Уилшер бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилган. «Бугун мен профессионал футболдан кетганимни эълон қиламан. Фаолиятим мен учун ажойиб саргузаштдек ўтди. Футбол ўйнаб, ўз орзумни амалга оширдим. Барчага раҳмат», - дея ёзган англиялик собиқ ярим ҳимоячи. «Арсенал»даги ўйинлари билан танилган Жек 2008 йилда, 16 ёшидаёқ лондонликлар асосий таркибида дебютини нишонлаган. У шунингдек, «Борнмут», «Вест Ҳэм» ва «Болтон» клублари сафида тўп сурди. Уилшернинг сўнгги клуби Даниянинг «Орхус» жамоаси бўлди. Жек Англия миллий жамоаси сафида 34 ўйинда майдонга тушган.