамма беихтиёр қарсак чалди. «Дўстлик» стадионидаги ўйинда эса ҳакам Иван Рогачга тўсатдан қизил карточка кўрсатганида, жамоатчилик яна бир қалқиб тушди. Аммо кейинчалик аёнлашдики, қарор қонун-қоидалар доирасида чиқарилган. Яна ҳам Аҳрор Рисқуллаевнинг асаби метин-мустаҳкам экан, унинг ўрнида Зайниддин Зидан бўлганидами, бир калла қўйиб, Иван Рогачни майдонга қулатарди. Аҳрор Рисқуллаев ўзбекона қулочкашлаб қулоқ чаккасига тушириб қолмагани учун «Локо» футболчиси минг-минг шукрона қилса бўлаверади. Қисқаси, ўша қизил карточка ҳам кўпчилик кайфиятини бузолмади ва Акмал Мозговойнинг мазза ва мукаммал голини қутлашдан ўзини тиёлмади. Ўша лаҳзада Пеле дея эркалатилса-да, 100 фоизли вазиятларни ҳам голга айлантиролмаган Бобур Абдухолиқовнинг хатолари унутилди. Чунки «Насаф» чемпион бўлди.
Жамоатчилик адолат қарор топишини истаётганди ва бу ният ниҳоят, рўёбга чиқди. Биз «Пахтакор», «Навбаҳор», «Нефтчи» мухлислари «Насаф» ишқибозларини чемпионлик рутбаси билан самимий табриклашганига гувоҳ бўлдик. Бунақа чемпионлик барчага ҳам насиб этавермайди. Барча ҳам бунақа чемпионлик учун «Насаф» каби сабр-тоқат билан олға бормайди. Насиб экан-да, Игорь Голбан «Насаф» чемпион бўлавермагач, олтин медаль орзусида бошқа жамоалар сари йўл олганди. Қаранг, у борган манзилларида чемпионлик орзусига етолмади. Голбаннинг ҳам, уни қабул қилган жамоаларнинг ҳам бу борада омади чопмади. Чемпионлик битиги пешонасига «Насаф» билан бирга ёзилиши керак экан-да. Тақдирни қарангки, Игорь шу мавсум «аждарлар» сафига қайтганди. Бобур Абдухолиқов ҳам у каби жорий мавсум Қозоғистондан Қаршига қайтгани учун ўзидан мамнун бўлаётгандир. Бу - тақдир! Тақдир ҳукми қошида бош эгиш, унинг синовларига бардош бериш осон бўлмади Рўзиқул Бердиевга ҳам. Ахир ўтган мавсум шундоққина кафтга қўнаётган чемпионлик қуши бирдан пир этиб, пойтахт томон учиб кетганида, у жуда оғир босим остида қолганди. Бошқа мураббий бўлганида, балки чопонини елкасига ташлаб, «Ҳай-я, ҳу», дея ўзга манзиллар сари йўлга отланармиди?! Бердиев эса барчасига чидади ва ўзининг, «Насаф»нинг зафарли онларини сабр билан кутди. Кутилган зафар марраси, орзудан ҳақиқатга айланган чемпионлик рутбаси муборак, «Насаф»! «ИнтерФутбол» газетаси таҳририяти мухлислар номидан зафар шодиёнаси билан Қашқадарё аҳлини самимий қутлайди!
Ўзбекистон кубоги соҳиби, Суперлига чемпиони аниқ бўлиб улгурганига қарамай, турнир жадвалидаги вазият аввалгидан-да таранглашди. Бир йўла 5та жамоа 2-3-ўринлар учун курашга отланди. Мавсум якунида «Навбаҳор» ва «Нефтчи»нинг ҳам иштаҳаси очилди, водийнинг ҳар икки жамоаси ОКМК, «Пахтакор» ҳамда «Сўғдиёна»га совринли ўринлар учун курашда жиддий хавф солмоқда. Олдинда яна 3та тур борлигини ҳисобга олиб, боз устига, 24-турнинг ўзидаёқ мухлисларни «Навбаҳор» - «Пахтакор», «Сурхон» - «Нефтчи», «Насаф» - «Сўғдиёна» учрашувлари кутаётганини назарда тутиб, турнир жадвалидаги таранглик яна қай даражада ошиб кетишини тасаввур қилаверинг.
Ҳа, рақобат ўта қизғин, жамоаларда ғалабага ташналик жуда кучли. Афсуски, ўйин сифати ва футболчилар савияси бобида илиқ сўзлар айтиш қийин. Аввалги мақоламизда ҳам бу хусусда сўз очиб, тажрибали футболчилар маҳорат бобида ёшларга ютқазишаётганини таъкидлагандик. Ортда қолган тур учрашувларида кузатилган воқеликлар ҳам ўша мулоҳазалар тўғрилигини яна бир бор исботлади. Мақолаларимизда бир неча бор эътибор қаратилган ёш ва истеъдодли Абдуғафур Ҳайдаров «хет-трик»ка эришгани, фикримизча, ўзларини маҳоратли санайдиган тажрибали футболчиларга ўзига хос саломдир. Легионер тўпурар ҳужумчилар ҳаракатлари фонида бу каби салом биз учун тансиқ ва завқлидир, албатта.
Муҳаммад ВАЛИ